Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тармоқларнинг сўнгги кунлари...

Ижтимоий тармоқларнинг сўнгги кунлари...

Фото: Сунъий интеллект

Эсингиздами, Facebook айни гуриллаган 2015-2020 йиллар? Ўшанда одамлар ижтимоий тармоқларда кўпроқ туғилган кунлар, оилавий давралар, саёҳатлар, дўстлар билан учрашувлар ҳақида ёзар, жамиятда содир бўлаётган воқеаларни муҳокама қиларди. Кимдир фарзандининг ютуғидан қувониб сурат жойлар, бошқаси бирор воқеага муносабат билдирарди. Қисқаси, ижтимоий тармоқларда одамларнинг ўз ҳаёти ва атрофидаги воқелик акс этарди.

Бироқ вақт ўтиши билан ижтимоий тармоқларнинг вазифаси ҳам ўзгара бошлади. Бугун уларда одамларнинг ҳаёти акс этган оддий постлар билан бир қаторда сунъий интеллект яратган тасвирлар, сохта аккаунтлар, такрорланаверадиган видеолар ва эътиборни жалб қилишга мўлжалланган турли контентлар кўпайди.

Noema нашрида эълон қилинган «Ижтимоий тармоқларнинг сўнгги кунлари» мақоласи айнан шу ўзгаришлар ҳақида. Муаллиф, Корк университетининг инглиз тили ва рақамли гуманитар фанлар йўналиши ўқитувчиси Жеймс О’Салливан ижтимоий тармоқларнинг биз яхши билган модели инқирозга юз тутаётганини таъкидлайди. У сарлавҳада таъкидлаганидек, ижтимоий тармоқлар бутунлай йўқолиб кетишини назарда тутмайди, балки гап платформаларнинг қандай ишлаши, одамлар билан қандай муносабат ўрнатиши ва фойдаланувчининг диққатидан қандай фойдаланишидаги ўзгаришлар ҳақида кетмоқда.

Одамлар ўрнини контент эгаллаганда...

Муаллифнинг фикрича, бугун ижтимоий тармоқларда одамлардан кўра контент, яъни сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган постлар, сохта тасвирлар, шубҳали хабарлар ва сизни ҳавола устига босишга ундайдиган сарлавҳалар кўпаймоқда. Баъзи материаллар бир-биридан шу қадар кам фарқ қиладики, уларни турли аккаунтлар тарқатаётганини ҳам пайқаш қийин. Муаммо нафақат сохта материалларнинг кўпайиши, балки контекстнинг сунъийлашиши ва ранглар, шовқинларга бўлган иштиёқимиз қондирилгани, ҳақиқат энди аҳамиятсиз эканлигини қабул қилишдадир. Замонавий ижтимоий медиа контенти кўпинча маданий хотирадан, шахслараро алмашинувдан ёки умумий суҳбатдан узилган. Баъзан одамлар воқеанинг ўзидан кўра, уни ижтимоий тармоқда қандай кўрсатиш ҳақида ҳам ўйлайди. Тўй, саёҳат ёки оилавий учрашув нафақат яқинлар билан ўтказиладиган воқеа, балки тасвирга олиниб, монтаж қилиниб, кўпчиликка намойиш этиладиган материалга айланмоқда. «Ижтимоий медиа тўлиқ шаклланган бўлса-да маъносиз, ўзига хос семантик лойқаликни, тилга ўхшаб кўринадиган, аммо деярли ҳеч нарса демайдиган постларни яратади. Биз бу йўқликда чўкиб кетяпмиз»,  дейди муаллиф.

Инсонми ёки бот?

Авваллари бирор раҳбар ёки ташкилот ҳақида танқидий хабар чиқса, унинг остида дарҳол мақтовга тўла изоҳлар пайдо бўларди. Бир неча «ўзининг одами» кириб, раҳбарнинг яхши ишларини санаб кетар, танқидчилар билан баҳслашарди. Ўша пайтларда бундай фойдаланувчиларни кўпроқ троллар деб аташарди. Бугун эса бу вазифани маълум маънода ботлар ва мувофиқлаштирилган сохта аккаунтлар ҳам бажармоқда. Улар бир хил мазмундаги фикрларни тарқатиши, изоҳлар остида сунъий равишда қўллаб-қувватлаш кайфиятини яратиши мумкин. Натижада ўқувчи кўпчилик шу фикрда экан, деган таассуротга бориши эҳтимол. Бундай аккаунтларнинг ҳаммаси бир хил эмас, айримлари ҳақиқий одамлар томонидан бошқарилади, бошқалари сохта ёки сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкин. Уларнинг умумий жиҳати шундаки фойдаланувчининг эътибори ва қизиқишидан даромад олишга интилиш.

Бу жараёнда яна бир қизиқ ҳолат юзага келмоқда: ботлар одамларга ўхшашга ҳаракат қилса, одамлар ҳам ботлар каби ишлашга мажбур бўляпти. Яъни контент яратувчилар кўпроқ кўриниш учун постларини алгоритм талабларига мослаштиради, изоҳларга автоматик жавоблар тайёрлайди, аудитория билан муносабатни ҳам муайян бошқарув асосида йўлга қўяди.

Натижада инсоннинг самимий муносабати билан олдиндан режалаштирилган мулоқот ўртасидаги фарқни англаш қийинлашади. Биз ким билан гаплашаётганимизни, унинг ёзган фикри ортида ҳақиқий қизиқиш бор-йўқлигини ҳар доим ҳам била олмаймиз.

Эътибор кўп, мулоқот кам

Муаллиф ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ва ишонч кўрсаткичларига ҳам мурожаат қилади. У 2025 йилда келтирган маълумотларида Facebook ва X платформаларидаги ўртача ўзаро таъсир кўрсаткичи 0,15 фоиз атрофида экани, Instagram да эса бу кўрсаткич бир йил ичида 24 фоизга пасайганини қайд этади. TikTokда ҳам ўсиш суръати секинлашган. Бугун кўпчилик ижтимоий тармоққа кириб, тасмани узоқ вақт айлантиради. Бироқ бу жараён доим ҳам маълумот олиш ёки ким биландир гаплашиш эҳтиёжидан келиб чиқмайди. Баъзан одам зерикканидан, дам олиш учун ёки шунчаки одат бўлиб қолгани сабабли телефонни очади. Бир видеодан кейин иккинчиси, ундан кейин яна бири пайдо бўлади. Вақт ўтганини сезмай қолиш ҳам мумкин. О’Салливан бу ҳолатни инсон диққатининг иқтисодий ресурсга айланиши билан боғлайди. Платформалар учун фойдаланувчининг қанча вақт қолиши, нимани кўриши, нимани босиши ва қандай реакция билдириши муҳим. Чунки айнан шу маълумотлар реклама ва даромад тизимининг асосини ташкил қилади.

Диққатдан чарчоққа

Ижтимоий тармоқлар  йигирма йилдан сўнг одамларда чарчоқни келтириб чиқара бошлади.  «Интернет детокси» ва «рақамли кун» деган атамалар пайдо бўлди. Aмерика Психиатрия Aссоциациясининг сўровига кўра, AҚШда 18 ёшдан 34 ёшгача бўлганларнинг катта қисми 2024 йилда ижтимоий тармоқлардан атайлаб танаффуслар қилишган ва руҳий саломатликни афзал кўришган. Шунга қарамай, платформаларда ўтказиладиган вақт юқорилигича қолмоқда, одамлар завқлангани учун эмас, балки қандай қилиб тўхташни билмаганлари учун саҳифаларни айлантирадилар.

Баъзи ижодкорлар ҳам аста-секин тармоқларни тарк этмоқдалар. Ҳеч қачон ухламайдиган сунъий интеллект билан рақобатлашишни бемаънилик деб билишади. Ахир энди сунъий интеллект чиройлироқ селфи яратиши мумкин бўлса, нега селфи жойлаштириш керак? ЧатГПТ матнни тезроқ яратиши мумкин бўлса, нега мияни ишлатиб узундан узоқ матн ёзиш керак?...

Ижтимоий тармоқдан чиқиб кетиш ҳамма учун осон эмас

Ижтимоий тармоқлардан чарчаган одамларга одатда телефонни четга қўйиш, бир муддат интернетдан узилиш ёки «рақамли парҳез» қилиш тавсия этилади. Аммо Жеймс О’Салливан бу ечим ҳамма учун бирдек ишламаслигига эътибор қаратади.

Чунки ижтимоий тармоқлар бугун фақат вақт ўтказиш воситаси эмас. Кимдир иш топиш учун LinkedInдан фойдаланади, тадбиркор ўз маҳсулотини Instagram орқали сотади, контент яратувчи даромадининг асосий қисмини ижтимоий тармоқдан олади. Ёшлар учун эса айрим платформалар тенгдошлари билан алоқада бўлиш ва уларнинг қизиқишларидан хабардор туриш воситасига айланган. Шундай вазиятда ижтимоий тармоқдан бутунлай воз кечиш инсонни маълум имкониятлардан маҳрум қилиши мумкин. Муаллиф буни рақамли ҳаётдан ўзини четга суриш, яъни «ўзини ўзи ижтимоий муҳитдан ажратиб қўйиш» хавфи сифатида кўради.

Демак, масала фақат инсоннинг иродаси ёки телефондан камроқ фойдаланишида эмас. Ижтимоий тармоқлар ҳаётнинг турли соҳаларига кириб борган шароитда одамларга улардан фойдаланишнинг бошқа, соғломроқ усуллари ҳам керак.  

Алгоритмни ким танлайди?

Муаллифнинг фикрича, ижтимоий тармоқлардаги асосий ўзгаришлардан бири фойдаланувчининг танлаш имкониятини кенгайтириш билан боғлиқ бўлиши керак. Ҳозир кўпчилик платформаларда одам нимани кўриши, қайси пост биринчи чиқиши ёки қайси видеонинг тавсия қилиниши асосан алгоритмлар орқали белгиланади. Фойдаланувчи тасмани очади ва унга платформа маъқул деб ҳисоблаган контент тақдим этилади.

Мутахассис эса одамларга алгоритмни ўзлари танлаш имконияти берилиши керак, деб ҳисоблайди. Масалан, кимдир фақат дўстлари ва яқинларининг постларини кўришни, бошқаси эса хабарларни жойлаштирилган вақти бўйича кузатишни исташи мумкин. Яна бир фойдаланувчи ўз ҳудудидаги воқеалар ёки муайян қизиқишларига оид материалларни биринчи ўринда кўришни хоҳлайди. Бундай танлов имконияти ижтимоий тармоқларнинг инсон эҳтиёжларига кўпроқ мослашишига ёрдам бериши мумкин. Муаллиф буни яширин созлама эмас, балки фойдаланувчининг ҳуқуқи сифатида кўриш лозимлигини таъкидлайди. У, шунингдек, Are.na каби рекламасиз, алгоритмик тасма ва чексиз айлантириш механизмига таянмайдиган платформани мисол келтиради. Бундай муҳитда мақсад фойдаланувчини имкон қадар узоқроқ ушлаб туриш эмас, балки ғоя ва ижодий материалларни тўплаш, улар ўртасида боғлиқлик топиш ва фикр алмашишдир

Ижтимоий тармоқлар жамият олдида ҳам масъул бўлиши керак

Муаллиф платформалар фаолияти очиқроқ бўлиши, алгоритмлар қандай ишлаши ҳақида фойдаланувчиларга тушунарли маълумот берилиши ва уларнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши кераклигини айтади. Унинг фикрича, ижтимоий тармоқлар фақат реклама даромади ва фойдаланувчилар сонини оширишга эмас, жамоат манфаатига ҳам хизмат қилиши лозим. Бу борада Европа Иттифоқининг рақамли бозорлар ва рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунлари — Digital Markets Act ва Digital Services Act каби ҳужжатлар тилга олинади. Улар катта рақамли платформалар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг масъулияти ва шаффофлигини оширишга қаратилган.

Муаллиф маҳаллий жамоалар учун мўлжалланган рақамли платформалар, таълим ва ахборот алмашинувига хизмат қиладиган жамоат майдонлари ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқади. Масалан, кутубхоналар ёки таълим муассасалари билан боғлиқ рақамли муҳитлар одамларга тижорий манфаатлардан нисбатан мустақил ахборот майдонини тақдим этиши мумкин.

Албатта, бундай тизимлар ҳам хавфлардан холи эмас. Платформалар давлат назоратига ўтиб қолса, цензура ёки сиёсий таъсир воситасига айланиши мумкин. Шунинг учун муаллиф мустақил назорат, очиқлик ва жамоатчилик иштирокининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди.

Ижтимоий тармоқлар йўқолмайди, аммо ўзгариши керак

Жеймс О’Салливан мақоласида ижтимоий тармоқлардан бутунлай воз кечишга чақирмайди. Унинг асосий фикри, бугунги платформалар модели одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига тобора камроқ хизмат қилаётгани ва уни ўзгартириш зарурлигида.

Муаллиф таклиф қилаётган келажакда кичикроқ жамоалар, ишончли мулоқот, алгоритмларни танлаш ҳуқуқи, очиқлик ва рақамли саводхонлик муҳим ўрин тутади. Бунда асосий мезон лайклар, кўришлар ёки обуначилар сони эмас, балки одамлар ўртасидаги ишонч ва суҳбат сифати бўлиши лозим.

Ҳа биз билган ижтимоий медиа йўқолиб бормоқда, аммо биз унинг вайронгарчиликларига қўшилиб вайрон бўлишга маҳкум эмасмиз. Биз рақамли ўзаро таъсир учун яхшироқ, кичикроқ, секинроқ, мақсадлироқ ва масъулиятлироқ, алгоритмлар жамиятни ўзгартириш ўрнига унга хизмат қиладиган маконларни яратишга қодирмиз.

Ижтимоий тармоқларнинг сўнгги кунлари инсонийроқ воқеликнинг илк кунлари бўлиши мумкин. Биз бу тизимларни яратдик ва, албатта, яхшироқларини ҳам яратишимиз мумкин. Муаллиф бераётган савол шундаки, биз буни амалга оширамизми ёки чўкиб кетишда давом этамизми?

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг