Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мукбанг – овқат тарғиботими, «очопатлик шоуси» ёхуд овқатхўрлик қурбонлари

Мукбанг – овқат тарғиботими, «очопатлик шоуси» ёхуд овқатхўрлик қурбонлари

foto: xabar.uz

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир ҳамюртимизнинг олдига катта товоқда овқат қўйиб иштаҳа билан тановвул қилаётган видеоси роса айланди.

 

Видеони кўрган борки, аёлнинг бу қадар кўп овқатни ейиши соғлиғига зарарлиги ва нақадар хунук ҳолатлиги танқид қилинди. Ҳатто бу аёл шундай овқат ейишни тўхтатмаса семириб кетиши мумкинлигидан ташвишланганлар ҳам бўлди.

Лекин бошқа мамлакатларда камера олдида бундай овқатланиш аллақачон урфга кирган ва улар мукбангерлар дейилади. Агар «мукбанг» сўзини YouTubeдан излайдиган бўлсангиз камера олдида жуда катта ҳажмдаги овқатларни иштаҳа билан паққос тушираётган одамларни кўрасиз. Ҳа-ҳа худди шундай уларнинг кўпчилиги ниҳоятда семириб кетган. Савол туғилади, овқатни яхши кўрадиган одамлар мукбанг бўладими ёки улар ҳар куни видео олиш жараёнида семизликни орттирадими? Иккинчи жавоб аниқроқ, чунки илк марта камера олдида овқат еб обуначи йиққан мукбангерлар дастлаб озғин бўлади.

Биринчи мукбанглар 2009 йилда Жанубий Кореяда пайдо бўлган, кейинчалик тиктокер (мукбанг маликаси)Триша Патес буни ўз шоуларининг мунтазам қисмига айлантирди ва тез орада бу тенденция Американи қамраб олди. Биринчи реакция жуда ҳайратланарли эди. Қандай қилиб бировнинг оддий овқатланишини томоша қилиш жуда қизиқарли бўлиб туюлиши мумкин? Мукбанглар овқатни чапиллатиб, хўриллатиб, катта-катта тишлаб иштаҳа билан ейди ва айнан унинг шу «жозибаси» бошқаларни сеҳрлайди. Шарқ маданиятида овқат қўл ёки таёқчаларда ейилади, аниқса Хитой ва Корея каби мамлакатларда овқатланишнинг завқ-шавқини кўрсатиб, турли хил товушларни чиқариб ейиш тақиқланмаган. Аммо ўзбек маданиятида дастурхон бошида овқатни чапиллатмасдан ейиш, чойни хўриллатмасдан ичиш керак. Шу боисдан бўлса керак, ижтимоий тармоқларда овқатни иштаҳа билан паққос тушираётган аёлга кўпчилик эътироз билдирди. Аммо сиз эътироз билдирасизми йўқми, мукбанглик бизга ҳам кириб келаётгани ташвишланарли ҳол. Сабаби бутун дунёда вазн ортиш, семизлик касаллиги авж олаётган бир пайтда мукбангерлар ана шу носоғлом овқатланишни тарғиб қилиш орқали оғир вазнлилар сафини кенгайтирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 1990 йилдан бери катталар орасида ортиқча вазн кўрсаткичлари икки баравардан кўпроқ, ўсмирлар орасида эса тўрт баравар кўпайган.

Нима учун овқатни тўкиб-сочиб, очкўзларча ейдиган мукбангерларни кузатувчилар кўп деган саволга психолог Светлана Бронникованинг фикрларидан жавоб топасиз: барқарор психикага эга ва овқатланиш билан боғлиқ муаммо бўлмаган одам бошқаларнинг ортиқча овқатланишини томоша қилишдан завқланмайди, аммо озиқ-овқат билан зиддиятли муносабатда бўлган одамлар бундай видео контентга эҳтиёж сезадилар. Агар сиз машҳур мукбанг аккаунтларидаги томошабинларнинг шарҳларини таҳлил қилсангиз, уларни ҳозирда диетада ўтирган ва озиқ-овқат билан чеклайдиганлар қанчалик тез-тез кўришларини кузатиш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, мукбангларни томоша қилиш овқатланиш жараёнини виртуал бўлса-да тўлиқ ҳис қилишига ва овқатланишдан бош тортишига ёрдам беради. Бунинг ажабланарли жойи йўқ – мукбанглар озиқ-овқат билан боғлиқ кучли, бўрттирилган визуал ва эшитиш стимуляциясига эга, шунинг учун мия «ҳийла» билан шуғулланади ва тўйинганлик сигналларини юборади. Ушбу таъсирни тавсифлаш учун ҳатто атама ҳам ишлаб чиқилган: викарий тўйинганлик. Шакар ўрнини босувчи маҳсулотларни истеъмол қилганимизда танамизда шунга ўхшаш нарса содир бўлади: мия ширин таъмга таъсир қилади ва танадан энергияга бой озиқ-овқат олишни кутади, аммо бу содир бўлмайди. Афсуски бундай «ҳийла» соғлиқда ўз изини қолдиради. Шакар ўрнини босувчи моддалардан фойдаланиш инсулиннинг кескин кўтарилишига олиб келиши мумкинлигини тасдиқловчи тадқиқотлар аллақачон мавжуд ва мукбангларни томоша қилиш пировардида ортиқча овқатланишни кучайтиради ва овқатланиш бузилишининг ривожланишига ҳисса қўшади.

Хавф гуруҳига, биринчи навбатда, озиқ-овқат стимулларига нисбатан сезгирлиги юқори бўлган одамлар киради – улар «ташқи истеъмолчилар» деб аталади.

Бундай одамлар иштаҳани очадиган овқат борлигида ёки бошқаларнинг овқатланаётганини кўрганларида назоратни йўқотишга мойилдирлар ва улар кўпинча ижтимоий вазиятларда: зиёфатларда ва меҳмондорчиликда ёки овқат айниқса жозибали кўринадиган жойларда ортиқча овқат ейишади. Мукбанглар том маънода озиқ-овқат алмашишнинг ижтимоий жиҳатини ва озиқ-овқатнинг ҳаддан ташқари жозибадорлигини намойиш қиладилар.

Мукбангерлар нафақат овқатланиб, балки реал ҳаётда ва виртуал буллинг бўлиш орқали стрессга тушади ва бу ҳам уларнинг кўп овқат ейишига, семиришига сабаб бўлади. Чунки мукбангерларнинг видеоларига ёзилган шарҳларнинг кўпчилиги танқид ва мазахдан иборат. Унда нима учун улар бундай контент олади, нима зарил дейишингиз мумкин. Албатта моддий манфаатдорлик уларни соғлиқни бой беришга, ҳақоратларни эшитишга мажбур қилмоқда. Масалан, 2021 йилда мукбанг блогери Бетани Гаскин камерада овқатланаётган видеолари унга йиллик 1,3 миллион доллар даромад келтирганини маълум қилди. Никокадо авокадо номи билан танилган мукбанг блогери Николас Перри эса 3,8 миллион доллар бойликка эга. Одамлар ҳам уларни томоша қилади, ҳам иштаҳасини икки карра очади, ҳам уларга истаганча ўзларининг ҳақоратли сўзларини ёғдиради. Қизиғи уларнинг обуначилари уч томонлама: улардан нафратланиб қолдирмай кузатиб борувчилар, диетадагилар ва иштаҳаси карнайлар.

Никокадо Авокадо ўз карерасини 2016 йилда нозик ва энергияга тўла бўлган пайтда бошлаган. Ўшандан бери блогер вазни 72 килограммдан 158 килограммгача оширган, кейин эса яна озган. Бугунги кунда ютубер  аввалгидай овқатланмасада кўришнинг хиралашиши, қорин оғриғи, дисфункция ва диареядан шикоят қилади.

Вақт ўтиши билан контент яратувчилар тобора кўпроқ озиқ-овқат истеъмол қила бошлайдилар, калориялар сонини рекорд даражага кўпайтирадилар ва энг ғалати таомларни татиб кўришади. Шу сабабли, мукбанг видеолари ёлғиз овқатланиш пайтида ғамгин бўлганлар учун зарарсиз видеолардан хавфли тенденцияга айланди.

Сўнгги пайтларда интернет фойдаланувчилари кўпроқ мукбангларни тақиқлашни талаб қилмоқдалар. Сабаби аён, мукбангерлар носоғлом овқатланишни тарғиб қилмоқдалар, ҳатто камера қаршисида 10 соатлаб тўхтовсиз овқат еб вафот этганлари ҳам бор.    

2023 йил январ ойида 33 ёшли Wаффлер69 номи билан танилган америкалик блогер Тейлор Клейдорм мукбангга бўлган иштиёқи туфайли вафот этди. Ўз видеоларида у кўпинча муддати ўтган маҳсулотлардан овқат пишириб ўз ҳаётини хавф остига қўйган.

Тўсатдан Клейдорм ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва тез ёрдам чақиришдан олдин онасига қўнғироқ қилди. Касалхонада шифокорлар блогерни қутқара олишмади. Унинг ўлимининг тахминий сабаби юрак хуружи бўлган.

Мукбангнинг яна бир қурбони хитойлик 24 ёшли блогер Пан Сяотинг эди. Овқат ейиш пайтида қизнинг ошқозони ёрилиб кетди. Яъни блогер 10 соат давомида ўн килограммга яқин озиқ-овқат, жумладан товуқ қанотлари, денгиз маҳсулотлари ва шоколадли тортни истеъмол қилди. Минглаб томошабинлар томонидан томоша қилинган трансляция тугаши билан у ҳушини йўқотди. Етиб келган шифокорлар уни қутқара олмаган.  Ҳисоботда айтилишича, озиқ-овқатнинг ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиниши ошқозон деворлари ёрилиши ва озиқ-овқат қолдиқларининг қорин бўшлиғига оқиб чиқишига сабаб бўлган.

Охирги трансляцияси олдидан Сяотингнинг ота-онаси ва мухлислари бу чиқиши ёмон якунланиши мумкинлигидан огоҳлантирган, чунки у аллақачон соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган эди. Блогер кўпинча ўз олдига экстремал мақсадлар қўяди ва бир ўтиришда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат миқдорини доимий равишда оширган.

Охирги чиқишидан бироз олдин, у ошқозон-ичакдан қон кетиши билан касалхонага ётқизилган, аммо касалхонадан чиққандан икки кун ўтибоқ мукбангни давом эттирди. «Сhina Times» газетасининг ёзишича, унинг мукбангга бўлган иштиёқи натижасида вазни 120 килограммга етган. Блогернинг ўлимидан сўнг интернет фойдаланувчилари уни очкўзлик қурбони деб аташди: «Умид қиламанки, у ўша пайтда оғриқни ҳис қилмаган», «бу ақлдан озган», «мен унинг ошқозонида нима бўлаётганини ҳис қилмагани ва тўхтамаганидан даҳшатга тушдим».

Шу йилнинг март ойида вафот этган туркиялик мукбангер Эфекан Култур ҳам 24 ёшида вафот этди, унинг вазни ҳам аллақачон 120 килодан ошиб кетган эди. «Turkiye Today» нашрининг хабарига кўра, Култур семизлик туфайли соғлиғида муаммолар бўлгани учун 2024 йил октябр ойидан буён шифохонада даволанаётган эди.

Охирги марта тиктоккка жойлаган видеосида катта товоқдаги, тузланган ток баргларини еётгани акс этган видео бўлган. У 11 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар орасида экстремал овқатлар ейиши билан машҳур эди. Шундан сўнг Туркия ҳукумати ва соғлиқни сақлаш мутахассислари бошқаларни бундай видеолар ошқозон-ичак касалликлари, метаболик синдром, семириш ва юрак-қон томир касалликлари каби жиддий асоратлардан огоҳлантиришмоқда ва ёшларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқловчи ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳаракат қилишмоқда. Шифокори Зак Уддиннинг «Dail Mail» нашрига берган интервюсида озиқ-овқатни назоратсиз истеъмол қилиш ошқозон ва қизилўнгачга босим ўтказади, бу эса мукбанг блогерларининг касал бўлишига олиб келиши, улар қусиш билан бўғилиб, ўпкаларига ҳаво етмай қолиши мумкин. Парҳезшуносларнинг таъкидлашича, кўп миқдорда озиқ-овқат истеъмол қилганда, овқат чайнаш ёки овқат ҳазм қилиш ферментлари билан аралашмаслигини тушунтирди, бу яллиғланиш реакцияси хавфини яратади. Натижада қон томирлари ва бошқа органлар сиқилиб, овқатни парчалаш учун кўпроқ ишлашга мажбур бўлади. Бирор киши ортиқча овқатланса, яллиғланиш реакцияси пайдо бўлади.

Тулан университетининг семизлик бўйича мутахассиси доктор Шон Леви семизлик муаммоси мукбанг тарқалиши билан ёмонлашаётганини таъкидлайди: «Ўйлайманки, мукбанг ва ёғ миқдори юқори бўлган қайта ишланган таомларни истеъмол қилиш қон босими ва холестерин даражасини оширади, соғлиқ учун ёмон оқибатларга олиб келади» шунингдек у ўйин-кулги учун овқатдан фойдаланишни, овқат ейишни ўйин-кулгига айлантиришни жирканчлик деб атади. Мутахассиснинг фикрича, мукбанг томошабинларга зарар етказади,бундай видеолар, айниқса, семиз одамларда ташвиш ва тушкунлик туйғуларини ёмонлаштириши мумкин.

Умуман олганда YouTube ва ТикТок платформаларида овқат, яъни очкўзлик шоуси билан боғлиқ видеоларни юзлаб учратишингиз мумкин. Ва афсуски уларнинг фанатлари, томошабинлари, бировнинг овқат ейишидан завқланувчилари ундан ҳам кўп. Мутахассисларнинг тили билан айтганда бу овқатланиш жараёнлари «яланғочлик», шармандагарчиликдан бошқа нарса эмас. Халқ ижодига назар солсак бу ҳақда шундай дейилади: «Нафси бузуқ ҳайитда ўлар», бугунги кун, замонавий тилда айтсак: бу нафси бузуқлар тўхтамаса «очкўзлик шоусида ўлар»...

                                                                                       Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг