Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзимизнинг ҳам айбимиз бордир?

Ўзимизнинг ҳам айбимиз бордир?

Фото: «Xabar.uz»

Масжиддан ҳадиксираш мумкинми?

Мумкин бўлди...

Кейинги савол: бу қандай мумкин бўлди?

Қандай қилиб «Аллоҳнинг уйи», «омонлик ери» деб сифатланган даргоҳ бир тоифа инсонларнинг ҳадикига сабаб бўляпти?! Нега бу даргоҳга ташриф буюриш хатарлар билан боғланаяпти?!

Бу саволларни беришнинг ўзи ўта мудҳиш ҳодисадир. Бунданда мудҳишроқ саволларнинг ўзи бўлмаса керак. Аммо, модомики воқелик шу саволларни беришни тақозо қилаётган экан, уларни ўзимизга берамизда, чуқур нафас олиб, жавоб излаймиз.

Ислом динини ёмонотлиқ қилишга ҳазилакам куч ва маблағ сарфламаётган, каллакесар гуруҳларни атайин тузиб қўйиб, уларнинг қилмишларини «мусулмонларнинг қилмиши» қилиб дунёга кўрсатаётган кучлар ҳақида аввал бирмунча сўзлаган эдик. Инсониятдан ҳақни беркитиш йўлида унга – ҳаққа лой чаплашга уринаётганларнинг ҳаракати мева бериб дунёнинг турли чекаларида Ислом ва мусулмонларга, Ислом шиорларига нафрат кўзи билан қараладиган бўлиб қолгани ҳақида гаплашган эдик. Бу мавзу долзарблигини йўқотгани йўқ, аммо бугун бу ҳақда гапирмаймиз, бугунги мавзу – ўзимиз.

Ўзимиз

Нега биздан қўрқишади? Нега сал қанотимизни ёя бошласак кўпларнинг кўзига хумо қуши эмас, балки гўштхўр қирғий бўлиб кўрина бошлаймиз? Балки бунда нафақат ташқи кучлар – ўзимизнинг ҳам айбимиз бордир?

Нега «мусулмон» деганда одамларнинг онгида зеҳнияти юксак, зиёлий, ҳар бир мавзуда босиқлик билан фикр юрита оладиган, вазминлик билан баҳс эта оладиган, ҳалийм, ёрқин одоби билан ажралиб турувчи инсон эмас, балки сўконғич, ҳисларини жиловлай олмайдиган, воқелик ҳисобини қилишдан ожиз, провокацияларга учувчан, озгина билганини бор ҳақиқат деб билувчи инсонлар гавдаланадиган бўлиб қолди?

Бизга ўрнак қилиб юборилган сиймо зот – Аллоҳнинг элчиси алайҳиссалом шундаймидилар?...

Нега «мусулмон» деганда илмий кашфиётлар ёхуд иқтисодий фанлар борасида сўз юритилганда бир оғиз гап айтолмайдиган, аммо гуноҳкорларни жазолаш мавзуси очилганда шиддат ва шижаот ила сўз қиладиган, шу билан бирга ҳеч бир мавзунинг моҳиятини очиб беролмайдиган, вақтини эса кўпроқ олди-қочди, енгил-елпи гап-сўзларга кетаказадиган киши ўзгаларнинг кўз ўнгида гавдаланадиган бўлиб қолди?

Ислом ва мусулмонлардан ҳадиксираш (исломофобия)нинг юзага келишига нафақат ўзгалар – ўзимиз ҳам етарлича ҳисса қўшиб келмаяпмизми? Динимизнинг зиддига уринаётганлар билан жойи келса бир сафда юриб, одобсизлигимиз, сўконғичлигимиз, жоҳиллигимиз билан динимизга зарар етказмаяпмизми?

Энг мукаммал одобни ер юзида ёйишга масъул бўлган уммат номига бизнинг бугунги кайфиятимиз қай даражада тўғри келяпти?

Саволлар шодаси

Ким бизга мусулмон киши сўкиниши мумкин деди ўзи? Расул алайҳиссаломда бу нарса бормиди? У кишидан ўрнак олувчи уммат ўлароқ бизларнинг сўконғичлигимиз кимга туҳмат бўлиб қолаётганини англаяпмизми?

Ҳатто мушрикнинг бутини сўкишдан қайтарилган, ҳар қандай баҳсни чиройли услубда, маънолар билан қуролланиб олиб боришга буюрилган уммат – биз нега ҳисларимизни ташга чиқараётганда дин ва умматнинг обрўйини ўйламаймиз?

Нега ўзгалар бизга қараб омматан Ислом ва мусулмонлар ҳақида хулоса қилишини эсимиздан чиқарамиз? Оламдаги энг мукаммал одобни ўзига сингдириб, ўзгаларга улашиш зиммасида бўлган қавм эканлигимиз эсимиздан чиқдими?

Ислом уммати Америка ҳиндулари эмас!

Оҳирги вақт мобайнида ижтимоий тармоқда биз – аҳли дин ёзаётганларимиздан тегишли хулосалар чиқарилди. Хулосаларнинг ҳаммаси ҳам ижобий бўлмади. Ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаш учун қилган уринишларимиз кўпроқ шовқин-сурончи оломоннинг тўпалонини эслатди, ҳақ диннинг ҳақиқатларини барчага очиб беришга уриниш кўринишини олмади. «Даъват»имиз ўзгаларга янги маъноларни очиб бериш эмас, балки «бизга ҳаққимизни беринг» каби жўн луқма кўринишини олди.

Бундай манзара тўғрими? Йўқ, тўғри эмас! Ислом уммати Америка ҳиндулари эдимики, хоссатан ўз фуқаровий ҳақ-ҳуқуқлари учун шовқин-сурон қилиб курашадиган мақомда бўлса?! Йўқ, Ислом уммати Ҳақ таоло – Яратганнинг инсониятга тўғри йўналишни кўрсатиш, барча ҳаётий соҳаларни тўғри алгоритмга келтириш, бани одамни маънолар ила кўзини очиш учун юборган таълимотини яхши ўрганиб, ҳаммага танитиш вазифасидаги умматдир. Ҳар бир ютуққа шовқин-у чанг кўтариш билан эмас, балки латиф маъноларни очиб бериш билан эришишга, айнан теран маънолар ила одамларга таъсир этишга сафарбар этилган умматдир.

Биз буни ёдимиздан чиқариб қўйдик, ўзимизни қайсидир бир мазлум қабиладек ҳис этяпмиз ва шунга монанд равишда ўзимизни тутяпмиз – шовқин-сурон ва ҳуштакбозлик қиляпмиз. Мақомимизга қайтайлик!

Мақомга қайтиш

Ўзни тўғри тутиш воқеликни англаш билан бўлади. Зеро ҳаракат воқеликка номувофиқ келса натижа ҳосил бўлмайди. Нафл намоз қанчалик савобли амал бўлмасин, уйингизга ўт тушганда намоздан чалғиб ўтни ўчиришингиз вожиб бўлади. Бу – воқеликни тўғри баҳолашнинг жўн мисоли.

Яшаб турган воқелигимиз ҳам ўзига хосдир. Унинг ўзига хослиги – жамият онгида кўплаб маънолар ўз жойидан силжиб кетиб, тескари маъно касб этганидадир. Мусулмон умматининг ҳозирда лозим бўлган мақоми – манъноларни ўз ўрнига қўйишда жамиятга ёрдам бермоғи, жамиятнинг кўзини очмоғидир. Айнан шундай – маънавий-маърифий-интеллектуал фаолият ҳақ таълимот соҳибларига ярашадиган фаолиятдир ва шу тобдаги вазифасидир. Ва айнан шу вазифани бажармаслик умматнинг – вазифасини бажармаётган умматнинг танг ҳолатда қолавериши учун етарли асосдир. Зеро ўз вазифасини бажармаган умматнинг иши ривожга юз тутиши ҳали кўрилмаган.

«Фаоллик» сўзини қандай тушунамиз?

Мазлум ҳиндуларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари йўлидаги фаолликлари билан мусулмонларнинг – нажот бўлиб келган таълимот эгаларининг фаолликлари турланиши керак – ўртасида моҳиятан катта фарқ бўлмоғи лозим. Бўлмаса, бўлмайди. Бўлмаса илоҳий таълимотга – маънавий-мантиқий малҳам ўлароқ нозил бўлган динга нисбатан ҳақорат бўлиб қолади. Инчунун аҳли мусулмоннинг фаоллиги мақомларига монанд равишда – маънолар жабҳасида, дунёқарашларни тузатиш, мантиқларни жойига келтириш доирасидаги фаоллик бўлмоғи керак. Айнан шу соҳада эришилган ҳар бир муваффақият умматнинг бошига келадиган ҳар бир яхшиликка сабаб бўлса не ажаб! Ҳозирча эса биз аксар шовқин кўтараяпмиз, холос.

Новаторлик

Ислом дини ер юзига энг катта новация бўлиб келди!

Шу аснода инсоният ўша пайтда ақли бовар қилмаган, хаёлига сиғдиролмаган нарсаларга дуч келди. Ижтимоий тенгликни хаёлига ҳам келтирмаган инсониятга «ҳар бир инсон келиб чиқиши, бой-камбағаллиги, терисининг рангига қарамасдан тенгдир» деган тамойилни Америка оталари эмас, балки айнан Ислом дини 1400 йил аввал эълон қилди ва шу аснода бани одам ҳақиқий демократия ҳақида тушунчага эга бўлди. Табиатни ўрганишни шайтонга хизмат қилиш деб атаган Христиан черковига раддия ўлароқ Ислом дини атроф-дунёни ўрганишга чақирди ва шу аснода илм-фан юзага келди. Ислом дини келтирган мазкур икки нарсадан – демократик жамият ва илм-фандан юз угириш натижасида мусулмонлар таназзулга учрадилар ва айнан шу икки нарсани мусулмонлардан қараб ўрганган ғайридинлар ривожга юз тутдилар.

Эндиликка келиб инсониятнинг «кўзи ўрганиб қолган», цивилизацияни олдинга сурган омилларнинг асос-манбайи ғарбликларнинг топқирлиги эмас, балки илоҳий таълимот – Ислом динидир. Аммо мусулмонларнинг аҳволи, қанчалик улар «Ислом бизнинг динимиз!» деб ҳайқирмасинлар, ўнгланмаяпти. Нега?

Ислом бизнинг динимизми?

Албатта, ҳар бир мусулмоннинг дини Исломдир. Аммо «Ислом бизнинг динимиз», «динимиз Ислом» каби сўзлар янграганда кўпинча кишилар ўзи билмаган-танимаган нарсани ўзиники қилиб олгандек туюлаверади.

Диний рамзларга бурканиб олиб, аммо жиндек латиф маънога дуч келганда тушунолмай чекинадиган бўлиб қолган бизлар, ўзининг устида ишламайдиган, вақтини китоб ўқишга эмас, балки латифа-ю ҳангомаларга, улфатчилиг-у базмхўрликка бағишлайдиган бўлиб қолган бизлар «инсониятнинг кўзини очувчи уммат» мақомига қанчалик тўғри келамиз, бу аҳволимизда «Ислом бизнинг динимиз!» дейишимиз қай даражада ўринли?

Креативлик – тириклик аломати

(Ажнабий сўзларни атай ишлатяпман – дунё истеъмолида бўлган сўзларни билишимиз керак).

Ислом дини ҳақида тасаввур омма онгида унинг аслига бирмунча зид бўлиб қолгани эътиборимиз марказида бўлмоғи лозим. Мазкур ҳолатни ўзгартириш учун эса шаклланган стереотипларни – онгсиз равишда ўзлаштирилган тушунчаларни кетказиш, жойи келганда бузиб-синдириш лозим бўлади. Бунга эса фақат креатив (ижодий) интеллектуал-илмий уриниш билан эришилади. Нотўғри тушунчаларни енгишнинг ягона услуби уларнинг ўрнига тўғри тушунчаларни келтириш, катта-ю кичикнинг дунёқарашида ўзгариш ҳосил қилишдир.

Ҳозирдаги бизга лозим бўлган мақом – маънолар устида ишлаш (шовқин кўтариш эмас). Янги воқелик айнан янги услубларни излашни тақозо қиляпти. Аввал қўлланган услуб ва иборалар кўп маротаба ўринсиз, илмсиз, ихлоссиз ишлатилганлиги боис ҳалқ онгида бирмунча сийқаси чиққани, таъсир кучини йўқотиб қўйгани сабабидан ҳозирги босқичда бироз янги сўз ва услублар зарур эканлигини англамоғимиз зарур. Динни ўзига хос тарзда, «эскилик» деб қабул қилишга одатланиб қолган омманинг тафаккурини тубдан ўзгартириш учун ақл ва истеъдодлар – ички заҳира сафарбар этилмоғи зарур. Шу ўринда таназзул пайтида имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг кўрсатган бу йўсиндаги шахсий қаҳрамонликларини – мисли йўқ ижодий-интеллектуал  уринишларини – стереотипларни бузиб ташлаганларини эсламоқ лозим. Биздан шундай шижоат ва... самимият талаб этилмоқда.

Эски, таёр услубларни кўр-кўрона ишлатишда давом этишимиз эса шижоатсизлигимизнинг, ўз устимиздан ишлашни хоҳламаганлигимизнинг даракчиси бўлиб қолади...

Иститоъа

Ўткан 100 йилда бир нечта авлод алмашинди ва бу оралиқ вақт мобайнида янги формация – ўзига хос дунёқарашли омма юзага келди. Бу давр мобайнида кўплаб онгсиз кўникмалар халқнинг онгига жойлашди. Буни албатта ҳисобга олиш керак. Масалан, ҳозирда юз бераётган баъзи келишмовчиликларнинг асл сабаби чуқур мафкуравий зиддият эмас, балки айнан содда (примитив) стереотиплар – кўз ўрганмаган нарсаларни кўриб сесканиш – эстетик шок олишдан бўляпти. Бу онгсиз равишда содир бўладиган ҳолат бўлиб, секинлик билан, айнан секинлик билан муолажа қилинадиган нарсадир.

Омманинг иститоъасини шаксиз ҳисобга олиш керак. Зеро буни ҳисобга олмаслик сесканиш ҳолатларига олиб келади. Ҳар қандай шок ҳолати эса шокка қарши механизмлар ишлаб кетишини, қарши ҳаракатни тақозо қилади. Ўзаро тушунишдан, муросадан ва маънавий озуқаланишдан эса узоқлаштиради. Бу эса айни зарардир.

Нечоғлик қусурли бўлмасин мазкур дунёқарашни илмий таҳлил қилиш, у ҳақда яхши тасаввурга эга бўлиш ва у билан муомала қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқмоқ керак. Илмий ёндашилмаган ишда барака йўқ, зеро бу қоронғу хонада ҳаракатланиш билан баробардир.

Илмий ёндашув

Илм фақат китобларда мужассам бўлган нарса эмас, балки воқелик билан муносабатга киришиш асносида доим – узлуксиз тўлдириб бориладиган нарса эканлигини, илмий изланишдан тўхташ эса таназзул сабаби эканлигини ниҳоят ёдимизга олишимиз керак.

Мавжуд воқелигимизнинг тафсилотларини бўлакларга бўлиб, алоҳида ўрганишимиз (анализ) ва кейинчалик қайта йиғиб (синтез) воқелигимиз тўғрисида яхлит тасаввур – илм ҳосил қилишимиз лозим. Ва шу аснода ўша – ўзига хос дунёқарашга эга бўлган омма халқимиз билан муносабатга киришишнинг тўғри тартибини ишлаб чиқмоқ, иститоъасини пухта билмоқ керак. Зеро Ислом – илм дини.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, биздан самимият ва ихлос ила изланиш талаб этилади. Ва сўзимиз қанчалик кучли ва ишончли бўлса, ва натижага олиб келса, катта-ю кичик, шоҳу-гадо сўзимиздан таъсирланса, шунчалик ўзимизга енгиллик келади.

Ўзига хос синов бу. Ҳар доимгидек.

Муҳаммад Шакур

 

Манба: azon.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг