Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега ёмон (негатив) хабарларни яхши кўрамиз ёхуд яхши янгиликлар камми?

Нега ёмон (негатив) хабарларни яхши кўрамиз ёхуд яхши янгиликлар камми?

иллюстрация: Binay Sinha

Эрталаб телевидение, радио ёки ижтимоий тармоқлар орқали дуч келган янгиликларингиз қуйидагилар: «Бугун тонгда статистик маълумотларга қараганда миллиардлаб одамлар тирик ва соғлом уйғонди!»

«Яна бир кун ўтди, бизнинг сайёрамизга метеорит тушмади!»

«Ўлим ва қашшоқлик даражаси кулгили кўрсаткичларга тушишда давом этмоқда»

«Оддий деҳқон йигит Эшмат бир ойда 10 та китоб ўқиди!»

«Ўзбек талабаси кашфиёти билан бутун дунёни лол қолдирди»

Айтинг-чи, қанча одам бу янгиликларга қизиқади? Ижтимоий тармоқларда бу каби воқеалар қандай кутиб олинади? Оддий суҳбатларимизда ижобий ёки салбий воқеаларни эшитаётганимизда қайсиларидан таъсирланамиз?

Тўғрироғи, кимдир фожиа ёки бахт ҳақида ҳикоя қилаётганида қайси бирига кўпроқ эътибор берардингиз ?

Нима учун салбий ҳикоялар ижобийлардан кўра кўпроқ ўзига жалб қилади?

Нега биз негатив ва салбий хабарларга ўчмиз?

Бу бизнинг медиа каналларимизда яққол кўринади. Яхши янгиликлар кўпинча деярли ўқилмайди ёки кўрилмайди. Гўёки яхши янгиликлар янгилик эмас. Ёмон хабар эса бу хабар беришга арзийдиган ягона нарса. Агар бу ёмон хабар бўлмаса, бу янгилик эмас.

Аслида одамларнинг эътиборини нега фақат ёмон янгиликлар қамраб олади? Бу ва шу каби саволларга  Ҳанс Рослингнинг «Фактдорлик»(factfulness) – китобидан жавоб қидириб кўрамиз. Ушбу китобнинг салбийлик инстинкти бобида, яхши нарсалардан кўра ёмонларига кўпроқ эътибор беришга мойиллигимиз ҳақида сўз юритилади: «Дунёда содир бўлаётган барча ёмон нарсалардан огоҳ бўлиб туриш осон, яхши нарсаларни пайқаш эса қийинроқ. ОАВда ҳеч қачон хабар қилинмаган миллиардлаб ривожланишлар бўлган. Мен салбийликни мувозанатлаш учунгина сийқаси чиққан ижобий янгиликлар ҳақида гапирмаяпман. Мен дунёни ўзгартирадиган, бироқ  жуда секин, жуда ҳам майда бўлакли ва янгилик сифатида бериш учун ўта кичиклик қиладиган фундаментал яхшиланишлар ҳақида гапираяпман. Мен инсоният тараққиётининг яширин ва сокин мўъжизаси хусусида гапираяпман».

«Ёмон янгиликлар» – салбий ҳикоялар ва фожиаларнинг доимий эътиборга тез тушиши, шубҳали, кенг тарқалган инфекцияга ўхшайди. Хўш, бундай салбий янгиликларнинг тарқалишига, тўғрироғи миямизнинг мослашишига ОАВ сабабми? Оммавий ахборот воситалари учун бу шунчаки бизнесми?  

Одамлар нега ўлим ёки фожиа ёки муваффақиятсизликни эшитсалар тинглашга мойил? Одамлар саргузаштларга нима учун ўч? Чунки  саргузаштлар кўпинча ҳалокат, муваффақиятсизлик ва қурбонликни келтириб чиқаради.

Ёмон хабар жамиятнинг хира автопортретини чизади...

Даҳшатли воқеалар ҳар куни содир бўлади. Буни инкор этиб бўлмайди. Одамлар бу даҳшатли нарсалар борлигини ва бундан кейин ҳам бўлишини билиш муҳимдир. Бироқ, уларнинг мавжудлиги, мавжуд бўлган яхши нарсалар билан солиштирганда кўпми ёки оз? Китоб муаллифи Ҳанс Рослингнинг фикрича, ёмон янгиликларнинг кўпайиши баъзида дунёнинг ёмонлашуви билан эмас, масибат яхшироқ кузатилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ерда учта нарса содир бўлади: ўтмишни нотўғри эслаш, журналистлар ва фаоллар воқеаларни саралаб узатиши ҳамда ҳаёт оғирлашаётган пайтда яхши нарсаларни айтиш эриш туюлади деган кайфият.

Вақтида эътироф этилмаган ютуқлар...

Куни кеча наманганлик ёш хонанда, Зулфия мукофоти совриндори Ширин Абдуллаева вафот этгани жуда кўпчиликни қайғуга солди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, расмий сайтлар томонидан таъзия изҳор қилинди. Ва кўпчилик бу ёш хонандани аввал унчалик танимаганини, вафотидан кейин у ҳақда мақолаларни ўқиб жуда кўп ютуқлари бўлганини билганини таъкидлашди.

«Ширин Абдуллаева 2009 йилда «Онажоним» фильмида илк ролини ижро этган. Кейинчалик бир неча фильмларга суратга тушган. У «Тантана» ашула ва рақс ансамблида ижод қилган, давлат тадбирларида фаол иштирок этган, турли халқаро танловларда юқори ўринларга сазовор бўлган», деб ёзишди. Дарвоқе Ширин Абдуллаева ҳақида ҳатто Россиянинг НТВ каналида ҳам махсус кўрсатув тайёрланган экан. Афсуски ўша кўрсатувга бошқа миллат вакиллари омад тилаб изоҳ ёзишган. Uza.uz сайтида у ҳақда тайёрланган материал facebookда тарқатилганида эса саноқли одам «лайк» босган.

Ширин Абдуллаеванинг ютуқлари ҳақидаги постларга, янгилик ва хабарларга афсуски ўша пайти эътибор берилмаган, эътибор берилгани ҳам вафотидан кейин излаб топиб таъзия изҳор қилингани эди...

Яъни мана шу қиз мисолида айтмоқчи бўлганимиз, юртимизда жуда иқтидорли ёшлар кўп ва улар ҳақида ҳам тинмай хабарлар, мақолалар ва янгиликлар бериб борилади афсуски, салбий фикрларга қарамлик оқибатида бундай янгиликлар беэътибор қолдирилади. Аччиқ бўлса ҳам очиқ ҳақиқат шуки, Ширин Абдуллаевадек эътиборга тушиш, ютуқларини юртдошларимиз тан олиши ва у ҳақда фахрланиши учун қандайдир нохушлик бўлиши керакми, деган савол кўндаланг бўлади. Уни бизга танитган хабар ҳам афсуски яна ўша машъум салбий янгилик сабаб бўлди.

Кўпинча, бахтсиз ҳодисаларни барча ижтимоий тармоқ кузатувчилари пост қилади, барча ОАВ биринчилардан бўлиб ёритгиси келади ва энг кўп кўриладигани ҳам ўша бахтсиз ҳодисалар бўлади. Масалан «Хаbar.uz»да «Андижонда туғруқхонада соғлом чақалоқ вафот этгани айтилганди» хабари 1700 марта кўрилган.                                    

 

«Бухоро чўлида «Тез ёрдам» машинасида чақалоқ дунёга келди» хабари эса ўқилиш сони 500 тага ҳам етмаган.

Ваҳоланки, туғруқхонагача 36 км. узоқликда, чўлнинг ўртасида онанинг ҳам, чақалоқнинг ҳам ҳаёти сақлаб қолинган бу яхши хабар. Лекин фахрланиб суратга тушган шифокорлар шу ерда ҳам қораланган, яъни негатив фикр қолдирилган.

Агар шу фидойиликнинг тескариси ўлароқ «Тез ёрдам» машинаси етиб боролмаган ёки чақалоққа бирон кор-ҳол бўлганида эди одамлар томонидан, бутун тиббиёт тизими чириган, деб баҳоланар, шифокору, ҳамширалар маломатга қоларди. Бундай хабарлар эса худди ён-атрофингизда ёруғлик йўқдек тасаввур уйғотади.

Ёмон яхшиликдан кучли...

Психологларнинг фикрига кўра, салбий тарафкашлик бизни салбий янгиликларга қизиқтиради. Салбий тарафкашлик – бу ижобий нарсаларга қараганда салбий нарсаларга кўпроқ эътибор беришимизга олиб келадиган психологик таъсир. «Ёмон яхшиликдан кучли», деб номланган тадқиқотда тадқиқотчилар  қуйидагиларни аниқладилар: ёмон ҳис-туйғулар, ёмон ота-оналар ва ёмон фикр-мулоҳазалар яхши нарсалардан кўра кўпроқ таъсир қилади ва ёмон маълумотлар яхшидан кўра чуқурроқ қайта ишланади. Биз ҳаммамиз бунга алоқадор бўлишимиз мумкин. Танқидга муносабатингизни ва илтифотни солиштиринг. Танқид юмшоқ бўлса ҳам, биз унинг устида тўхталамиз, лекин илтифот қилганимизда, биз уни жуда осонлик билан бефарқ қолдирамиз. Дунёқарашимизга қарши чиқишдан, уни янгилашдан кўра биз ҳақиқат туйғусини тасдиқловчи салбий ҳисоботларга берилиб қолишни афзал кўрамиз. Биз дунёқарашимиздаги ноаниқликдан кўра, қўрқувимиз борлигига ишонч ҳосил қилишни афзал кўрамиз. Ёмон нарсалар яхши нарсаларга қараганда аниқроқдир. Салбий янгиликлар носоғлом ижтимоий муҳитнинг аломатидир.

Кўпинча бизни зўравонлик ва негатив фикрлар билан озиқлантиришда оммавий ахборот воситаларини айблашга шошиламиз, лекин, эҳтимол, биз ушбу турдаги янгиликларга бўлган талабни нима келтириб чиқараётганини диққат билан кўриб чиқишимиз, ўзимизга ва тарқоқ жамиятимизнинг аҳволига чуқурроқ назар ташлашимиз керакдир?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бўлинишлар ва тарқатиб юборилган жамоавий алоқалар бизнинг ноаниқлик туйғумизни кучайтиради. Бир пайтлар миллий ва жамоавий бирлик туйғуси ўзликни англаш учун кураш майдонига айланади. Аниқлик учун курашда биз мафкуравий дунёқарашга ёпишиб оламиз, душманнинг салбий қиёфасини янада бўрттирамиз ва салбий хабарлар билан парчаланиш алангасини ёқиб юборамиз.

Салбий хабарларга муккасидан ёпишиб олиш нафақат ижтимоий саломатлик, балки руҳий саломатлигимиз ҳақида ғамхўрлик қилишимиз кераклигини эслатади. Агар сиз салбий янгиликларни қидираётган бўлсангиз, сиз ёлғиз эмассиз. Бизнинг онгимиз табиий равишда салбий огоҳлантиришларни қидиради ва бизни потенциал таҳдидлар ҳақида огоҳлантиради. Агар бу хатти-ҳаракат сизнинг ишлаш қобилиятингизга халақит берса, бу муаммога айланади. Агар сиз такрорий салбий фикрлар ва юқори даражадаги ташвишлар билан бирга янгиликларни мажбурий текширишдан азият чексангиз,  демак руҳиятингизда катта муаммо бор, бу энди алоҳида мавзу.

Курашни тўхтатиб, яшашни бошланг...

«Фактдорлик» китоби муаллифи сиз ёмон хабарлардан чарчаб, дунёни фақат қора рангда кўра бошлаганингизда шундай тавсия беради: Яхши хабарлар деярли эълон қилинмайди, шунинг учун янгиликлар одатда ёмон бўлади, нохуш хабарни эшитганингизда ўзингиздан сўранг, тенг даражада яхши хабар ҳам худди шундай тарқалармиди? Ҳатто юзлаб улкан ривожланишлар бўлганда ҳам қулоғимга чалинган бўлармиди? Масалан, бир жойда 5-6 нафар болалар номаълум вирусдан вафот этди, деган хабарни ўқидингиз ва болаларнинг ҳаёти хавф остида деган тасаввурингиз кучайди, аммо яна қаердадир 50-60 нафар бола ўлимдан сақлаб қолинди, аммо бу ҳақда қизиқмаганингиз, шунга ўхшаш янгилик берилганида эътиборсиз қолдирганингиз учун бугун сиз болаларнинг ҳаёти хавф остида деган қора фикрда қолаётгандирсиз: 1850 йилда чечак вирусидан қанчадан қанча бола нобуд бўлган ушбу касаллик 195 та мамлакатдан 148 тасида қайд этилган, 1979 йилга келиб эса бу касалликка бутунлай барҳам берилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундан буён оммавий ахборот воситалари жиддий муаммога дуч келади – одамларга маълум бир инстинктив лаҳзада ўзлари хоҳлаган нарсани, қўшимча нотўғри маълумотлар ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар билан бериш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни уларни кўпроқ салбий калориялар билан озиқлантириб, дунёнинг фақат қора томонини кўрсатиб мувозанатни ушлаб бўлмайди.

Бугун сиз қаердадир қотилликка қўл урган ўсмир ҳақида эшитиб қолдингиз ва яшин тезлигида, ҳозирги ёшларнинг тарбияси издан чиқди деган фикр ўтди, лекин сиз шундай фикрлаб турганингизда ўнлаб ёшларимиз қайсидир фан олимпиадасида ғолиблик нашидасини сураётган бўлади ёки телефон титкилаб ўтирган ёшларни кўриб ҳозир ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб ёзғирасиз. Аммо телеграм каналларида ўзининг китобхонликка оид блогини юритаётган ёшлар бир ойда 15 га яқин китоб ўқиганини фахрланиб ёзаётган бўлади. Лоақал оддий деҳқон йигитнинг бир ойда 10 та китоб ўқигани ҳақидаги хабарга лоқайд бўлманг... ёки қизалоқнинг мушукни қутқаргани ҳақидаги янгиликни ўқиш билан бошланг тонгни, ахир яхши хабарларни кўпроқ одамларга етказиш ва уларга эргашиш орқали жаҳолатга қарши бориш мумкин.  Курашни тўхтатинг, яшашни бошланг!

            Барно Султонова

 

                                                                   

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг