Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илтимос, мени ношукр дейишга шошилманг!

Илтимос, мени ношукр дейишга шошилманг!

Иллюстратив фото

Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимованинг маҳаллий ҳокимият ва ИИБ вакиллари босимига учрагани икки кундан бери интернетда кўпчиликнинг, айниқса, журналист ва блогерларнинг кескин эътирозларига сабаб бўлиб турибди.

Воқеалар ривожидан бугун кўпчилик хабардор ва бу масалани прокуратура ўрганмоқда. Мен бугун бу мавзуда эмас, балки айнан масала фонида республикамиз туман ва қишлоқларидаги реал ҳолатни тилга олмоқчиман.

Хўжакўрсинлик

Аввало, Ш.Мадраҳимовани нафақат ҳамкасб, балки сабоқдош сифатида яхши биламан. Чорак асрдан буён касбий фаолиятини ҳалоллик ва ростгўйлик билан олиб бораётган анчагина таниқли журналист. Савол туғилади: наҳотки ҳоким котиби Шоҳжаҳон Мўйдинов уни танимаган? Балки танимаганга олгандир. Бундан англашиладики, туманда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси хўжакўрсинга ташкил қилинган ва буни котиб жаноблари жон-жаҳди билан яширишга уринган. Акси бўлганда эди, у нафақат журналистга, исталган қизиқувчига монелик қилмаган, аксинча, ярмарка бўйлаб тасвирга олиш учун шароит яратиб берган, қўшимчасига интервю ҳам берворган бўларди. Унинг жазавага тушганига сабаб, ёлғон очилиб қолишидан ўтакаси ёрилиб кетган бўлиши мумкин. Номига арзон маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этиб, туман аҳолисини, улар орқали ҳукуматни, Президентни алдашга уринишлари фош бўлишидан қўрққан. Яна ўша муаммо: кўзбўямачилик, сохтакорлик, сиёсатнинг кўзига чўп суқиш!

Йиллар давомида юқорига ёлғон ҳисоботлар берилганини, ҳар йили миллионлаб яратилган иш ўринлари фақат қоғозда бўлганлигини, кучсиз ижтимоий ҳимоя боис халқимизнинг қашшоқлик даражаси ўта юқори эканлигини Президентнинг ўзи қайд этиб, бундан буёғига барча раҳбарларни одамларни рози қилиб ишлашга даъват этиб турибди. Сабаби маълум – бир жамиятда хатони, кўзбўямачиликни кўпчилик қилади, ҳисоб сўралганда эса бир шахс – юртнинг эгаси балогардон. Буни кечаги кунимиз ҳам исботлаб турибди. Хўш, шундай экан нега ҳамон маҳаллий катта-кичик масъуллар бу хатони тағин такрорлашяпти. Уларнинг мақсадлари нима?! Англаш мушкул.

Ижтимоий ҳимоя барчани бирдек қамраб оляптими?

Ноўрин ваҳима қилманг, карантин бошланган илк кунлардан ҳукуматимиз халқимизни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиб келмоқда, дейишингиз мумкин. Сиз ҳақсиз, мен ҳам фуқаро сифатида, ҳам журналист сифатида воқеликни кузатиб, таҳлил қилиб боряпман. Аммо бир савол: ижтимоий ҳимоя бутун халқимизни бирдек қамраб оляптими? Иккиланмай айта оламан, афсуски йўқ. Тўғри, бу борада пойтахтда ишлар зўр доимгидек. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида иш қизғин. Кўмак сўраб мурожаат қилган оилаларга йўл олган озиқ-овқат маҳсулотларинин тури ҳам, миқдорию сифати ҳам аъло даражада. Бунинг учун ҳукумат раҳбарларига ҳам, ҳомий ташкилотлару саховатпеша юртдошларимизга раҳмат. Аммо, лекин, бироқ... Қишлоқлардачи?

Интернет ва телеграм каналларида тарқалган айрим одамларнинг берилган маҳсулотлар миқдори ва сифатидан норозиликлари ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди ва жуда кўпчилик уларни ношукрликда айблади. Куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилганлар ҳам кўп бўлди. Бир вақтлар урф бўлган «дангаса» сўзи ўрнини бугун нафақат интернет, балки телевидениени ҳам «ношукр» атамаси эгаллади. Энди виждон билан айтайлик, бу ношукрликми? Назаримда йўқ. Улар ношукрлик қилишмади, балки юзимизга ойна тутишди (юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама). Туман мутасаддилари, маҳалла раислари фаолиятига баҳо беришди. Бунда уларни айблашимиз эмас, хулоса чиқаришимиз керак аслида.

Тўғрида, кимгадир бир ойлик рўзғоридан ташқари боласига қиммат бўтқаю таглик (памперс)гача олиб борилсаю, кимгадир бир килодан сабзи, картошка, гуручу ярим кило шакар бериб, қолмишига, сен бундан ортиғига лойиқмассан, шукр қил, деб оғзига урилса. Шу инсофданми энди? Ахир битта жамиятда икки хил ёндашув эмасми бу?!

Энди, ҳар бир ҳудуд ўз имконидан келиб чиқиб кўмак берадида, дейишга ҳам шошилманг. Карантин муносабати билан аҳолини қўллаб-қувватлаш дасурида бир оилага берилиши керак бўлган маҳсулотлар тури ҳам, миқдори ҳам белгилаб қўйилган. Меъёрга кўра, ҳар бир оилага белгиланган меъёр 2 дона ўсимлик ёғи, 2 килограмм гуруч, 1 килограмм шакар, 2 килограмм ун, 1 дона товуқ гўшти, 3 килограмм картошка, 2 килограмм пиёз, 2 килограмм макарон 30 дона тухум, 1 дона қадоқланган чой тарқатилмоқда. Уларнинг ҳажми келиб тушган маҳсулотларнинг турига қараб янада тўлдирилиши мумкин. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева таъкидлаб ўтган эди.

«Маҳалла сенга ёрдам беришга «должен»мас»

Масалага жиддийроқ ёндашадиган бўлсак, маҳаллаларда рўйхатда турадиган кам таъминланганлар сони аввалги йилларга нисбатан анча камайтирилган (камайган эмас). Чунки камхарж оилалар рўйхатига олиш тартиб-талаблари кучайтирилган. Наҳотки, шуларни ҳам рози қилиб қўёлмасак? Аслида бундай карантин вақтида нафақат ночорлар, балки вақтинчалик даромадидан маҳрум бўлган ҳар бир оила қўлловга муҳтож бўлиб қолади.

Туману қишлоқларда ҳам хайрия тадбирларини пойтахтдагидек изчил ва самарали йўлга қўйиш мумкин. Фақат бунинг учун жойлардаги маҳалла раислари салгина жон куйитиб, вазифасига виждонан ёндашсалар етарли. Чунки маҳалласида қайси оила ночор, қайси хонадонда ногиронлиги бор инсон яшайди, яхши билишади. Халқимиз андишали эканлигини ҳисобгга олсак, маҳалла раислари одамлар эшигидан ёрдам сўраб келишини кутиб ўтирмасликлари керак.

Афсуски, қишлоқларда маҳалла оқсоқоллари бу ишга жуда совуққонлик билан қарашяпти бугун. Фикримни далиллаб ўтсам: «Зўр» телеканалида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева доимий мулоқотга чиқяпти. Фуқаролар эфир давомида телефон орқали муаммоларини билдиришяпти. Эътибор берсам, бирорта фуқаро яшаб турган маҳалласи раисидан рози эмас. Бир хил эътирозлар: «Маҳаллага қилган мурожаатим бир ойдан бери эътиборсиз», «Ёрдам сўрагунча ишла деди», «Ёрдам олишга ҳаққим йўқ экан», «Маҳалла сенга ёрдам беришга «должен»мас деди»... Қизиқ, бунақада маҳаллаларнинг нима кераги бор, шундай синовли кунда юрт корига ярамаса?.. Бир оилага мўлжалланган маҳсулотларни тўрт оилага тақсимлаб, мана биз шунча оилани қўллаб-қувватладик карантик вақтида, деган ҳисобот тўлдириш учунми? Ёки, бергани мунча, ургани тонггача, қабилида одамларни ношукрликда айблаш учунми? Дангалини айтганда, муҳтож оилага, сенга шу ҳам бўлаверади, дегандай арзизмас масаллиқлар кўтариб кириш, уларни рози қилиш ўрнига ҳамиятига тегади, жамиятдан норозилигига сабаб бўлади. Ношукрлик бўлса ҳам айтай, ундан кўра ёрдам бермаган маъқул.

Телевидениеда эса ҳавас қиладиган лавҳалар…

«Маҳаллангизда рўзғор маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилиндими?», «Газ баллонлари уйма-уй тарқатилдими?»... Қишлоқлардаги яқинларим, ёру биродарларим билан телефонлашганда шу каби саволлар бераман. Барчасида бир хил жавоб: «Йўқ!»

Телевидениеда эса ҳавас қиладиган лавҳалар кўрсатишади. Демак, бу ишлар ҳам ҳисобот учун фақат, мамлакатни кенг қамраб олмаган. Ахир ярмаркалар барча ҳудудларда ташкил этилса, одамлар ўн-ўн беш кунлик керакли маҳсулотларни сотиб олишадику. Бу билан бозорга камроқ қатнашади, хавфсизлик кўпроқ таъминланади.

Яна бир гап: вирус тарқатиш хавфи юқори бўлгани боис нақд пул билан мулоқот қилмаслик кенг тарғиб қилиняпти. Май ойидан ҳатто пенсияларни ҳам пластик карталарга ўтказиб бериш режалаштирилган. Хўш, бунга туман мутасаддилари қанчалик тайёр? Пойтахтда, катта шаҳарларда ҳар қадамда дўкон, дорихона, пластик карточкалар орқали савдо муаммо эмас. Қишлоқлардачи?

***

Бутун дунё каби Ўзбекистон ҳам синовда бугун. Ошкоралик ва шаффофлик ҳар қачонгидан муҳим. Негаки, бугунги реал воқеалар, ишончли ҳисоботлар, аҳолининг ҳаққоний кайфиятига қараб ҳукуматимиз келгусидаги эҳтимолий шу каби вазиятларга тайёргарлик кўради. Бугун биз кимгадир ёқиш, кимдандир олқиш олиш илинжида асл жараённи яширсак, ҳукуматимизни фақат алдаган бўламиз. Шундай экан, ҳурматли ҳуқуқ посбонлари, одамлар орасида юриб воқеаларни таҳлил қилаётган, фидойилиги билан халқимизга, демакки, давлатимиз сиёсатига камарбаста бўлаётган Шарифа Мадраҳимова сингари журналистларни қўллаб-қувватланг, ҳимоя қилинг. Уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган, сохтакорлиги, иккиюзламачилиги билан одамларни алдашга уринаётган мутасаддиларни, «котиб»чаларни қулоғидан тортиб бўлса-да суд курсисига олиб боринг. Бугунги сиёсатимиз талаби ҳам шу!

Усмонжон Йўлдошев, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг