Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой қалтис танлов қаршисида

Хитой қалтис танлов қаршисида

Фото: Xinhua

Пекин сиёсий бошқарув борасида жиддий дилемма қаршисида қолмоқда. Хитой коммунистик партияси (ХКП) Марказий қўмитасининг пленуми якуни таҳлилчилар томонидан ана шундай баҳоланди. 

Жорий йил 26–29 октябр кунлари Пекинда ХПК Марказий қўмитасининг 5-пленуми бўлиб ўтди. 

Расмий хабарга кўра, ХКП Марказий қўмитаcи бош котиби Си Цзинпин пленумдаги чиқишида коррупцияга қарши кураш масаласини бир неча ўринда тилга олган. Хитой раиси ўз нутқида марксизм-ленинизм ҳамда Мао Цзэдун ғояларини, Дэн Сяопин назарияси ва ўзи илгари сурган Хитойга хос социализм мафкурасини ҳимоя қилиш лозимлигини урғулаган. 

Пленум мобайнида Си Цзинпиннинг мамлакат ва партия бошқарувидаги сиёсий қатъияти олқишланган.

Коммунистик партиянинг барча аъзоларига Си Цзинпин бошчилигидаги Марказий қўмита теграсида бирлашиш таклиф этилган.

Таҳлилчилар фикрича, Хитой раиси ушбу чиқиши орқали барча даражадаги амалдорлардан тўлақонли итоат ва садоқатни талаб қилган.  Хусусан, Лондон Қироллик коллежи ҳузуридаги Хитойни ўрганиш институти директори Керри Браун Хитой раиси мамлакатда беқарорлик манбаларини илдизи билан йўқ қилишга уринмоқда деб ҳисоблайди.

«Бу хатти-ҳаракатлар янада қатъий тарзда давом этиши аниқ, чунки партия ўз сафларида бирлик ва темир интизом бўлмаса, дунёдаги бошқа сиёсий кучлар каби пароканда ва заиф бўлиб қолишини яхши билади», — дейди Керри Браун.

Хитой етакчиси яқинда сўзда марказий ҳукуматга садоқат изҳор этса-да, амалда шахсий манфаатларини устун қўяётган “иккиюзламачи мулозимлар”ни аниқлаш ҳақида гапирган эди.

Керри Браун наздида, айни вақтда Хитой сиёсий тизими жиддий дилеммага рўбарў келган. Агар турли даражадаги амалдорларга муаммоларни ҳал этиш бўйича мустақил ташаббус кўрсатишга изн берилса, партия назорати сусайиши мумкин. Партия ичида назорат кучайтирилган тақдирда эса ташаббуслар сўниши мумкин. 

Сингапур миллий университети ходими, сиёсатшунос Чонг Жа Иан таъкидича, Хитой раиси партия мулозимларига чегараланган доирада мустақил қарор қабул қилиш имконини бермоқда.

«Менимча, Си мулозимлар муайян вазифаларни бажаришда янада фаолроқ ва қатъиятлироқ ҳаракат қилишини хоҳлайди. Лекин у, илгаригидек, уларнинг фикр-мулоҳазаларида мустақил бўлиб, ўзи белгилаб берган курсни шубҳа остига олишини истамайди. Си талаб қилаётган ташаббускорлик қарорлар қабул қилишга эмас, балки уларнинг ижросига тегишлидир», — деб ҳисоблайди Чонг Жа Иан.

Халқаро ҳамжамият 73 ёшли Си Цзинпин ўз ўрнига кимни ворис қилиб қолдириши мумкинлигини ҳам қизғин муҳокама қилмоқда.

Келгуси йилда у тўртинчи бор ХКП Марказий қўмитаси бош котиби, яъни давлат раҳбари этиб сайланиши кутилмоқда. Шу тариқа у 2032 йилга қадар олий ҳокимиятда қолиш имконини қўлга киритади. 

Экспертлар фикрича, Си Цзинпин ворис танлови борасида ҳам дилеммага дуч келиши аниқ. Агар у ҳозирдан ўз ворисини очиқласа, унинг сиёсий мақоми заифлашиши мумкин. Бошқа томондан, ворис масаласидаги мавҳумлик мамлакатда беқарорликка олиб келиши ҳеч гап эмас. 

“Ислоҳотлар отаси” Дэн Сяопин давридан бери Хитой жамоавий тарзда идора этилган. Давлат раҳбарлари ҳам одатда кўпи билан икки ваколат муддат давомида (10 йил) мамлакатни бошқариб, сўнг ихтиёрий равишда ўз ўрнини ворисига топширган.

2013 йилдан бери Хитойни бошқариб келаётган Си Цзинпин ушбу анъанага чек қўйиб, иккинчи ваколат муддати тугаганидан кейин ҳам ҳокимиятда қолди. 2023 йилда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатлари бир овоздан Си Цзинпинни учинчи беш йиллик муддатга Хитой раиси лавозимига қайта сайладилар.

Гап шундаки, у 2018 йили мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш ва давлат раҳбари икки муддатдан ортиқ лавозимда қолишига доир чекловни бекор қилишга муваффақ бўлганди.

2021 йилда ХКП Марказий қўмитасининг олтинчи пленуми якунида Хитой раҳбари Си Цзинпин ташаббуси билан коммунистик партиянинг асосий ютуқлари ва тарихий тажрибаси хусусида ҳужжат қабул қилинган эди. Эътиборга молик жиҳати, замонавий Хитой тарихида мамлакат учун дастуриламал саналган бундай ҳужжат бор-йўғи икки марта — Мао Цзэдун (1945) ҳамда Дэн Сяопин (1981) даврида қабул қилинган.

Шунга кўра Ғарб матбуоти ўшанда Си Цзинпиннинг ушбу ҳаракатини “тарихни қайта ёзишга уриниш” деб баҳолаган.

Аввал хабар берганимиздек, йил бошида Хитой Халқ-озодлик армияси олий раҳбариятига қарши мисли кўрилмаган кампания бошланган, жумладан, юқори лавозимли генераллар сиёсий саҳнадан четлатилган эди. Айрим экспертлар бу жараёнларни навбатдаги партия қурултойи арафасидаги ҳокимият учун кураш билан изоҳлаганди.

Айни чоқда, оммавий ахборот воситалари Си Цзинпиннинг жисмоний ҳолати ва саломатлиги билан боғлиқ хавотирлар ҳақида ҳам ёзгани маълум.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг