Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кокош»лаганча чўкаётган ёхуд бемор болаларига ўгай жамият

«Кокош»лаганча чўкаётган ёхуд бемор болаларига ўгай жамият

foto: internet, ochiq manba

Жамият уялмай роса «кокошлаяпди».
Интернет хусусий касалхонада бўлаётган жанжал ва можароларга тўла.
Бепул амалиёт учун бетайин клиника қурбонига айланган вайнчи учун «додала - дод» авжида...
«Просмотор»лар зўрлигидан илҳомланган кокошчилар фурсатдан фойдаланиб, ошқозон операциясини реклама қилишни бошлаб юборишди.
Майли, Кокошга ҳам пул керак. Тирикчилик. Ҳамма ўзи эплаганча кун кўради. Бироқ, ҳаётимиз шу вайнчиларнинг муаммолари муҳокамасию уларнинг тайин-бетайин видеоларини томоша қилиш билан ўтиб кетмаяпдими? Саратонга чалинган қоракўзлар хақида бонг ураман. Касалхоналардаги ачинарли аҳвол ҳақида ўнлаб постлар қўяман. Қурбон бўлаётган беғубор гўдаклар ҳақида тинмай ёзаман. Саноқли блогер ва журналистларни айтмаса ҳеч кимга бу мавзу қизиқ эмас! Муаммоларни ёритишдан қочишади.Аммо гап машҳурлар ҳақида кетса, интервью олишга чопишади.
Бугун тонгда таниқли бир блогер қўнғироқ қилиб қолди:
«Опа, сиз Туркия билан яхши экансиз. Ҳамма ёқни ёраётган фалончидан тета-тет интервью олишим керак. Ҳамма нарсага тайёрман. Туркиядаги адресини топиб беринг».
– Ҳамма нарсага-я? – дедим ҳайрон қолиб.
– Албатта. Дайректга ёзсам жавоб бермаяпди. Сизни рози қиламиз. Хавотир олманг. «Подписчик»ларим қўймаяпди. Миллионга яқин обуначиларим бор. Рамазонда зўр ишлар қилдик-ку. Инвалид бўлиб қолган Сабинага пул йиғиб берди. Энди Кокошага жон куйдиряпди. Эшитгандирсиз? Ҳурмат қиламан вашшше.... Йўқ деманг. Катта савобга қоласиз. Жоооон опўўўў....
Энсам қотди. У айтаётган блогернинг манзилини билмайман, бироқ ўзимни билгандай кўрсатиб, атайин гапни айлантириб, шарт қўйдим:
– Катта савоб денг! Яхши. Унда бундай қиламиз. Анқара ва Истанбулда иккита бемор болажонимиз бор. Биттаси ўта мураккаб иккита жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Тийинлаб 6800 $ йиғдик. Яна 20200 $ қарзимиз бор клиникага. Рамазонда тиланиб ҳам йиға олмадик. Йўлкирангизни тўлаймиз. Сиз Анқарага бориб, касалхонадан интервью қиласиз. Миллионга яқин обуначиларингиз ўша пулни йиғишга ёрдам беришади. Савобнинг каттаси ўша бўлади. Кейин мен сиз сўраган одамнинг манзилини айтаман.
– Ваааааа....жиннимисиз! – чўзилди блогер, – Нима деяпсиз? Обуначилар касалга пул йиғишга мажбурмас, бу менга тегишли эмас, менинг темам шоу бизнес! Сизни одам деб илтимос қилган эдим, керакмас, ўзим топволаман.
Суҳбат узилди, мен чуқур уҳ тортдим.
Қанақа жамиятмиз ўзи?
Анқарада шифокорлар Мухлисанинг иккинчи амалиётини амалга оширишди. Агар эртага Кокошга бир миллион доллар керак экан дейишса ўйлаб ўтирмай йиғиб берадиган халқмиз.
Мухлиса учун эса 27 000 $ ни йиға олмадик. Шифохонадан қарзмиз. Ялинмаган блогеримиз, ташкилотларимиз қолмади ҳисоб. Ҳатто таниқли инстаблогерларнинг бирига «Анқарага бориб келиш харажатингизни қоплаймиз, касалхонанинг ўзидан битта интервью қилиб беринг. Пул йиғилиб қолар. Истанбулда яна бир беморимиз бор», деб мурожаат қилдик.
Вақтим йўқ, беморлар билан ўралашмаймиз деган блогер оғзини тўлдирганча «Кокошалаб» ётибди.
Бир эмас, бир нечта блогердан шундай жавоб олдик. Кеча марказимизга хосписдан Диёрбек келди.
Бир оёғи кесилган 14 ёшли йигитчанинг ҳужжатларини декабрь ойида Туркия ва Ҳиндистонга жўнатиб, иккала давлатдаги етакчи клиникалардан ҳам имкон даражасида тезроқ олиб келинглар деган жавобни олган эдим. Афсус, Диёрбекка етарли маблағ топилмади... Охирги текширувда саратон бутун танасига илдиз отгани аниқланган.
Бечора бу ҳақда билмайдию, «Муаззам хола, протез оёқ қўйдириб беринг, сентябрдан мактабга чиқаман», деб жавдираб туради.
Озиб, тўзиб, ер рангига кириб қолган, бўйнига ёпиштирилган лейкопластрь устидан ёзилган рақами концлагердаги маҳбус рақамини эслатадиган Дилбекчи?
«Марказингизга борган болалар тузаляпди экан. Мен ҳам борсам бўладими?» деб бир дунё умид билан кириб келган Алиначи?
17 ёшида жуссаси 8 ёш каби кўринувчи Мунисани-ку гапирмай, ҳар куни битта илтимос билан мурожаат қилади: «Муаззам опа, Туркияда менинг касалимга даво бор эканми? Қачон олиб борасиз?»
Наманганлик яна бир бемор қизчамиз бор. Онаси изтироб билан кўзимизга мўлтирайди.
– Ўзимизда илик кўчиришмоқчи опа. Бироқ дўхтир «иложи борича Ҳиндистон ёки Туркияда илик кўчиртиринг. Биздаги аксарият амалиётлар мувафаққиятсиз чиқяпди» деяпди. Ёрдам беринглар, илтимос. Биздан қайтмаса, Худодан қайтсин! – дейди кўзи жиққа ёшга тўлиб.
Яна бир болажоннинг бувиси Термиздан мурожаат қилди:
– Сизни танимайман. Кўрмаганман. Телефонингизни беришди. Набирамни хосписга жўнатишяпди. Муолажани тўхтатишган. Дўхтир «бўлди, пишди, бошқа қарамайман» дебди. Туркияга жўнатишнинг иложи борми? Лекин неварам ҳали югуриб юрибди. Ёрдам бериб туринглар илтимос».
Яна бир болажоннинг ногирон дадаси қўнғироқ қилиб, ёлворади:
«Ягона ўғлим у. Мен бошқа фарзанд кўролмайман. Илтимос, дўхтир бир чорасини топинг! Шу болам ортимда қолсин!».
Бунақа мурожаат ва илтимослар жуда кўп. Биз фонд эмаслигимиз ва маблағимиз йўқлигини айтиб тушунтира олмайман. Аммо, қани имкон бўлсаю ҳамма, ҳаммасига ёрдам берсак. Бунинг учун халқ бирлашиши, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб саратонга қарши курашиши керак. Тўғрими?
Баъзан ўша вайнчи блогерларга ўхшаб бемаза вайнлар қилиб, контент йиғиб, болалар саратонига жамиятнинг диққатини жалб қилсаммикан деб ўйланиб қоламан...
Лекин мендан масхарабоз чиқмайди-да!
Кеча Диёрбек «Муаззам опа кўргазмага бораманми? Чизган суратларим сотилса, бир-иккита кийим олардим» деди.
Унга «бу кўргазмага сен бора олмайсан. Рўйхатда бошқа болалар бор, болам» дея олмадим.
«Паркентга чиқиб, варрак учиргим келяпди» деди. «Ҳозир машинасизман, олиб чиқа олмайман ўғлим», дея олмадим.
Бироқ шу постни ўқиб турган дўстларим орасида имкони борлар бор. Балки сиз болажонларнинг истакларини амалга оширишга ёрдам берарсиз.
Балки сиз сабаб, уларнинг умри яна озроқ узаяр, балки буткул тузалиб кетишар.
***
Бугун вайнларга кулиб, ҳаётдаги оғриқли масалаларга кўз юммоқдамиз.
Бу муаммолар кун тартибидан чиқиб, унинг ўрнини мияларни кемирувчи контентлар эгаллади.
Жамият енгил-елпи мавзулар билан ўралашиб қолгани учун бемор болажонлар кўзидан оқаётган улкан уммонга ғарқ бўляпмиз.

Муаззам Иброҳимова,
«Сен кучлисан» ННТ координатори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг