Мана, хорижда зўравонликка учраганларни қандай ҳимоя қиладилар, бизда-чи?! (Ҳамюртимиз ҳикояси)

Ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилган жамиятларда аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизими аслида қандай ишлаши кераклини Франция тажрибасида кўриш мумкин. Дарҳақиқат, ижтимоий давлат аёллар ва болаларни зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоя қилиш мақсадида аниқ кетма кетликка эга махсус механизмдан фойдаланади, мазкур ҳолатни Ўзбекистон фуқароси бўлган Францияга ишлаш учун борган ўзбек оиласидаги оилавий зўравонлик ва унинг оқибатлари акс этган реал ҳаётий кейсда баён этмоқчиман. Қўйида эьтиборингизга ўзбек аёлининг менга йўллаган номаси:
«Эрим томонидан менга нисбатан тинимсиз зўравонлик бўлаётгани ҳақида полицияга мен хабар бермаганман. Бу ишни бошқа давлатда яшайдиган, мен билан интернет орқали танишган, (бир-биримизни реал ҳаётда кўрмаганмиз) бир аёл хабар қилган. Улар фақат инстаграм, фейсбукимни ва исм-фамилиямни билардилар, холос. Худди кинога ўхшайди опа буёғи.... У аёл билан мен шунчаки дардлашганман, бу мени ҳеч кимга айта олмаётган дардим, сирим деганман, холос. У аёл менга ўша оғир кунларимда кўп далда бўлиб, қўллаб-қувватлардилар гаплари, ёзишмалари билан. Аммо, интернет орқали Франция полицияси билан ёзишган. Франция полицияси эса менга аслида бегона бўлган аёлнинг мурожаати асосида иш очиб, мени ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимни текшириб, кузатиб facebookдаги IP адресим орқали телефонимни ва уй манзилимни тезликда топган.
Полиция менга алоқага чиқиб, асл ҳолатни сўраб, сўроқ қилди. Бу сўроқ ва савол-жавобдан кейин эримнинг зўравонлиги ҳақида хабар беришдан бошқа иложим қолмади ҳисоб, чунки мени ўша пайтдаги ҳолатимни кўрган полицияда ҳеч қандай шубҳа қолмаган эди. Гапларимдан кейин ўша заҳоти полиция эримни олиб кетди. Ва менга зудлик билан суд тиббий экспертизаси тайинлашди. Қўлимда ёш гўдакларим бор эди. Полиция мени ҳимоя қилишини, у бевосита оилавий зўравонликка қарши ишловчи прокурорга бўйсунишини, менинг ҳимоячим прокурор эканлигини, у юридик маслаҳатчим эканлигини айтди. Юридик ёрдам текин, барча харажатларни давлат тўлашини тушунтирди. Уларга хатларим бориши учун менга бир манзил беришди. У манзилни фақат мен билар эдим. Бу менга хатлар ўз вақтида етиб келиши ва ўзгалар қўлига тушмаслиги учун қилинган махсус тадбир экан. Шундан сўнг зудлик билан мени аёлларни ҳимоя қилиш учун ташкил қилинган уйга жойлаштиришди. У жой google картада умуман кўринмас, ташқи кўриниши уйга умуман ўхшамасди. Кейин билсам бундай уйларни зўравон ҳеч қачон излаб топа олмас, қурбонга тайзиқ ўтказа олмас экан! Кейинчалик эрим тайзиқ ўтказиш учун, қўрқитиш учун излаганида мени умуман топа олмаганини билдим. Ташқаридан уйга ўхшамаса-да лекин ичида фарзандларим билан яшашга ҳамма шароит бор эди. Бу уйда фаолият юритувчи ишчи ходимлар жудаям хушмуомала, меҳрибон бўлиб, мен ва болаларим билан суҳбатлашар, ёрдам берар, далда бўлиб кўнглимизга қарашарди. Эримнинг доимий тайзиқ, зўравонликлари – болаларимни бир неча бор уриб дағдаға қилганлиги сабаб менинг ва фарзандларимнинг руҳий ҳолати ёмон аҳволда эди. Шунақа пайт сенга бегона юртда бегона одамлар томонидан кўрсатилаётган диққат, эьтибор, меҳрибончиликдан озгина бўлса-да кўнглим ёришарди, секин-аста ўзимга кела бошладим, болаларим ҳам ўзини яхши ҳис қила бошлашди...
Бу орада эрим қамоқдан чиққач, дарров мени ID картамга алоқадор бўлган ҳамма сайтлардаги логин ва паролларимни ўзгартириб юборди, ҳатто тиббий суғуртамни тўхтаттирди.
Биласиз, чет элда тиббий суғуртасиз бирон бир тиббиёт хизматидан фойдалана олмайсиз, ўша пайт болаларимга тиббиёт кўриги доимий керак бўлаётган эди. Мен бу ҳақида ҳукумат томонидан бириктирилган юридик ассистентимга айтдим. Улар эримнинг бу ишини «маъмурий зўравонлик» деб баҳолашди. Зудлик билан ижтимоий ёрдамчилар мен билан боғланиб, ҳаммасини ўзлари тиклаб бердилар. Чунки ўзим югуриб тиклаб олиш ҳолатида эмас эдим. Шунда билдимки Францияда уй зўравонлигининг ҳар хил турлари бўлиб улар: жисмоний, руҳий, иқтисодий, жинсий, кибер, маъмурий зўравонликларга бўлинар экан.
Менга эрим томонидан қанча зўравонлик тури бўлса барчаси амалга оширилганини психолог қайд этибди.
Францияда аҳолини молиявий қўллайдиган ташкилот орқали барча оилаларга нафақалар берилади. Яъни CAF(Caisse d'Allocations Familiales) билан доимий ишлаб турган ижтимоий ходим зўравонлик ҳақида хабар берди, ташкилот жуда тез, бир кунда менга айнан зўравонликка учраган аёлларга берилиши белгиланган бир марталик ёрдам 1500€ евро ҳажмидаги ҳамда ҳар ойлик бериладиган 1600€ евро ёрдам пулини тайинлади. Бу маблағлар орқали менинг ва болаларимнинг моддий таъминоти масаласи ҳал бўлди. Тўғриси, бу маблағлар менга ўша пайт жудаям катта ёрдам бўлди, ўзимга келиб оёққа туриб олишимда.
Жазолаш суди эса олти ойдан кейин бўлиши белгиланди. Бу вақт давомида эрим мен билан ҳеч қандай алоқага, контактга чиқиши мумкин эмаслиги қонунан белгиланди. Оилавий зўравонлик қурбони бўлган шахснинг руҳий ҳолати яхшиланиши, ўзини ўнглаб олиши учун бу муҳим жараён деб ҳисобланар экан. Ростдан ҳам бу тўғри қарор, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, хавфсизлигимни таъминлаш мақсадида менга махсус мосламалар ва телефон аппарати беришди. Эрим томонидан менга ва болаларимга нисбатан қандайдир хавфни сезсам, тугмани босишимни ва полиция тезда етиб келишини айтишди.
Эндиги иш адвокат топиш эди. Франция қонунчилигида жабрланувчида ҳам айбланувчида ҳам адвокат бўлиши шарт. Мен учун адвокатни ҳам юридик ассистентим топди, адвокатга тўлаш керак бўлган маблағни ҳам ҳукумат тўлади. Худди шундай эримнинг ҳам адвокати бўлмаса иш кўрилмаслиги айтилди, чунки у айбланувчи ҳисобланса-да инсон ҳуқуқлари таъминланиши нуқтаи назаридан унинг ҳам адвокати бўлиши лозим экан. Агар ўзи адвокат олиш имконига эга бўлмаса ёки қандайдир сабаблар билан адвокат олмаса, унга ижтимоий текин адвокат давлат томонидан тайинланар экан.
Икки ой давомида аёлларни ҳимоя қилиш учун ташкил қилинган уйда болаларим билан яшадим. У ерда кўп нарсаларни ўргандим. Ҳаётга яна умид билан қарай бошладим. Болаларим билан шуғулланишни бошладим. Айниқса, катта фарзандим жанжалларни ўз кўзи билан кўриб катта бўлгани учун соғлиғида, руҳий ҳолатида муаммолар бор эди, умуман гапирмай қўйган эди. Бу нарса мени она сифатида жудаям ташвишлантирарди. Шу орада эрим мени телефон орқали безовта қилишни, қўрқитишни яна бошлади, бундан полиция хабар топди, мен эса тасдиқладим. Улар эримни яна уч кунга қамашди.
Бу орада менинг шахсимни болаларни ҳимоя қилиш ташкилоти обдон текшириб, назорат мониторинг қилиб борган экан. Яъни, болаларимга нисбатан муносабатим, уларга зўравонлик қилмаяпманми, ғамхўрлик қилиш даражам, улардан аламимни олмаяпманми? Текширув ўта даражада қаттиқ ва кескин бўларкан.
Бунақа пайтда улар эримнинг алдовига, яхши гапларига учиб унга яна қайтаманми йўқми шу саволга аниқ жавоб олмагунларича текширув назоратни тўхтатишмас экан. Қайтмаслигимга ишонч ҳосил қилишганидан кейин текширувларни тўхтатишди. Мендаги вазиятларда аёл эрига қайтса, давлат болаларини олиб қўйиш эҳтимоли юқори экан. Сабаби эса оддий, мутахассислар агар зўравонга «потенциал зўравон» ташхисини қўйишса, аёл ўзини қандай йўл тутишидан қатъий назар болалар учун бундай муҳит хавотирли ҳисобланиб, болаларнинг келажаги, етук шахс сифатида ривожланиб, вояга етишишида потенциал хавф хатар бор деб баҳоланар экан. Яъни, аёл эмоцияда, руҳий босим остида тўғри қарор қабул қилмаслиги мумкин деб ҳисобланар экан.
Францияда шахсга нисбатан таҳдид катта жиноят ҳисобланади. Масалан, зўравон томонидан «сени ўлдираман» деб бир маротаба айтиб, қўрқитишнинг ўзи полицияда жиддий эьтибор қаратиш, сизнинг ҳаётингиздан хавотирга тушиб, сизни ҳимоялаш тизимини йўлга қўйиш учун етарли асос бўлиб ҳисобланади. Турмуш ўртоғим менга агар полицияга хабар берсанг, ўлдираман деган гапни кўп маротаба айтган эди, ҳар сафар жанжал кўтариб, менга тан жароҳати етказган пайтлари.
Психологлар билан ишлаш жараёни эса алоҳида масала. Ҳар бир психолог ўта даражада юқори малакали бўлиб, сиз билан жудаям юқори савияда гаплашиб, муаммоларни муҳокама қилиб, туб илдизигача етиб бориб ишлашаркан. Ҳар бир муолажадан кейин сизнинг эмоционал руҳий, жисмоний ҳолатингиз ҳақида ўз фикрлари, мулоҳазалари, таклиф- тавсияларини қайд қилиб боришаркан. Уларга ёлғон гапира олмайсиз, ҳеч нарсани яшира олмайсиз, борини борича гапириб беришга мажбур бўласиз. Ёлғон аралаштирсангиз, фактларни яширсангиз улар буни тез англаб олишади. Оилавий зўравонлик қурбони бўлган шахслар билан ўта даражадаги профессионал психологлар жамоаси ишларкан. Сабаби эса битта: сизда ва фарзандларингизда руҳий зарба қолмаслиги, бу руҳий зарба сизни ва фарзандларингизни кейинги ҳаётига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун. Францияда битта ҳолат мени жудаям таъсирлантирди. Яьни аёл оилада ҳар қандай зўравонлик турига учраса, бу зўравонлик ҳақида полицияга айнан ўзи хабар бериши ёки ўзи бориб арз қилиши шарт эмас. Оилавий зўравонлик бўлаётганини ҳатто айтайлик оддий уй қоровули, қўшниси, таниши, исталган давлат хизматчиси, соғлиқни сақлаш ходимлари, ижтимоий ёрдамчи, умуман бу ҳақида қандайдир йўллар билан хабар топган ҳар қандай инсон хабар беришининг ўзи етарли. Ҳатто айтайлик бола боғча опа ёки мактабдаги ўқитувчисига бир оғиз ота-онасининг тазйиқи ҳақида айтишининг ўзи етарли иш очилишига. Бундан ташқари, онлайн 24/7/365 кунлик тартибда доимий ишлайдиган ва зўравонлик ҳақида ҳабар бериш мумкин бўлган 3919 қисқа рақамли телефон ҳам бор. Яна ёпиқ тарзда фаолият юритадиган кўплаб кўнгилли аёллар ассосациялари, клублар мавжуд бўлиб, у ерда исталган аёл ирқи, дини, миллати, келиб чиқиши, фуқаролигидан қатьий назар бошқа аёллар билан дардини бўлиша олиши, маслаҳат сўраши, фикр алмашиши, умуман олганда, ҳар томонлама қўллов, далда олиши мумкин. Диққатимни тортган яна бир факт мени бирон марта прокуратура ёки полиция маҳкамаси чақириб, сўроқ қилгани йўқ. Бу жараённинг ҳаммасини менга бириктирилган юридик ассистент бажарган. Юридик ассистент эса мен билан гўёки дугоналардек, яқин шахслардек гаплашар эди. Ҳеч қачон ўзимни сўроқ қилинаётгандек ҳис қилмаганман. Кейинчалик бу жараён – бу муносабат зўравонликка учраган аёл учун қанчалик муҳим эканлигини тушундим. Чунки доимий руҳий зарба олиб, умидсизлик ботқоғига ботиб, ҳаётдан, яшашдан умиди сўниб бораётган аёлга қўшимча ноқулайлик яратмаслик, уни янада қийналмаслик кераклигини улар жуда яхши тушунадилар.
Икки ойча аёлларни ҳимоя қилиш уйида яшаб, анча ўзимни ўнглаб олганимдан кейин мен ва болаларимга уч хонали барча шароитлари бор ижтимоий уй ҳукумат томонидан ажратиб берилди, ҳамма кўчиш, жойлашиш, кам-кўстимни қилиб олишимга ёрдам беришди.
Уйимиз тўлиқ назорат остида бўлиб, ҳамма жойда камералар ўрнатилганини айтишди.
Францияда зўравонликка учраган ҳар қандай аёл у ким бўлишидан қандай синфга тааллуқли бўлишидан қатьий назар аҳолининг энг биринчи рақамли имтиёз олиши керак бўлган вакили ҳисобланади. Мисол учун бу аёл боғча, мактаблардаги навбатларда, ижтимоий уй жойларни олишда, бошқа ёрдам қўлловларининг берилишида навбатсиз олиш имкониятига эга ҳисобланади. Шунинг учун бир фактни алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Францияда оилавий ажрим ўта мураккаб жараён бўлиб, эр-хотинлар осонликча ажралиб кета олишмайди. Бу жараён оддий ҳолатларда ҳатто беш йиллаб даврни ўз ичига олиши мумкин. Францияда оилага ўта жиддий қарашади, «оилавий» деган статус жудаям кўп имтиёзли имкониятларни яратиши мумкин эр-хотинга. Улар ҳатто жисмоний шахслар тўлайдиган даромад солиғида ҳам жудаям кўп имтиёзларга эга бўлиб, болали оилалар бошқаларга нисбатан, яъни оиласиз ва боласи йўқ бўлган шахсларга нисбатан анча кам солиқ тўлашади. Ҳукумат айнан бундай имтиёзлар орқали фуқарони болали ва оилавий статусда бўлишга нисбатан мотивациясини оширади, бунга барча имкониятларни яратади. Тушунишимча ҳукуматга соғлом оилавий муҳитда вояга етган баркамол авлод керак. Ҳамма ҳаракат аслида шунга қаратилган. Ҳукумат оиладаги соғлом муҳитга жамиятдаги жудаям кўп муаммоларнинг ечими боғлиқ деб билади. Асли ҳамма ҳаракат шу оилавий соғлом муҳитни яратишга қаратилган. Аммо оилавий зўравонлик бўлгани қайд этилган ҳар қандай оилада «тезкор ажрим» тартиби қўлланилади! Бунақа пайт иккала шахс ва болаларнинг битта том остида яшаши хавфли деб ҳисобланади.
Судда судья эримнинг ҳозирги уйини менга олиб беришлари мумкинлигини, бирга яшаган йилларимизда шунча етказилган моддий, руҳий, маънавий зарар маблағлари қоплашлари ва бу маблағни эримдан ундириб беришлари мумкинлигини айтди. Истасам буни суд қарорига киритиб, махсус ташкилот орқали ундириб беришаркан, бунинг учун мендан фақат розилик хати етарли экан. Мен буларнинг ҳаммасидан воз кечдим. Фақат битта илтимосимни судьяга айтим: бундан буёғига эрим мен ва болаларимга яқин келиши, мулоқот қилишини таъқиқлашини сўрадим, холос. Чунки мен учун ҳозир энг муҳими ўзимнинг ва болаларимнинг тинчлиги, соғлиғи эди.
Шунингдек, суд жараёнида турмуш ўртоғимнинг жинояти тўлиқ исботланди ва унга саккиз ойлик шартли қамоқ жазоси белгиланди. Бу даврнинг олти ойини у махсус ишлаш жойларида ўтаса, қолган ойларида зўравонликка қарши курашиш ва зўравонни реабилитация қилиш курсини ўқиб, ўзлаштириши, турли оилавий мавзуларга доир дарс соатларини ўташи, психологлар билан ишлашига сарфлаши белгиланди. Бундан ташқари, жарима ҳам қўлланилди. Суд қарорига мувофиқ эрим икки йил давомида менга яқинлашиши, телефон қилиши, смслар ёзиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шу воқеаларга бир йилдан ошган бўлса, бу муддат давомида мен ҳам руҳий ҳам маънавий томондан анча ўсдим. Ўз устимда тинмай ишладим, француз тилини яхши ўрганиб олдим. Ҳозир бемалол гаплашаман, ёзаман, фикримни баён қила оламан. Ҳеч қандай таржимон керак эмас. Оила ва болалар тарбиясига доир кўп адабиётларни ўқиб чиқдим. Ўзимга ва болаларим келажагига ишончим анча ошди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда олинган бакалавр дипломимни нострификация қилдирдим.
Ҳозирги фикру хаёлим Францияда таълимимни давом эттириш, бирон бир касбни эгаллаб ишлаш, болаларим келажаги учун замин яратиш, уларни маънавий ва жисмоний камолоти учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилиш бўлиб қолди. Чунки ҳозирги ҳолатимда бунинг учун ҳамма имконият менда бор, Франция ҳукумати томонидан менга барча шарт-шароит яратиб берилган, болаларим боғчага боради, француз ва ўзбек тилларини бирдек тушунишади, уйда қатъий улар билан ўзбек тилида гаплашамиз, ўзбек урф-удумларига амал қиламиз, чунки барибир қаерда яшашимиздан қатьий назар ўзбекчилигимизни сақлаб қолишимиз керак, деб ҳисоблайман. Ҳикоямни эшитганингиз, доим мени виртуал бўлса-да қўллаб-қувватлаб турганингиз учун Барногул опа Сизга катта раҳмат! Ишонинг бунақа қийин, чигал ва оғриқли вазиятларда сени қўллаб-қувватлаб турган, сенга далда бўла оладиган инсонларнинг зўравонликка учраган аёлнинг ҳаётида бўлиши жудаям муҳим экан!»
Барногул Санақулованинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter