Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғил туғмаган аёл хорликка маҳкумми?

Ўғил туғмаган аёл хорликка маҳкумми?

Фото: Xabar.uz

Эскирмайдиган оғриқли мавзу – ўғилсизлик баҳона зўравонлик! Аёлга зулм! Ўғил туғмаган аёлнинг кечмишлари, тазйиқлар, ажримлар, энг ёмони фожиалар...  Бутун Ўзбекистонни ларзага солган воқеа – ўзини поезд остига ташлаган уч қизалоқнинг онаси ўлими фожиаси ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ.

Яна бир аянчли воқеа –  Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида оилада қизлар туғилганлиги ортидан сурункали жанжаллар ўғилли бўлишгандан сўнг ҳам давом этгани, алалоқибат, бир кунда, оиланинг тўнғич қизи ва онаси ўзларини осиб қўйгани эди... Суд аёл ва қизи ўлимида эр ва қайнона айбдор деб ҳукм чиқарди.

Саволлар исканжасида

Навоийда ўзини поезд остига ташлаган аёл учала қизалоғини ҳам биргаликда ҳалок қилмоқчи эди. Фожиа Наврўз кунида содир бўлганди.

Орадан кўп ўтмай, 1 апрелда эса Каттақўрғонда ўсмир қиз ва онаси ўзларини осишди. 36 ёшли маҳруманинг яқинлари айтишларича, аёл аввалига 3 нафар қиз фарзанд кўрган. «Қиз туғмадинг» деган таъна-дашномлар билан йиллар давом этган жанжаллар одат тусига кириб қолган. Шундан, оилада ўғил дунёга келгандан сўнг ҳам аёлга зўравонлик тўхтамаган. Онаси чекаётган хўрлик, руҳий ва жисмоний зўравонликдан безган 16 ёшли қиз оғилхонага кириб ўзини осган. Икки соатдан кейин онаси қизининг арқонидан сиртмоқ солган...

Ўғил, қиз, ўғил, қиз... Зўравонлик, зулм, тазйиқ. Тошкентда, Бухорода, Қашқадарёда, Хоразмда, Фарғонада – ҳамма жойда.

Мудҳиш худкушликлардан сал аввалроқ, февраль сўнгида, хотин-қизлар масалаларига бағишланган видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев «... аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида «сазойи» қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган» деганди. 15 мингта тақдир... Бу ҳали давлат миқёсидаги идораларгача етиб келгани. Хонадон остонасидан чиқмай, шу жойда тақалиб қолган тазйиқлар қанча? Қолаверса, ҳар бир зўравонликни бошидан кечирган аёл қисмати ортида яна нечта тақдир туради?

«Ўғил туғмадинг» дея иддао қилинган оилада ҳам зўравонлик қурбони фақат ҳалок бўлган аёллармиди? Навоийда уч қизалоқ, 3, 5, ва 8 ёшли қизлар онасининг поезд остига ташлаётганини ўз кўзлари билан кўришди. Камига ўзлари ҳам бу даҳшатли воқеа иштирокчисига айланишди. Поезд келаётгандаги манзарани улар бутун умр унута олишмайди.

Каттақўрғондаги хонадонда бир кунда ҳам оналари ҳам опаларидан жудо бўлган тўрт нафар бола-чи? Уларнинг кичиги ҳали 7 ёшда. Бу иккала оилада ҳам, болалар руҳиятидаги кемтиклик фожиа кунидан бошланган дейиш хато бўлади. Ота ўғил туғмаган аёлини ҳар гал ҳақоратлаганда, улар ўзларини кераксиз деб ҳис қилишга, оналарининг кўз ёшларию, изтиробларига ўзларини сабабчи билишга ҳали болалик қилишгандир. Лекин, ҳар қандай носоғлом муҳитдаги бола, руҳияти жароҳатланган инсондир. Фарзандларни энди онасизлик қисмати кутади. Улар бир кун улғайишар ҳам. Хабар мамлакат бўйлаб тарқалганда, ўзини англаган ҳар бир аёл хаёлидан кечирган саволлар куни келиб уларни ҳам исканжага олса ажаб эмас?

Ўғил туғмагани аёл ўзини ўлдиришига арзигулик сабабми ўзи? Ёки қурбонларнинг ҳаракати ўғил туғиб бермагани учунгина аёлини кераксизга чиқарган эрлар яшайдиган жамиятга исёни эдими? Аёл нега қизларини олиб ҳақоратланган хонадондан чиқиб кета олмади? Мустақил ҳаётни бошлашга нега унинг ўзига ишончи йўқ эди? Ўта бардош, кўтара олишдан ортиқ даражадаги сабр фақат атрофдагилар босими ёки анъанадорликка дахлдорми? Балки ижтимоий ҳолат билан боғлиқ жиҳатдир аслида? Нега маҳалла бу оилани  «тинч-тотув» деб билиб келган? Аёл бирор марта психолог ҳузурига борганмиди? Ҳоказо, ҳоказо...

Тақдирлар, тақдирлар...

Халқимизда, ўғил туғилмагани ортидан оилада муаммо пайдо бўлиш ҳоллари янгилик эмас. Масала қанчалик оғриқли эканлиги айниқса, УЗИ ускунаси ва абортга ихтисослашган врачларга, туғруқхона ходимларига, қолаверса, (афсуски) фолбинлару қушночларга кўпроқ аён. Балки, психологларда ҳам анча-мунча маълумотлар бордир.

М.Д, асли хоразмлик, ҳозирда Тошкентда яшаб, ишлайди, уч қизнинг онаси:

– Биринчи қизимиз туғилганда қувондик. Иккинчисига ҳомиладор бўлганимда негадир ўғил деб ўйладик, исм ҳам топиб қўйгандик. Туғруқ жараёни жуда қийин кечди. Аҳволим яхши деб бўлмасди. Хўжайиним эса чақалоқ қиз эканлигини билиб, суюнчи ҳам бермай (ўша пайтлар одатий ҳол эди), машина эшигини қарсиллатиб ёпиб кетган эканлар. Кейин ҳам келмадилар. Роса хафа бўлганман, фақат йиғлардим. Бахтимга мен қайнэгачим врач бўлиб ишлайдиган туғруқхонага тушган эдим. Яқинларим, айниқса, эримнинг қариндошлари менга эътиборли бўлишди. Бир куни денг, туғруқхонага қайнотам келдилар. Қўлларида катта қовун билан (қовун – туққан аёлга мумкин эмас! –кулади аёл) Олдимга кириб ўтирдилар (ўша вақтларда рухсат бериларди), «Тирноққа зорлар қанча?» дедилар. Эрим фақат охирги кунда «болани кўрай» деб келибдилар. Врач қайнэгачим «Сенга қиз ҳам, хотин ҳам керак эмас эди-ку, ўзим уйимга олиб кетаман» дея ҳайдаб юборибдилар. Раҳмим келди. «Майли, келсин» дедим... Дадамиз ҳозирда шу қизимизни еру кўкка ишонмайдилар. Шу иккинчи қизимизни кўкламда узатдик.

Фармон Тошев, журналист, уч қизнинг отаси:

– Аслида, қизнинг ўғилдан нимаси ёмон? Ислом динимизнинг аркони Муҳаммад пайғамбаримиз учта қизли бўлган-ку. Юз фоиз кафолот – агар оилада шу борада машмаша бошлангудек бўлса, бу эркаклар эмас, аёллар сабаб бошланади. Қайнона ва қайнсингиллар келинни ўғил туғмаганликда айбдор қилиб кўрсатавермаса, ўғил ва қайнотага иддао қилишавермаса, эр қиз фарзандларини ёзғитмайди. Ҳатто шу хил фикрлар пайдо бўлганда ҳам, унинг ноҳақлигини тушунтирса бўлади. Мен ҳам учта фарзандимни узатганман. Уларнинг ҳар бири олий маълумотли бўлиб, ишга жойлашиб, биринчи маошини олгандан сўнггина узатганмиз.

Хоразмлик аёл ҳикоясининг давоми:

 – Иккинчи фарзандим бироз эсини танигач, Тошкентга ўқишга кирдим. Вақти келиб Тошкентдан икки хонали уй ҳам олдик. Қизларим ўқишини ҳам Тошкентга кўчирдик. 10 йил деганда яна ҳомиладор бўлдим. УЗИга борганимда яна «қиз» деди. Ўшанда, туғруқхонадаги муносабат такрориданми ёки «олдир» дейишлариданми қўрқар эдим, шекилли., хўжайинимга «ўғил экан» дедим. Лекин тўлғоқ тутганда ростини айтдим. Эрим «Иккитасини олдида учинчиси ҳам катта бўлади» деб юпатдилар мени. Билмадим, Тошкент муҳитими ёки энди улғайган эдиларми, хўжайиним қиз, ўғил масаласига бошқача қарай бошлаган эдилар. Ҳозирда икки қизимизни чиқарганмиз, куёвларим – ўғилларим, кенжамиз мактабга боради. Биз ўзимизни бахтли оила деб ҳисоблаймиз, - дейди аёл.

Лобар Абдураҳмонова, тошкентлик ёш шифокор, бугунда уч қизининг тарбияси билан банд она:

– Учала қизимизни ҳам хўжайиним туғруқхонадан шарлар билан байрам сифатида олиб чиқишган. Қайнона-ойижоним ўзларининг қизлари йўқ, уч фарзандлари ҳам ўғил бўлгани учунми, набиралар қиз туғилаверса, «болагинамнинг боласи» деб алқайверадилар. Лекин аёли қиз туққанлиги учун уни хўрлаган эркакни туғруқхонада ўз кўзим билан кўрдим. Мен каби жарроҳлик амалиёти билан учинчи қизини дунёга келтирган аёл беҳол ётарди. Эри келиб, «Ҳолинг нима?» демади, «Ҳе, яна қизми?» деди юзини буриштириб. Егуликка ҳам бирор нарса олиб келмаган. Аёл йиғлади. Кечга яқин иситмаси чиқиб аҳволи оғирлашди...

Шоира Маматқулова, Самарқанд вилояти Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси гинеколог врачи:

– Янги туққан аёлнинг кайфияти кўп нарсани белгилайди. Агар туғруқ оғирроқ кечган бўлса, дили хира қилинган она аҳволи янада ёмонлашиши мумкин. Ҳатто нормал туғруқдан сўнг ҳам руҳий зарбага учраган онанинг сути қочади. Гоҳида оталар ана шу жиҳатни ўйламайдилар. «Қиз туғмадинг» деган таъналар баъзан туғруқхонадан бошланади.

Рустамжон Ҳамидов (Рустамжон домла), имом:

– Уч нафар фарзандни вояга етказган, чиройли таълим-тарбия берган ота учун жаннат ваъда қилинганлиги бор. Икки нафар фарзандни вояга етказган ота учун жаннат ваъда қилингани бор. Бир нафар қиз фарзандни вояга етказган, тарбия қилган ота учун жаннат ваъда қилингани бор. Аммо буни қадрига етмаганлар, қиз фарзанд туққани учун аёлига зулм қилаётганлар, гўё, мен қўрқаман, жаннатини таҳқидлаётгандек туюлаверади менга. Ахир сизга жаннат ваъда қилинаяпти-ку қиз фарзанд учун. Аммо қиз туғиб берган аёлининг ҳаётини дўзахга айлантираётганлар бор. «Яна қиз туғсанг, сен билан яшамайман» деб ультиматум қўядиган оталар бўлади. Шунақанги эрлар билан яшаётган аёллар жуда ўзларини нуқсонда сезадилар. Ҳаётдан норози, ҳатто Худо сақласин, Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлаётган аёлларни кўрамиз. 

Нурали Кенжаев,  Сурхондарё вилоятнинг Денов туманидан, тўрт қиз ва бир ўғилнинг отаси:

– Шукурлар бўлсин, бирин-кетин тўрт қизли бўлдик. Худонинг бергани дедим, хотинга бир оғиз ортиқча сўз демадим. Аммо аёлимнинг ўзи ўғилли бўлишни жуда истарди. Навбатдаги ҳомиладор бўлганида УЗИга борибди, кайфияти тушиб қайтди дўхтирдан. Эртага бориб «йўқ қилиб келиш»ини айтди. Мен қаршилик қилдим. У ўзининг гапини маъқул билди. Охири, «Майли нима қилсанг, қилавер, лекин эртага дўхтирдан чиқиб тўғри отангникига кет! Бошқа келмайсан! » дедим. Шу тарзда болани сақлаб қолдим. Ҳомила саккиз ойлик бўлаётганида, ривожланишини текшириш учун УЗИ кўригидан ўтаётганда ҳам «қиз» деган. Мен ҳам туғруқхонада «қиз» деган гапни эшитишга тайёр эдим. Лекин ўғил экан. Иброҳимжон, ўғлимиз ҳозир 5 ёшга кираяпти.

Рустамжон домла йигитларимиз диққатини бир нарсага аҳамият қилишлари кераклигини таъкидлайди: «Қуръони каримда бир оят бор: «Аёлларингиз сизларни экинзорингиз» дейилади. Яъни, «Эй эркаклар, уруғни сизлар экасизлар» Қуръони Каримнинг ишораси, ҳозирги фаннинг исботидан маълумки, фарзанднинг ўғил ёки қиз туғилишига аёлнинг алоқаси йўқ. Таъбир жоиз бўлса, агар қиз ёки ўғил туғилишида кимдир айбдор ҳисобланадиган бўлса, эр айбдордир», – дейди Рустамжон домла.

Доктор Исчанов: Ҳомила жинсини она эмас, ота белгилайди

Ижтимоий тармоқларда «Доктор Исчанов» номи билан машҳур бўлган шифокор Нодиржон мудҳиш воқеалар юртимизда бошқа ҳеч қачон такрорланмасин деб тилак билдиради. У қиз ёки ўғил туғиш онага боғлиқ эмаслиги тиббиётда аллақачонлар илмий асосда исботланганлигини таъкидлайди: – Одам организмида икки турдаги жинсий ҳужайралар бўлади. У ҳужайралар эркакда алоҳида, аёлда алоҳида бўлади. Икки жинсий ҳужайралар бирикканида ҳомила пайдо бўлади. Аёлда тухум ҳужайра, эркакда сперматозоид ҳужайралари. Буларни ҳар бири алоҳида шаклда бўлади, – деб батафсил тушунтиради доктор. – Аёл организми жинсий тухум ҳужайралари ичида ҳам, эркак жинсий спермазоидлари ҳужайралари ичида ҳам кодлар яширинган бўлади. Булар жинсий хромосома кодлари, дейилади. Аёлларда фақат «Х» хромосома бўлади. Эркаклардагина икки хил хромосома кодлари бўлади - «Х» ва «Y». Х+Х тартибида бирлашса ҳомила қиз ёки Х+Y сифатида топишса ҳомила ўғил бўлади.

Ҳомила жинсини олдиндан режалаштириш мумкин!

Ҳомила жинсини олдиндан белгилаш борасидаги турли усуллар борасида анчадан буён айтилиб келинаётир. Масалан, бир нашрда қоннинг янгиланишига қараб (эркакнинг қони ҳар 4 йилда, аёлнинг қони ҳар 3 йилда янгиланаркан), яъни эр-хотиндан кимнинг қони янгироқ бўлса, ўшанинг жинсида ҳомила пайдо бўлади, деган маълумотга кўра, ҳомиладорликка йўл қўйилиши ҳақида ёзилади.

Яна бир маълумотда ҳомиладорликдан олдин икки ой парҳез тутиш муҳим деб таъкидланади.

Шифокорлар бу усуллар ҳамма вақт ҳам кафолатланмайди, деб ҳисоблашади.

Доктор Исчанов эса ягона кафолатланган усул бор, дейди ишонч билан:

– ЭКО усулида ўғил кўриш 100 фоизга тўғри чиқади. Экстрокорпорал уруғлантириш бу ЭКО дейилади. Бунда аёл ҳужайраси қорин орқали олинади, унда Х коди бор эркакнинг спермотозоидларнинг ичидан, махсус нонамикроскоп орқали, Y коди бўлган хромосома синчиклаб кўрилиб, ажратилиб олиниб уруғлантирилади.  ЭКО усули ҳақида гап кетар экан, бу усул шариатга қанчалик муносиб келишини савол остига оладиганлар бор.

Исломда сунъий ҳомиладорлик ҳақидаги ҳукм қандай? Ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ вақтида бу саволга бир видеолавҳада лўнда ва тушунарли жавоб бергандилар: «Хотинни эридан нутфани олиб хотинни ўзига ўрнатишга рухсат бор. Бу икки хил бўлади. Нутфани олиб бачадонга ўрнатиб қўйиш мумкин. Нутфани олиб ва хотиндан тухумни олиб найчада урчитиб туриб, урчиб бўлгандан кейин ўрнатиб қўйиш бор». 

Ҳозирда Ўзбекистонда ЭКО орқали дунёга келиб, оилаларга қувонч бағишлаган болалар сони минглабдир эҳтимол. (Гарчи уларнинг кўпчилиги бола жинси муаммоси эмас, балки фарзандсизлик муаммоси туфайли ЭКО усули ёрдамида туғилган). Аммо, бизда аксар ҳолларда, бу оила ичидаги сир бўлиб қолади. Аноним тарзда гапиришга рози бўлган аёлнинг айтишича, унинг икки фарзанди ҳам ЭКО орқали дунёга келган. «Беш ёшли ўғлим ва икки ёшли қизим соғлом, серҳаракат» дейди она.

«Аёлча» гаплашиш қанақа бўлади?

Бир қарашда, оилада туғилган гўдакларни қиз-ўғилга ажратиш ва гендер масаласи кимгадир алоҳида мавзулардек туюлар. Лекин уларнинг илдизи битта. Гендер тенглик борасида неча ўнликлардан буён гапирамиз. Гендер тенглик борасидаги тарбия эса аслида оиладан, болалик давридан бошланиши тўғри бўларди. Чунки, хонадонларда ўғиллар болаликданоқ ўзларини устун деб ҳисоблашларига замин яратиладиган, ҳатто шунга рағбатлантириладиган ҳолатлар учрайди. «Ҳа, ўғил бола...», «Қўй, тегма унга, ўғил бола-да... » (қиз бола бажариши лозим бўлган ишларни буюргандаги ҳолат назарда тутилмаяпти).

Навоийдаги ва Каттақўрғондаги воқеалар кўплар юрагини зирқиратди. Поезд остидаги худкушлик содир бўлган кунларда блогер Азиза Умарова ўзининг телеграмм каналида   ёзганлари бир неча мақолага татигулик.  «Мен ҳам ўғил туғмаган аёллардан бириман. Мен ҳам учинчиси ўғил бўлишига умид қилганман. ...УЗИчи врачдан аниқ қизми, балки ўғил боладир, дея учинчи марта сўраганимда, у менга ахмоққа қарагандай қаради. Ва ич-ичидан отилиб келган гапни айтди: «Сизларга ҳайронман. Менинг биттаю битта фарзандим бор, у ҳам бўлса қиз, лекин мен ўзимни дунёдаги энг бахтли ота деб биламан». Столдаги суратда ўша қизалоқ менга жилмайиб қараб турарди. Жуда чиройли, ёқимтой қиз. Рус...»

Оила ва болалар психологи Шоира Исоқова неча йиллардан буён гендер масалаларини ўрганади. Унинг бугунги кунда олиб бораётган илмий тадқиқоти ҳам оилада хотин-қизларга зўравонлик мавзуида: 

– Докторлик илмий ишини ёзишга ундаган нарса оилада аёлларга зўравонлик ҳолатларининг кундан кунга авж олиб бораётганлигидир. Илмий ишим Навоий ва Каттақўрғон воқеалари каби аслида майда-чуйда гаплардан бошланган, зимдан хўрлашлар, гоҳида эса ошкора ҳақоратлашлар, жисмоний, руҳий ва иқтисодий тазйиқлар билан боғлиқ. Зўравонликлар сабаб аёлларимиз соғлиқларини йўқотишган, уйсиз қолишган, моддий ва маънавий, руҳий жиҳатдан зарар кўришган, айрим ҳолларда эса ҳалок бўлишган ёки бир умрга етадиган руҳий жароҳатлар олишган. Лекин бунга сабабчи бўлганлар кўп ҳолларда қонун олдида жавоб беришмаган.

Психолог, ўзбек аёлларининг кўпчилиги жуда мулоҳазали, андишали эканлигини, атрофдагиларнинг «сабр қилсанг ўтиб кетади, биз ҳам шунақа яшаганмиз», деган таскинлари таъсирида чидаб келишларини ва психолог мутахассисга мурожаатни «уйдаги гапни кўчага чиқариш» деб тушунишларини таъкидлайди.  

Хотин-қизларга паст назар билан қараш гоҳида жамиятда ҳам ўз аксини топгандек бўлади. Бир томондан давлат миқёсидаги ишларгача аёллар рағбатлантирилаяпти. Иккинчи томондан, қайсидир номдор ташкилот, мумкин қадар хотин-қизларни ишга олмайди. Гарчи ишга кириш бўйича мурожаат қилган аёл етук мутахассис бўлса-да... Ҳомиладор ёки яқин вақтларда ҳомиладор бўлиши эҳтимолидаги аёл эса аксарият ташкилот ва корхоналар учун ортиқча дахмаза ҳисобланади. «Эркакча гаплашдик», «Эркакча иш тутамиз» каби иборалар нашрлардаги сарлавҳадан тортиб расмий мажлисларда ҳам айтилаяпти...

Шу жойга келганда мен айтмоқчи бўлган якунни мендан аввалроқ Азизахон (Умарова) айтиб бўлганини ҳис этаман.

«Мен жамиятимиз ўзгаришини хоҳлайман, буни эса қизларимизга бўлган муносабатдан бошлашимиз керак», деб ёзган у.

Мен ҳам жамиятимиз ўзгаришини истайман. Минглаб, эҳтимол, миллионлаб аёлларимиз ҳам!

 Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг