Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Очлик, сарсон-саргардонлик, машҳурлик ва икки инфаркт

Очлик, сарсон-саргардонлик, машҳурлик ва икки инфаркт

У оқшомлари томда ётганча юлдузли осмонга тикиларди. Кўкдаги чексизлик ўзига тортар, шон-шуҳратга сафарбар этувчи йўлни кўрсатарди. Бир-биридан чақноқ юлдузлар уни кичиклигидан мафтун этарди. Кейин эса, орадан йиллар ўтиб, ўзи ҳам машҳур юлдузга айланди. 4296-рақамли сайёралардан бири халқаро каталогда Smoktunovsky номи билан рўйхатга олингани бежиз эмас. Иқтидорли киноактёр Иннокентий Михайлович Смоктуновский шунга муносиб эди.

Очарчилик балоси!

Бўлажак актёр Россиянинг Томск вилояти Татьяновка қишлоғида туғилган. Ота-онаси очликдан халос бўлиш учун бу қишлоқни тарк этишди. Красноярскка йўл олдилар. Кенг яғриндор ота бандаргоҳда юк туширувчи бўлиб ишлай бошлади. Она колбаса фабрикасидан иш топди. 1932 йили иккинчи марта ялпи очарчилик бошланди. Улар болаларини аммаси Надежда Петровнага топширишга мажбур бўлишди. Надежданинг фарзандлари йўқ эди. У бутун меҳрини жажжи қариндошларига бахш этди.

Маълум вақт ўтгач, Иннокентий мактабни ташлаб, фельдшерликка ўқиди, сўнг киномеханик бўлиб ишлади. Уруш бошланди. Алп қоматли отасини урушга кузатаётганларида Иннокентий беихтиёр даҳшатли ўйга берилди: «Нақадар катта нишон!» Падарини гўё охирги марта кўраётгандек ҳис-туйғу қамраб олди. Афсуски, шундай бўлди...

Иннокентий ҳарбий билим юртига ўқишга кирди. Айни таҳсил олаётган чоғида даладаги картошкани йиғиш ўрнига офицерлик погонини юлиб олишди-да, уруш гуркираб турган Курскка юборишди.

Смоктуновский хотираларидан:

«Мен бир мартаям жароҳатланмадим. Бу ўзимга ҳам ғалати туюлади. Ваҳоланки, икки йил давомида немис автоматлари нишонида бўлганман, қуршовда муштлашганман, асирликдан қочганман... Ўшанда 18 ёшли ҳорғин йигитча эдим. Мени ўз жонимни сақлаб қолиш ҳиссиёти бошқариб, қутқариб қоларди. Бир гал олис қишлоқнинг катта йўлга эга бўлмаган, ўрмонлари зич ва қуюқ ботқоқдан иборат деҳқонлар қўрғонига қараб қочганим жонимга оро кирди. У ерда фашистларнинг қиладиган иши йўқ. Мен Дмитровкагача етиб олдим... Биринчи дуч келган эшикни тақиллатдим, очишди. Ичкарига бир қадам ташладим ва гапиришга ҳолим келмай остонада йиқилдим. Мени кўтариб олиб, каравотга ётқизишган. Ўзимга келгач, овқатлантиришди, чўмилтиришди. Қизлар пиқ-пиқ кулишар, боиси, мен қовурғаларимни санаш даражасида ориқлаб кетгандим».

Иннокентий қишлоқда бир неча ой қолди. Кейин эса партизанларни топди. Отрядда жанг қилиб, шимоли-ғарбий Берлинда урушни якунлади.

У Красноярскка қайтди. Ўрмон хўжалиги институтида ўқишни режалаштирганди, негадир театр студиясида таҳсил олишни истаб қолди. Кўп ўқимади – муштлашгани учун студиядан қувиб солишди. Иннокентий Норильскка йўл олди. Душман қўлида ҳарбий асирликни бошидан кечирган Смоктуновский шунга мажбур – паспорт режимига кўра, у 39 та шаҳарда бўлиши тақиқланган эди. Красноярскка эса, ўша шаҳарда яшагани учун рухсат беришганди. Қарангки, уни Норильскдан ҳам чиқариб юбормоқчи бўлишди. Ижодий труппа йиғаётган театр директори Дучман ялиниб-ёлвориб, Смоктуновскийни олиб қолишга эришди.

«Кинода ўйнамайсан

Смоктуновскийга яхши мактабда ўқигани фойда берди. Норильскда ГУЛАГ театрининг маҳбус актёрлари ишлашарди. Бундай истеъдодларни фақат «Малый» театри ва МХАТда учратиш мумкин эди. Дарвоқе, Смоктуновский у ерда Георгий Жженов билан танишди.

Умуман айтганда, Иннокентийнинг маҳорати ошиб, ижро этган роллари кўзга ташлана бошлади. Бироқ ҳаётининг тўрт йилини ихтиёрий сургунда ўтказган актёрнинг соғлилигига путур етган эди.

1955 йили у Москвани «забт этиш»га қарор қилди. Шу тариқа саккизта театрга иш излаб борди ва... ҳаммасидан рад жавобини эшитди! Таниш-билишларнинг ёрдами ҳам фойда бермади. Смоктуновский йиғиб-терган пуллар тугади. У оч-наҳор юрар, лаш-лушларини сотар, азият чекар, бироқ шунга қарамай, пойтахтдан кетиш ҳақида ўйламасди. Ниҳоят ёш актёр кўчма театрга қабул қилинди.

Смоктуновский битта ҳам ролни рад қилмас, жон деб ижро этар, аммо яшаши, юриш-туриши худди аввалгидек эди. У дўстлариникида тунаб қоларди. Кимдир киноактёрлар студиясида омадини синаб кўриши лозимлигини айтиб қолди.

Мазкур студия Воровский кўчасида бўлиб, у ер сокин ва салқин эди. Смоктуновский борганида ёш хизматчилар қандайдир сим тармоғини ўтказишаётганди. Улардан иш борасида кимга мурожаат қилишни сўраб кўрди. Шундан сўнг изоляция учун ишлатиладиган тасмадан озроқ кесиб олиб, қўлига ўради-да, директорнинг хонасига йўналди. У ерда Смоктуновскийни котиба тўхтатди: «Директорнинг ҳузурига дейсизми?.. Хўш, нима масалада?» «Иш масаласида». «Бизга электр усталари керак эмас». «Мен уста эмас, артистман». «Шунақами?! Артистларнинг-ку, мутлақо кераги йўқ...»

Барибир қабул қилишди, фақат бир шарт билан – у кинода суратга олишларини сўрамасликни айтиб, онт ичиши керак! Иннокентий Смоктуновский умрининг охиригача сўзида турди: агар ўзлари роль беришмаса, ҳеч қачон сўрамади. У машҳур юлдузларнинг ёнида жим юрар, ишларини кузатар, тажриба ва малака оширар, мўъжиза рўй беришини сабр-тоқат билан кутарди.

Ниҳоят 1956 йили Смоктуновский «Аскарлар» фильмида лейтенант Фарберни ижро этди. Сўнг Товстогонов саъй-ҳаракати билан Мишкинни ўйнади. Режиссёр бу актёрда Мишкиннинг кўзлари акс этишига ишонч ҳосил қилганди. Ана шу лаҳзадан барча биладиган Смоктуновский намоён бўлди. Ўшанда у ўттиз икки ёшда эди. Аммо ёш актёр узоқ вақт давомида машҳурликка кўниколмай юрди. Бир куни Альеннинг илтимосига кўра Чилига таклиф қилганларида «адашишган», – деб кулиб қўйди.

Машҳур «Телба»нинг премьераси 1957 йил 31 декабрда бўлиб ўтди. Агар тақдир уни Достоевский бисоти билан тўқнаштирмаганида ижодий фаолияти, умуман, ҳаёти қандай кечиши номаълум эди. Актёр кейинги барча ролларини Мишкин даражаси билан ўлчади, уларни у ёки бу тарзда Достоевский қаҳрамонларининг хислати билан сайқаллади. Ўн икки мингта мактуб олишига сабабчи бўлган Гамлет, «содда ва ғалати» Деточкин, ҳатто кўпчилик салбий роль ҳисоблаган «Бир йилнинг тўққиз куни»даги Илья Куликовни ҳам!

Муҳаббат ва оила

Иннокентий Смоктуновский бўлажак умр йўлдоши билан Ленкомда учрашди.

«Ўшанда уни биринчи марта кўришим эди. Хипчадан келган, сочлари бир қучоқ қиз. У шошилмай қадам ташларди. Зинадан тушаркан, менга жим ва хотиржам қаради. Нигоҳи ҳеч нимани сўрамас, сўзламасди ҳам. «Мен келдим», дегандек туюларди, холос».

Танишув шу зайлда кечди. Кейин, орадан кўп ўтмай Смоктуновский Суламифа Михайловнага дил изҳори қилди. Қиз рози бўлди. Суламифа, афтидан, бўлажак умр йўлдошини илк дақиқалардаёқ англаб етганди.

Буёғи – садоқатли рафиқа, Филипп ва Маша исмли икки боланинг онаси! Актёрлар муҳитидаги ноёб ҳодиса! Смоктуновский умри мобайнида хотинига садоқат кўрсатди, унга Соломка дея мулойим мурожаат қилар, бунга жавобан рафиқаси ҳар қандай оғир шароитда ҳам елкадош бўларди. Иннокентий қийналган вақтларида Суламифа чиройли маслаҳатлар берарди: «Омадсизликдан сира ранжима, ўзингни ожиз ҳисоблама, сиполик қилма – сен истеъдодли одамсан». Халқ артисти инжиқлик қилган пайтларида эса Суламифа унинг кўплаб нишон ва медаллари тақилган костюмини жимгина чиқариб берар ва Смоктуновский уялиб қоларди.

Смоктуновскийнинг қизи Маша хотирлаларидан:

«Отам уйда мулойим эди. Ишдан бўш вақтларида фақат оила даврасида бўларди. Байрам-тантаналарда дастурхон атрофида ўтиришни яхши кўрарди. Онамнинг пишириқларини ёқтирарди. Ўзи салат тайёрларди. Корейс, япон ошхонасига ҳурмати баланд, таёқчаларда овқатланар, бу ўша халқларни тушунишга ёрдам беришини таъкидларди.

Дарвоқе, отам менга Япониядан кимоно олиб келган. Оила у кишининг қўрғони эди. Уйнинг аллақаерларини ўзгартирар, нимадир қўшар, пармадаста билан ишлар, алланималарни бураш билан овора бўларди. Баъзида отамнинг диққатини чалғитиш бефойда эди. Дейлик, идиш-товоқ юваётганида лаблари пичирларди. «Нима?» – деб сўрасак, «Репетиция қиляпман», – дерди.

Оиламиз Ленинграддан Москвага кўчиб ўтгач, Суворов хиёбонидан уй олдик. Мен кичкина эдим – фарқи йўқ, отам учун эса бу маскан ўта сершовқин туюлди. 1989 йили «Белоруссия» муюлишидаги сокин уйга ўтганимиздан сўнг ўзини бахтиёр ҳис этди. «Бу уй – байрам», – деб такрорлайдиган бўлди».

Москвада яшаётганларида, дала-ҳовлилари бўлмаса-да, шаҳардан ташқарига чиқиб келишарди. Машиналари бор эди. Иннокентий Михайлович «Волга»ни ишончли ҳисобларди. Уни ўзи бошқарарди. Машина ҳайдашни «Автомобилдан сақланинг» фильмини суратга олиш чоғида ўрганганди.

Дарвоқе, Смоктуновскийнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши уни Деточкин ролига қўярда-қўймай таклиф қилаётган Эльдар Рязанов учун ҳам муҳим эди.

Тўнтарилган автомобиль

«Бу нохуш ҳодиса куз ойида содир бўлганди, – дейди Маша. – Қаердадир ер қуруқ, қаердадир эса шилта лой эди. Ўзимиз билан егуликлар олиб, сайрга чиқдик. Едик, ичдик, сўнг уйга қайтишга ҳозирландик. Йўлга тушишимиз билан отам: «Мен тезликни сал ошираман», – деди. Кейин эса газни босиши билан ғилдираклар лойга ботиб қолди-да, машина… тескарисига ағдарилди. Бу кўз очиб юмгунча рўй берган, нима бўлганини ҳеч ким пайқамаганди. Тасаввур қилинг: магнитофондан мусиқа садолари янграяпти, машина эса тўнтарилган! Кутилмаганда, худди фантастик фильмларда бўлганидек, олд синиқ ойнадан қўл кириб, отамни машинадан чиқариб олди. Кейин эса бу халоскоримизнинг қувноқ овозини эшитдик: «О, Смоктуновский! Автомобилдан сақланинг!» Худога шукр, ҳаммамиз соғ-саломат эдик. Онам ва мен уйга автобусда қайтдик. Отам эса акам билан бирга олд ойнаси синиқ машинани оҳиста ҳайдаб келишди».

Айтишларича, машҳур актёрларнинг фарзанди ота-онасининг ҳаёт йўлини танлаши қийин кечади. Аммо Машанинг фикрича, отаси уларнинг актёр бўлишига қаршилик қилмаган бўларди. Бироқ балет устаси бўлишни орзу қилган бу қиз хореография билим юртига ўқишга кирди. Таҳсилни тугатгач, «Большой театр»нинг кўп кишилик рақсларни ижро этувчи артистлар гуруҳига қабул қилинди. Отаси уни раъйидан қайтармаса-да, ҳаётда рақсдан бўлак бошқа гўзалликлар ҳам борлигини исботлашга ҳаракат қиларди.

Маша театрдан кетиб, тушкунликка тушганида Смоктуновский чинакамига ғамхўрлик кўрсатди. Ҳатто режиссёр Леонид Пчелкиндан ўзининг иштирокидаги «Юрак тош эмас» фильмидан роль топиб беришини илтимос қилди. Отасининг енгил қўли туфайли Маша кейин яна ўнлаб фильмларда роллар ўйнади. Ота-бола биргаликда МХАТ саҳнасига чиқиб, «Ёмғир чувалчанглари ҳаётидан» спектаклида иштирок этишди, мазкур асар орқали Америка бўйлаб турнеда ҳам бўлдилар. Филипп эса отаси билан «Тиль Уленшпигель», «Кичик фожиалар» фильмларида роль ижро этди. Шунга қарамай, у актёр бўлиб етишмади, инглиз тилини пухта эгаллаб, ўзини бадиий таржималарга бағишлади.

Иннокентий Смоктуновскийнинг сўнгги кунлари ҳақида Маша маъюсланиб шундай дейди:

«1994 йил февралида отамда инфаркт рўй берди. У тезда оёққа турди. Ҳатто шифохонага севимли Жанчикни келтиришимизни илтимос қилди. Онам иккимиз шифокорларни касалхонага кучук олиб киришга кўндирдик. Жан бу каравотдан унисига сакраганида отам ниҳоятда бахтиёр эди!

Отам охиригача даволанмади – у режиссёрлар Игорь Апасян ва Владимир Наумовнинг фильмларида суратга тушаётганди. Ҳар иккала фильмда ҳам отамнинг қаҳрамонлари умри охирлаётган кекса чоллар бўлиб, биттаси фалажланиб қолган, хуллас, аҳвол оғир эди. Шунга қарамай, отам катта иштиёқ билан роль ижро этди. Бироқ қиш манзараси тугаб бораётганидан негадир ғамга тушганди отам. Суратга олиш ишлари якунлангач, у ҳар қалай даволаниш учун оромгоҳга кетди. Бир неча кундан сўнг эса санаторий ёқмаётганини айтиб, олиб кетишимизни сўради. Биз улгуролмадик. Оромгоҳдан қўнғироқ бўлди: иккинчи инфаркт!.. Яқин инсонинг кетса – ҳамиша жуда даҳшатли йўқотиш бўлган. Агар хайрлашиб қолсанг ёки ёнида бўлганингда бирмунча енгил кечиши мумкиндир. Бир томондан, ўлим қўққисдан келса, уни енгил, дейишади. Аммо мен бундай ҳисобламайман, айниқса отам билан боғлиқ бўлгани учун».

Смоктуновский ўзининг етмиш ёшигача етмади – яна ярим йил яшамади. У 1994 йилнинг 3 августида ҳаётдан кўз юмди.

Акбар ФАТҲУЛЛАЕВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг