Жамоат транспортида бир кун: 15 соат ичида нималар рўй берди?

Пойтахтда ҳаёт қозони узлуксиз қайнайди. Тонг ҳар ким учун турлича вақтда отади, хусусан, жамоат транспорти – автобуслар ва ходимларининг куни саҳар 4:00да бошланади. Улардан деярли ҳар куни фойдаланишимизга қарамай, жамоат транспорти ходимларини деярли пайқамаймиз, уларнинг иш, ҳаёт тарзи ҳақида тасаввурларимиз ҳам мавжуд эмас. Биз бугун куни билан жамоат транспорти ҳайдовчилари ва чиптачилари орасида бўлдик.

«Соат 5:50 да автобус саройидан йўлга чиқамиз»
Заҳро опа 19 йилдан буён 94-автобусда чиптачи сифатида ишлаб келади. Кунора 15-16 соатлик автобус ҳаёти турмуш тарзига айналиб кетган. Автобус ҳар куни соат 5:00да иш жойида бўлади, бошланадиган иш куни учун тайёр ҳолга келтирилади. 5:50да автобус саройидан йўлга чиқади. Бу жамоат транспорти ходимлари ишга ўз вақтида етиб кела олиши учун тахминан соат 4:00ларда уйқудан кўз очишлари кераклигини англатади. Ҳар кунлик бундай оғир тартибга дош бериш қийин бўлгани сабабли ходимлар навбатма-навбат кунора ишга чиқишади. Соат 6:00 бўлмай туриб илк йўловчилар ўз ўринларини эгаллай бошлайдилар. Фақат бир кун мустасно ҳолат рўй берди – илк йўловчи соат 5:45да ҳайдовчининг ёнидан ўз ўрнини эгаллади. Ва бу йўловчи мен эдим.
Автобусга чиқишим билан келишиб олдик: фақат позитивларни ёритмайман, имкон қадар мавжуд муаммоларни кўрсатиб бераман. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати ходимлари билан «Автомобилчилар куни»да бўлган суҳбатдан кейин Заҳро опада журналистларга бўлган ишонч бирмунча камайган эди. Сабаби Заҳро опанинг тасвирга олинган салкам 5 дақиқалик нутқидан (унда тизимда мавжуд муаммолар ҳақида ҳам сўз борган) атиги бир неча сониялари АЖ расмий телеграм каналида тақдим қилинган экан.
94-автобус, яъни бу экипаж аъзолари салкам чорак асрдан бери бирга фаолият юритадилар. Бир инсонга баъзан турмуш ўртоғи билан шунча вақт умр кўриш насиб қилмайди, деган фикр миямда айланиши ҳамоно ҳайдовчи Олим ака ҳам буни тасдиқладилар: «Баъзи эру хотинлар шунча вақт бирга яшай олмайдилар. Биз Заҳро опангиз билан бир-биримизни ҳаттоки сўзсиз тушунамиз. Бир оиладай бўлиб кетганмиз. Оилаларимиз бир-бирини яхши танийди, яқиндан борди-келдиларимиз бор».
«Ҳар хил томошаларга гувоҳ бўласиз ҳали…»
Қаҳратон совуқ ва иштиёқ ўти бир-бири билан аёвсиз жанг қилди танамда. Ҳамроҳларим кун охиригача етиб боришимга ишонмадилар, тўғриси, ўзим ҳам ўша пайтда бунга шубҳа қилаётган эдим. Максимал даражада иссиқ кийинишга ҳаракат қилганимга қарамай, совуқ мени эсанкиратиб қўяётган эди, айниқса, эшик ҳар очилиб ёпилганда бу жараён даҳшатлироқ тус оларди. Олдинда эса ҳали юзлаб шундай эшик очилиб ёпилиши бор. Ва ниҳоят илк йўловчилар автобус ўриндиқларини эгаллай бошладилар.
Заҳро опанинг сўзларига қараганда, фаолиятини бошлагандан бери айнан шу автобусдан фойдаланадиган йўловчилар бор. Улар бир-бири билан яқиндан таниш бўлиб улгуришган. Айрим йўловчилар борки, улар қачонлардир ота-оналарининг қучоғида ўтириб шу автобусда манзилларига етиб олишган, бугун эса уларнинг ўзлари ота-оналар ва ҳамон шу автобусдан фойдаланадилар. Автобусларда бўладиган кичик жанжалларга бир неча марта гувоҳ бўлганим сабабли бу ҳақида Заҳро опадан сўрадим. Улар ҳали томошанинг зўрларини кўрасиз, дея жавоб бердилар. Ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлди…
Бироз расмий чекиниш: қонунчиликда қандай ҳужжатлар бор?
Жамоат транспорти билан боғлиқ ҳолатларни тартибга солиш мақсадида «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида», «Автомобиль транспорти тўғрисида», «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бир нечта қарор, фармонлар қабул қилинган. Жамоат транспортига маст ҳолатда чиқишга йўл қўйилмайди, шунингдек, жамоат транспортида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик, чиқинди қолдириш ва чиптасиз юриш каби ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик тайинланган.
«Пул тўламай тушиб кетишади»
Айрим автобусларда маст ҳолдаги йўловчиларга дуч келганлигим сабабли бу ҳақида сўрадим. Олим аканинг айтишича, улар ҳеч қачон автобусга ўзини англамас даражадаги маст одамни чиқармайдилар. Улар ўз ишларини, қадрдон транспорт воситаларини ҳурмат қиладилар. Йўл бўйи бир қанча кўнгилсиз ҳодисаларга гувоҳ бўлдим. Бир йўловчи 94-автобус учун белгиланмаган бекатда тўхташдан бош тортгани учун салонни бошига кўтарди. «Ҳали шошмай турларинг» дея сенсираганча автобус давлат рақамини суратга олиш билан таҳдид қилиб тушиб кетди. Куннинг биринчи асаббузарлиги рўй берди деган гапимга «бу ҳали бошланиши», деб жавоб беришди.
Ҳақиқатан ҳам бу бошланиши эди, бироз ўтиб бир йўловчи текинга манзилига етиб олишни илтимос қилиб қолди. Илгари шу каби ҳолатлар рўй берса чиптачини қаҳри қаттиқликда айблардим. Бир марта қўйиб юборса, нима бўларди дердим. Лекин бу фикрим ўзгарди, сабаби кейинроқ.
Заҳро опанинг айтишларича, энг кўп муаммо талабалар билан содир бўлади. Бирининг талабалик гувоҳномасига муҳр босилмаган, бошқаси бундан бир неча йиллар илгари талабалик статусидан чиққан бўлса-да, гувоҳномасини «қурол» қилиб юрибди, яна бирининг ҳужжатида шахсини тасдиқловчи фотосурати йўқ. Кимдир эса ўзини талаба деб даъво қилади, лекин гувоҳномаси йўқ.
Орадан бирмунча вақт ўтиб бир талаба қиз Заҳро опа билан айтишиб кетди, онаси тенги аёл билан гаплашишда оддий муомала маданиятини унутгани учун у эмас, мен хижолат чекдим.
Бу йўллар, йўллар…
Совуқ ҳавода иссиқ кофе жонимизга бироз оро кирди, Заҳро опа ҳам, Олим ака ҳам бу шароитга аллақачон кўникиб кетган, кунлар -25 даражагача совиганда ҳам улар ўз вазифаларини сидқидилдан адо этган эдилар. Мен эса тезроқ қуёш чиқиб, исинишни кутар эдим. Автобус кўзимга бироз тартибсиз кўринди. Заҳро опанинг айтишича, автобуслар ҳар куни мунтазам тозаланади, аммо ҳозир кунлар совуқ бўлгани сабаб ички йўлак музлаб қолмаслиги учун бу интервал узайган. Олим аканинг айтишича, айни совуқ мавсумда қанчадан-қанча ҳайдовчилар, чиптачилар ишни ташлаб кетдилар, автобуслар музлаб қолди. Хусусан, биз бўлиб турган 94-автобус ҳам бир муддат музлаганча ўз саройида қолиб кетган. Йўловчилар бирин-кетин тушишда давом этаркан, Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида айни кўприк устида таъмирлаш ишларига дуч келдик. Заҳро опанинг сўзларига қараганда, бу йўллар бу қадар бузиб қайта тикланадиган даражада оғир аҳволда бўлмаган, бундан баттар йўллар Тошкент бўйлаб бир талай.
Тонг саҳар бўлгани учун таъмирлаш ишлари бизга у қадар халақит бермади. Лекин йўлда қатнов кўпаядиган соатларда шу ерда анча вақтимизни йўқотдик.
Нега йўқотдик дейилди?
Ҳар бир автобуснинг ўз бажарилиши керак бўлган маълум миқдордаги режаси бўлади. 94-автобус Ўрикзор-Аэропорт йўналишида жами 7 марта қатнаши, яъни 14 рейсни бажариши керак. Кунлик талаб шундай. Соат 20:00да мен чиққан автобус ишини якунлаши белгиланган. Яна белгиланганки, чиптачи ҳар куни 900 минг сўмлик планни бажариши, ҳисобчига шунча пул топшириши керак. Буни эшитиб нега автобус ҳайдовчилари айрим бекатларга тезроқ етиб боришни истаб тезликни оширишини, нега тирбандлик ҳолатларини бу қадар ёмон кўришини тушунгандай бўлдим. Чунки агар сиз белгиланган суммани тўплай олмасангиз, ё маошингиз қисқаради, ё ёнингиздан тўлайсиз. Бундан ташқари, 94-автобус мисолида оладиган бўлсак, сиз 14 рейс юрсангиз ҳам, кўприкдаги таъмир каби ҳолатлар сабаб тирбандликда қолиб кетиб 10 рейс юрсангиз ҳам, шу белгиланган маблағни топширасиз. Белгиланган пунктларда ҳар бир рейс вақти, келиш вақти рўйхатга олинади. Ҳамма йўловчилар тушади ва янги йўловчиларни кутиб оламиз.
«Тушлик»ка қаерда ўтирамиз?»
Кун анча исиб қолган, бир тарафдан уйқу босар, бир тарафдан қорин очлиги безовта қиларди. Тонг саҳар йўлга чиққанимиздан буён туз тотмагандик. «Тушлик»ни қаерда қиламиз дея берган саволимга кулиб юборишди. Тўғри, ходимларга овқатланиш учун вақт ажратилади. Лекин бу вақтни одатда улар эмас, мен юқорида таъкидлаган «пробка»лар еб юборади.
Биз эса Ўрикзор бозоридаги бекатда жойлашган сомсахонанинг сомса ва кофеси, кейинроқ эса бозорнинг мазали жавдар нони билан кифояландик.
Аралаш таассуротлар
Барибир уйқу енгди, қоринни тўйғизиб олгач уйдагилар йўлга олиб чиқиб берган ёпинчиққа ўраниб бир неча марта қисқа-қисқа муддатга ухлаб олдим.
Автобус у қадар яхши иситилмаган, фақат орқа ўриндиқлардан бирининг пастги қисмига иссиқ ҳаво пурковчи иситгич ўрнатилганди. Бир неча маротаба шу ерга бориб исиниб келдим.
Ҳамма автобусларда иситиш тизими бўлади, лекин карантин даврида бизнинг автобуснинг иситиш тизими аппарати изсиз йўқолган экан. Ҳайдовчи эса бутун бошли автобуснинг иситиш тизимини ўз ҳисобидан молиялаш даражасида эмас, ахир кунлик 900 минг сўмлик довонлар ҳам бор. Аномал совуқ кунларда, ҳамма уйда ўтирган пайтларда ўз ҳисобидан қопланган «план»лар ҳам анчага бориб қолади.
94 автобуснинг доимий мижозлари мени ходимлардан бирининг фарзанди деб ўйлаганини эсласам юзимга табассум югуради.
Заҳро опадан одам камроқ пайти сизнинг ўрнингизга чиптачилик қилсам майлими, дея сўраганимда қарши эмасликларини билдирди. Аммо негадир бунга ботина олмадим. Аммо, шундай бўлса-да, олд эшикдан тушиб кетадиган йўловчиларнинг айримлари йўл пулини менга бериб кетишди.
Реклама
Журналист сифатида жамоат транспортларига ўрнатилган мониторлардаги рекламалар, уларнинг матнларида йўл қўйилган хатолар доим эътиборимни тортади. Сафарим давомида йўловчи сифатида ҳам, ходим сифатида ҳам бу рекламалар анчагина асаббузарликларга сабаб бўлишига гувоҳ бўлдим. Рекламалар овозини назорат қилиш имкони мавжуд эмас, афсуски. Уларнинг баъзиларида товушлар шу қадар баланд янграйдики, бу ҳайдовчини ҳам, йўловчиларни ҳам чалғитади, чўчитиб юборади, хуллас, ёқимсиз ҳисларга сабаб бўлади.
Уйга қайтиш
Соат 14:00 дан кейин вақт анча тез ўтди. Ёки мавжуд шароитга кўникиб қолдим. Сафаримиз давомида охиригача улар билан қолишимга шубҳа қилган ҳамроҳларим сабримга қойил қолишди. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам.
Автобусда яна кун бошида бўлгани каби ҳеч ким қолмади. 14 рейсдан, афсуски, фақат 11 тасини бажара олдик. Олим аканинг сўзларига кўра, иш вақти тугагач, улар газ тўлдириш шохобчаларига йўл оладилар. Баъзан навбат кутиб ярим кечасигача қолиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Ҳа, яна бир жиҳати, агар сиз қандайдир сабабларга кўра белгилангандан кўпроқ газ ёқсангиз, фарқ суммасини ўз ҳисобингиздан тўлайсиз. Жамоат транспортида бир кун менда бу соҳада «ўз ҳисобидан» иборасига ҳаддан зиёд кўп дуч келинади деган таассурот уйғотди.
Иш вақти тугаган, ўзимга берган ваъдамни адо қилиб бўлган бўлсам-да, қизиқишим яна устунлик қилиб, «заправка»гача ҳам уларга ҳамроҳ бўлдим. Шу нуқтада улар билан хайрлашиб, олам-олам тааассуротлар билан уйга йўл олдим.
Хулосаларим
Менга жамоат транспортидан фойдаланадиган йўловчиларнинг юзидаги доимий маҳзунлик қизиқ ва сирли туюлар, айнан шу сабабдан йўловчиларни кузатаман дея бу ишни бошлашга қарор қилгандим. Аммо ракурсим мутлақо ўзгариб кетганидан заррача афсусда эмасман. «Автобусда одамлар доим хафа, маҳзун қиёфада юради, бу сизларнинг ҳам кайфиятингизга таъсир қилмайдими» – сўрадим Заҳро опадан. «Албатта, таъсир қилади» дедилар. Кунлик лимит, 15 соатдан ортиқ иш ва унинг қай йўсинда кечиши, йўловчилар билан боғлиқ муаммолар – буларнинг ҳаммаси менинг жамоат транспортлари ҳақидаги фикрларимни ўзгартириб юборди. Шундай оғир иш шароитида, қаҳратон қишда, жазирама ёзда позитивлигини сақлаб қолган Заҳро опа, иноқлигини сақлаб қола олган жамоага, Олим акага тан бердим.
«Карантин пайтлари одамлар 1400 сўм билан етиб оладиган йўлларига 40 минглаб сарфладилар. Кўча-кўйда танишларга дуч келиб қолсам, қачон ишга қайтасизлар, деб сўрашарди. Автобусларнинг хизматга қайтишини йўловчилар олқишлаб, кўзда ёш билан кутиб олдилар. Шунинг учун кимдир пул тўламасдан тушиб кетса ёки бирор баҳона билан жанжал чиқарса, мен жуда қаттиқ хафа бўлиб кетаман. Пул учун эмас, автобусимни ҳурмат қилмаганлари учун. Ахир шу автобус бўлмаса, қанча одам қийналади» дедилар Олим ака ва бу сўзлар бир умрга қулоғимда муҳрланиб қолди.
Энди мен йўл ҳақини тўламай тушиб кетиш илинжида бўлган кишини оқламайман, энди мен чиптачига қўпол муносабатда бўлган йўловчини кўрсам ўзимни қандай тутишимни билмайман. Сабаби мен бир кун аранг чидаб ўтказган кунда улар салкам 20 йилдан бери яшамоқдалар. Илтимос, жамоат транспортини, унинг ходимларини ҳурмат қилинг.
Дилбар Эламанова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter