Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанд Иқлим Форумида қандай натижаларга эришилди?

Самарқанд Иқлим Форумида қандай натижаларга эришилди?

Жорий йилнинг 4–5 апрель кунлари Ўзбекистон яна бир муҳим халқаро тадбир — Самарқанд Иқлим Форумига мезбонлик қилди.

Мазкур форум Марказий Осиё тарихидаги иқлим масаласига бағишланган илк тарихий воқеликка айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг уч нафар ўринбосари, БМТнинг экология йўналишидаги ташкилотлари, конвенциялари раҳбарлари, бир қанча давлатлар, халқаро ташкилотлар ва агентликларнинг (UNCCD, FAO, UNIDO, UNECE, ICBA ва ҳоказо) 30 дан ортиқ экология соҳасига масъул вазирлари, етакчилари ҳамда бошқа кўплаб хорижлик мутахассисларнинг иштироки Форумнинг нуфузини янада оширди.

Форумда Яшил ривожланиш концепцияси тақдимоти бўлиб ўтди ва ушбу концепцияни Бразилияда бўлиб ўтадиган COP30 доирасида тасдиқлаш учун тегишли чоралар кўришга келишилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2023 йилда COP28 да расман ишга туширилган саноат декарбонизацияси ва глобал даражада жамоавий ҳаракатни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилувчи, юқори иқлим амбицияларига эга 43 мамлакатнинг ихтиёрий коалицияси ҳисобланган «Climate Club»га аъзо бўлди.

Маълумот учун, «Climate Club» фаолияти учта асосий йўналишни қамраб олади: ташламаларни камайтириш бўйича шаффоф сиёсатни амалга ошириш, саноатни ўзгартириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ташкилотнинг асосий мақсади Париж келишувини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва глобал соф «ноль чиқинди»га эришиш учун иқлим бўйича ҳаракатларни тезлаштиришдир.

Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши кураш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги Англашув Меморандуми имзоланди. Мазкур Меморандум Ўзбекистон ва Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши курашиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни бошқариш соҳасида аниқ ҳаракатлар ва тадбирларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга хизмат қилади. Мақсад Ўзбекистоннинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор, иқлим шароитига чидамли ва эмиссияси кам бўлган ривожланишига ҳисса қўшиш ва турли халқаро конвенциялар, шартномалар шартларини бажаришда қўллаб-қувватлашдир.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги ўртасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University)кадрлар тайёрлаш учун квота ажратиш тўғрисида Меморандум имзоланди. Унга кўра, Қирғиз Республикаси талабаларига 9 тагача квота ўринлари ажратилади (бакалавриат таълим йўналишлари учун 5 тагача, магистратура таълим йўналишлари учун 4 тагача). Меморандумдан мақсад минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгариши соҳасида салоҳиятли кадрлар сонини оширишдан иборат.

Бундан ташқари, БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича ўзаро Англашув Меморандумига имзо чекилди. Унга кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва болалар учун муҳим хизматларнинг инклюзив, барқарор ва экологик хавфларга тайёр бўлишини таъминлаш йўли билан болалар ва ёшларнинг чидамлилигини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожлантирилади. Шунингдек, долзарб экологик масалаларда болаларнинг иштироки кенгайтирилади ва уларнинг саломатлигини таъминлаш устувор вазифага айлантирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг