Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рим папаси Исроил–Фаластин зиддияти ечимини айтди

Рим папаси Исроил–Фаластин зиддияти ечимини айтди

Фото: AP

Рим папаси Лев XIV Исроил билан бир қаторда Фаластин давлати бўлиши минтақадаги зиддиятга барҳам беришнинг ягона йўли эканини таъкидлади.

«Ватикан кўп йиллардан буён икки давлат тамойилини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аммо ҳаммамиз биламизки, Исроил бу ечимни қабул қилмаяпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу — зиддиятга барҳам беришнинг ягона ечимидир», — деди Рим папаси Ливанга ташрифи чоғида.

Католик дунёси етакчиси бу борада Ватикан воситачилик қилишга тайёр эканини қайд этган. 

Рим папаси Байрутдаги ваъзида дунё бўйлаб зўравонлик авж олганига ҳам эътибор қаратган.

«Ён-атрофимизда, бутун дунёда тушкунлик ва ожизлик ҳисси ғалаба қозонаётганга ўхшайди. Одамлар тарихнинг ўзанини ўзгартиришга қодир эканига ишонмай қўйган кўринади», — деди Лев XIV.   

Исроил 2023 йил 7 октябрдан 2025 йил 10 октябрга қадар Ғазо секторида олиб борган урушда 70 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилди. Ўзаро сулҳ битими кучга кирган 2025 йил 10 октябрдан кейин ҳам Исроил аскарлари ўқидан камида 354 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Аввалроқ америкалик қўшиқчи ижтимоий тармоқ орқали Рим папаси Лев XIVга мурожаат қилиб, уни Ғазо секторига боришга чақирган, бегуноҳ болаларни қутқаришга ундаган эди.

Ватикан Исроилнинг Ғазо секторидаги хунрезлигини танқид қилиб келади. Хусусан, жорий йил 21 апрел куни вафот этган Рим папаси Франциск ҳам Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабларни бомбалаши оқибатида бегуноҳ болалар нобуд бўлаётганини танқид қилганди.

Танқидлар сабаб расмий Тел-Авив Рим папаси вафоти юзасидан чоп этган таъзиясини ҳам “қайтариб” олгани маълум.

Рим папаси Лев XIVнинг Ливанда берган баёноти Фаластин давлати тузилиши ўта муҳим масала эканини яна бир карра ёдга солди.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил ҳукумати мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июл куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жорий йил 11 сентябр куни Фаластин давлати тузилмаслиги учун қўлидан келган барча чораларни ишга солишини айтган.

Ҳозирга қадар БМТга аъзо мамлакатларнинг 150 га яқини Фаластинни давлат сифатида тан олган. Хусусан, жорий йил сентябр ойида Фаластин давлатчилигини эътироф этган мамлакатлар сафига Франция, Буюк Британия, Канада, Португалия ва Австралия қўшилган.

Жорий йил 12 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида Исроил–Фаластин зиддиятини икки давлат тамойили асосида ҳал этиш кўзда тутилган декларация кўпчилик овоз билан қабул қилинган эди. Моҳият эътиборига кўра Фаластин давлат тузилишини ёқловчи мазкур ҳужжатни 142 давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг