Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурайё Раҳмонова: «Судда илож бор-у имкон йўқ...»

Сурайё Раҳмонова: «Судда илож бор-у имкон йўқ...»

Сурайё Раҳмонова, Судьялар олий мактаби Жиноят ҳуқуқи кафедраси мудири.

Фото: «Xabar.uz»

Икки ҳафтадирки, оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони, унда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши борасида тинимсиз ёзилмоқда. Бу бежизга эмас. Шубҳасиз, мазкур ҳуқуқий ҳужжат суд тизимида янги давр бошлаб бермоқда. Демак, унинг мазмун-моҳияти ҳақида кўп ва хўб гапирилиши ортиқчалик қилмайди, аксинча, шундай бўлиши керак ҳам. Бироқ айни мавзуда қилинаётган кўп чиқишлардаги бир хиллик, такрорлар-у «ура-ура»га ўхшаш ҳолатлар кўзга ташланаётирки, буни на ҳуқуқий тарғибот, на фармон моҳиятини тушунтириш, деб бўлади! Тарихий фармон ҳақида «птичка» учун мақола ёзилмайди-да, ахир?!

Куни кеча электрон почтамизга  шу мавзуда навбатдаги мақола келди. Муаллифи таниш — Сурайё Раҳмонова! Бош прокуратура матбуот хизматига бир муддат раҳбарлик қилса-да, ўзига хос «имзо» чекиб кетган Сурайё Маҳмудовна айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Жиноят ҳуқуқи кафедраси мудири вазифасида фаолият юритмоқда. Юридик фанлари доктори илмий даражасига эга олима ўз докторлик диссертациясида суд амалиёти учун дастлабки эшитув тартибининг нечоғли салмоқли аҳамиятга эгалиги, хусусан, айни  инсититутни миллий қонунчиликка татбиқ этиш бўйича анчадан буён бонг уриб келаётганидан қисман хабаримиз бор эди. Биласиз, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони билан жиноят судларида дастлабки эшитув жорий этилмоқда. Демак, айни мавзуда  Сурайё Раҳмонованинг фикр-мулоҳазалари яхшигина тош босиши эътиборидан олимага мамнуният билан минбаримиздан жой бердик.

Дастлабки эшитув ўзи нима?

Дастлабки эшитув — суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита суд назорати шаклларидан бири ҳисобланади. У одил судловга киришишнинг дебочаси бўлиб, энг муҳим тамойил — тортишув принципи асосида амалга  амалга ошириладиган  процессуал жараён. Нима учун «тортишув принципи»га кўпроқ эътибор ва урғу берилаётгани сабабини биласиз: ҳақиқат баҳсларда (тортишувларда) туғилади.

Дунё таржрибасида жиноят ишини судда кўриш учун тайинлашнинг бир нечта шакллари мавжуд (тафтиш-қидирув, тортишув-таъминловчи, аралаш модель),  бироқ улардан энг самаралиси тортишув — таъминловчи модель экани алоҳида эътироф қилинади. Нега? Мазкур босқичда барча масалалар суд муҳокамаси доирасида (яъни, дастлабки эшитув жараёнида) ҳал этилади. Яъни, юқорида айтдик, аввало жараёнтортишув шаклида олиб борилади ва бунда айбланувчи ва ҳимоячи иштироки шарт бўлади. Энг муҳими, шу босқичнинг ўзида ишни тугатиши имконияти бор.

Хорижий тажрибаси қандай?

Дастлабки эшитув институти у ёки бу шаклда қатор хорижий давлатлар жиноят процессида амал қилади. Масалан, англо-саксон ҳуқуқ тизимида намуна сифатида дастлабки эшитув (preliminary hearing) классик шакли Буюк Британияда вужудга келган. Мазкур давлатда жиноятлар тўғрисидаги ишлар юзасидан дастлабки эшитув магистрат-судья томонидан олиб борилади. Бунда судья судланувчининг айбдорлиги масаласига тўхталмай, балки жиноят иши бўйича далилларнинг етарли-етарли эмаслиги, барча далиллар мақбул ё номақбул экани бўйича хулоса қилади. Эътиборлиси, судьяда айблов томонидан (айни шу босқичда) тақдим этилган далилларни кўриб чиқмаслик ҳуқуқи сақланади.

АҚШ магистрат судларида ҳам деярли шунга ўхшаш жараённи кузатиш мумкин  (preliminaryexamination). Бироқ, дастлабки эшитувнинг америкача шакли  ўзига хос жиҳатларга эга. АҚШда дастлабки эшитув асосан қамоқ қўлланиши мумкин бўлган оғир жиноятлар (фелония) бўйича ўтказилади. Энг муҳими, дастлабки эшитув натижалари бўйича ишнинг кейинги ҳаракати зарурати борми ёки йўқми деган асосий саволга жавоб берилади. Алоҳида таъкидлаш зарурки, АҚШ жиноят ишлари юритувида дастлабки эшитув суд жараёнининг «марказий майдони» (таъбир жоиз бўлса, албатта) ҳисобланиб, ишларнинг 96 фоизи (!!) дастлабки эшитувда кўрилиб, ҳал этилади.

Бу албатта, АҚШ суд юритувининг тарафлар ўртасидаги ниҳоятда кучли тортишувга асосланганлиги билан англашиладики, дастлабки эшитувда жиноятнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш билан эмас, айблов ва ҳимоя тарафлари позициялари ўртасида далилларнинг «сифати» ва процессуал «оқибати» юзасидан гоҳида ўзаро жанг, гоҳида ўзаро келишув шаклида муҳокама боради.

Континентал ҳуқуқ тизимига кирувчи давлатлар, хусусан, Германия, Франция, Испания жиноят ишлари юритувида ҳам дастлабки эшитув тартиби амал қилиб, у ўзига хос шаклга эга. Масалан, Германияда  дастлабки муҳокаманинг ўзига хос модели амалда бўлиб, судьяга назорат ва текширув функциялари юкланади. Франция дастлабки эшитув институти аналоги сифатида дастлабки тергов фаолияти тергов камераларида амалга оширилиб, ишни судга юбориш масаласи терговчи-судья томонидан ҳал этилади. Испанияда мураккаб бўлмаган ишларга нисбатан терговнинг тезлаштирилган тартиби (Juiciorapido) қўлланилади. Бунда 72 соатдан кўп бўлмаган вақтда терговчи-судья томонидан олиб борилган текширув асосида тезлаштирилган суд тартибини қўллаш тўғрисидаги қарорга келинса, прокурор ва айбланувчи иштирокида дастлабки эшитув тайинланади ва унинг доирасида ишни тугатиш ёки суд муҳокамасини ўтказиш масаласида бир тўхтамга келинади.

МДҲ давлатларида-чи?

Ўзбекистон билан ягона ўтмиш ва узоқ йиллар мобайнида умумий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий манфаатларга эга бўлган собиқ иттифоқнинг айрим давлатларида дастлабки эшитув институти аллақачон жорий қилинган. Мазкур институт Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон «дастлабки эшитув», Озарбайжонда «суд тайёрлов мажлиси», Туркманистонда «дастлабки муҳокама», Молдовада «дастлабки мажлис» дея турлича аталса-да, моҳиятан деярли ягона модель асосида амалга оширилади. Яъни, айни жараён алоҳида ихтисослашган судья томонидан эмас, балки келгусида жиноят ишини кўриб чиқадиган судьянинг ўзи томонидан ўтказилади. Дастлабки эшитув жараёнида ҳал этиладиган масалаларда ҳам уйғунликлар кўп.

Энди ўзимизга қайтсак. Дастлабки эшитув суд амалиётидаги қандай оғриқли муаммоларни ҳал этади?

Амалдаги Жиноят-процессуал кодексида (396-модда) жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш масаласи тартибга солинган. Бироқ айни босқич формал бўлиб, унда судья қатор ваколатларга эга бўлса-да, реал процессуал имкониятлар масаласида катта ҳуқуқий бўшлиқ бор. Ғирт ўзбекча айтсак, судьяда илож бор-у имкон йўқ...  Масалан, судья жиноят ишини ўзи фаолият юритаётган суд судловига тегишлигини аниқлади, дейлик. Энди унинг олдида жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш масаласи кўндаланг бўлади. Мана шу ерда ҳақиқий мураккаблик юзага келади. Гап шундаки, судьяда якка тартибда (тарафлар иштирокисиз!) жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатиш учун асослар бор ёки йўқлигини аниқлашнинг реал имкони деярли мавжуд эмас. Мисол учун, жиноят иши судга келиб тушган вақтда амнистия  эълон қилинди ёки ишни шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатиш асослари аниқланиб қолди. Ҳар икки ҳолатда ҳам айбланувчининг ўзи ва унинг ўз айбига иқрорлиги ёзма равишда талаб этилади. Энди айтинг, судья якка ўзи бу масалани қандай ҳал эта олади? Амалиётда шундайки, судья ишни тугатиш асоси мавжудлигини яққол кўриб турсада, ноилож бунга кўз юмиб, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлайди. Сўнг суд мажлисида — тарафлар иштирокида бу масалани ўрганиб, жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилади. Қанча оворагарчилик, вақт исрофини айтманг, муҳими — юқорида айтган гап: судьяда илож бўлиб, имконият бўлмаган ҳолатга ёрқин мисол шу.

Ёки судья томонидан аниқланиши лозим бўлган яна бир ҳолат — жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш учун асослар етарлими, деган масалани олайлик. Ишни судда кўриш учун «барча асослар етарли» дейиш учун ўзи қандай шартлар бажарилган бўлиши зарур? Асосларнинг етарлилиги айнан нима билан белгиланади? Афсуски, қонунда ҳам, суд амалиётида ҳам бунинг ягона мезони йўқ! Судьяларимиз эса иложсизликдан «ишни судда кўриш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги — ишни судда кўриш учун барча асослар етарлилигини билдиради» деган мантиққа таянадида, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги қарорида айнан шундай деб баён қилади!

Буларнинг барчаси мазкур босқичнинг айрим муаммолари, дастлабки эшитув институти афзалликлари ва унга эҳтиёж  қанчалик зарур эканига кичик чизгилар, холос. Эндиям шу пайтгача ишни судда кўриш учун тайинлашнинг  «кабинет шакли» тарафларнинг ҳуқуқини чеклаб келгани, судьяларнинг «имкон бор-у илож йўқ» кўринишида ишлаб келгани ҳақида тасаввур ҳосил қилдингизми? Шу ва шу каби қонунчиликдаги бўшлиқларнинг тўлдирилиши суд мустақиллигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, судда тарафлар тортишуви принципини янада кенгайтиришга хизмат қилиб, ишни мазмунан кўрилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради. Зеро, айнан шу босқичда тегишлича илтимоснома киритилиши асосида далилларнинг номақбуллиги масаласи ҳал этилиб, айблов тарафига иш юзасидан тўпланган далиллар мужмуасини янада синчковлик билан ва ҳар томонлама тадқиқ этиш масъулияти юкланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг