Хоразмда ким камбағал? Ёхуд қишлоқ хўжалиги вазирига иддаолар
Кишилик жамияти мавжуд экан, бой ва камбағал тушунчаси ҳеч қачон архиак атамага айланмайди. Бироқ ҳамма замонда ҳам давлати олия ўз фуқроларининг тўқ ва фаровон яшашини таъминлашга интилган, бунинг уддасидан чиқолса, фахрланган.
Бугун Ўзбекистонда давлат одамларни рози қилиш, уларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш борасида муҳим стратегик тадбир ва режаларни амалга оширмоқда. Бу борада халқ манфаати йўлида ўртага ташланган ҳар қандай таклиф ва лойиҳалар эътибордан четда қолдирилмаяпти. Ана шуни инобатга олган ҳолда мен ҳам қишлоқ жойларида яшовчи аҳоли турмуш тарзини юксалтириш, фаровонлигини таъминлашга оид муҳим таклиф ва мулоҳазаларимни очиқламоқчиман.
Ўзбекистонда неча фоиз одам қишлоқда яшайди?
Бу саволга жавоб ижтимоий тармоқларнинг маълумотлар базасида тайёр. Бироқ «Уларнинг неча фоизи доимий иш билан таъминланган?» деган саволга жавоб топиш анча мушкул. Бор жавобларга эса шубҳалар етарли. Аслида ҳар бир қишлоқ ва овулларда ишсизлик — энг оғриқ нуқта саналади. Бу муаммони ҳал қилиш учун маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари томорқа хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим тавсияларни мунтазам равишда бериб келади.
Афсуски, қишлоқда яшовчи ҳаммада ҳам қўшимча томорқа мавжуд эмас, ҳамма-ҳамма ҳам тадбиркорликни эплай олмайди. Чунки тадбиркорликни бошлаш учун банкдан кредит олишга ҳамманинг ҳам юраги бетламайди. Олинган кредитни ўз вақтида қайтариш учун иқтисодий билим зарур. Ҳар кимнинг билим-савияси эса турлича...
Тадбиркорлик қўлидан келмайдиган одам деҳқончиликнинг уддасидан келиши мумкин. Ахир қишлоқ одами – дала фарзанди, зироатчилик илми унга она сути билан киради. Бироқ бугун ҳамма жойга фермер хўжайин. Ҳайҳотдай қишлоқни тўртта фермер бошқармоқда. Ўша тўртта фермерда неча нафар ишчи ишлаётгани билан қизиқаётган раҳбарнинг ўзи йўқ.
150 гектар ерга эга фермер хўжалигида ҳужжатларга кўра 10 нафар ишчи меҳнат қилади. Ҳар бир ишчига масъуллик 15 гектар ердан тўғри келади. Хўш, бир нафар ишчи 15 гектар ерни назорат қилиб, кам-кўстига қарашга улгуроладими? Мутлақо йўқ! Чунки ҳали Ўзбекистонда ғўза ниҳолларини ягана қилиш, бегона ўтлардан тозалаш, чеканка қилиш каби ишларни бажарадиган техника кашф қилинмаган. Бундай ишлар қўлда бажарилади. Агар бир нафар ишчи кучи 1 гектар ер майдонини бегона ўтлардан тозалаш, чеканка қилиш ва сув таратиш ишларига етишини инобатга олсак, қолган 14 гектар ер қаровсиз қолади. Шу сабабдан ҳам бугун Хоразмда аксарият далаларни бегона ўт босиб ётибди. У ерга пахта экилганми ёки шувоқ, фарқига бориш жуда мушкул. Бу ҳолат эса ҳосилдорликка кескин салбий таъсир етказишини қишлоқ хўжалиги мутахассислари жуда яхши билишади.
Оилавий пудрат асосида ерлар бўлиб берилганида ҳар бир хонадонга 1 ёки 2 гектар ер тақсимланади. Ўзига биркитилган ерда бутун оила бор меҳри ва эътибори билан меҳнат қилади. Қарабсизки, меҳр билан парвариш қилинган ерда ҳосилдорлик ростакамига ошади. Бугунгидай фақат қоғозда эмас.
Бугунги кунда фермер хўжалигида ҳужжатлар бўйида ишчи бўлиб ишлаётганлар рўйхатига эътибор қаратиладиган бўлсак, улар орасида бегона одамнинг ўзи йўқ: фермернинг хотини, келини, қизи, ўғли, ака, ука опа, сингил, жиянлари...
Минг-минг таассуфки, ҳақиқатан далада меҳнат қилиб, ишчи сифатида ёлланган йигит-қизлар ана шу фермернинг қариндошлари номи билан ишлашади. Тўғри, ойлик маошини шу қоракўзлар олишади, лекин меҳнат дафтарчаси фермернинг яқинлари номига ёзилади. Эрта-индин пенсияга чиқиб, пенсия пулини нақд санаб оладиган ҳам фермернинг яқинлари. Чинакам меҳнатни қилганлар эса шалвираб қолаверади. Бу — бугун тамал тоши қўйилган келажак фожиаси.
Ҳоразмда ҳар бир фермер ўз хўжалигида 50-60 гектар кузги буғдой етиштиради. Ана шу «кузги буғдой» деган тушунча давлат кўзини шамғалат қилишдир, холос. Фермер буғдой етиштириш орқали давлат омборини донга, ризқ-насибага тўлдиради. Орқасидан эса миллион-миллион сўм маблағни ўмариш билан шуғулланади.
Очиқроқ тушунтириш пайти келди. Ёзнинг илк кунлариданоқ фермерлар ғалла ҳосилини ўриб, янчиб топширади. Маҳаллий ҳокимлик томонидан буғдойдан бўшаган ўнлаб гектар ерга иккиламчи экин сифатида мош ва бошқа сабзавот экинларини экиш тавсия қилинади. Фермерлар эса қоғозда бу тавсияларни аъло даражада бажаришади. Ҳа, фақат қоғозда! Амалда эса одамларга ҳар бир гектар ерни 6-7 миллион сўм атрофида баҳолаб, шоли экиш учун сотишади. Хоразмда одамларнинг бўсағасига шолипояга айланган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси тавсия ва йўриқномаларига кўра шоли аҳоли яшайдиган ҳудуддан 2 км. олис масофада экилиши шарт. Чунки шоли сувда парваришлангани боис ерни тез захлатиб юборади.
Ер сотиб кекириб юрган фермерлар учун бу тавсия ва йўриқномаларнинг сариқ чақачалик қиймати йўқдай. Негаки, улар хоҳлаган жойга: одамлар ҳовлисига шундоқ бир қадам майдонгача шоли экишяпти.
Шоли эккан, албатта яхши. Чунки шоли бу — ризқ, паловхонтўра деган. Лекин фермернинг жиловини бўш қўйган давлат бундан қанчалик лаққа тушиб ўтирганини бир таҳлил қилиб кўрсак. 1 гектар буғдойдан бўшаган ер майдонини фермер 7 млн. сўмдан сотишини инобатга олсак, бундай ер майдонининг 50 гектари 350 млн. сўм бўлади.
Хўш, бу пул кимнинг чўнтагига кирмоқда? Шубҳасиз, давлатимиз кўп бошини силаб, тантилатиб қўйган фермернинг-да. Гап фермернинг шахсий чўнтаги ҳақида кетяпти.
Агар бу пул фермер ҳисоб рақамига кирим қилинганида эди, ҳар бир фермер йил давомида неча нафар қишлоқ кишисини иш билан таъминлаш имконияти вужудга келиши аниқ бўлар эди.
Масаланинг иккинчи томони шуки, буғдойдан бўшаган ер майдонларини 50х50 услубида деҳқонларга тақсимлаб берилганда давлат хазинаси янада бойиши шубҳасиз. 50х50 услуби азалдан Хоразмда «яримчи» деб аталиб келинади. Бунда фуқаро ҳосилнинг 50 фоизини ерни ижарага берувчига топширади.
Тасаввур қилинг, 1 гектар ер майдонидан 6 тонна шоли олинган тақдирда, унинг 3 тоннаси ер берувчига топширилади. 3 тонна шолидан 2-2,5 тонна гуруч олинади. Гуручнинг бугунги кундаги ўртача нархи билан ҳисоблаганда бу 17 500 000 сўм пул бўлади. Давлат 50 сотих ердан шунча фойда кўряпти. Яна шунча фойда эса ижарага олувчига қолмоқда. Бу 1 гектар ердан келадиган фойда. Қишлоқ хўжалигида минглаб гектар ер майдонлари буғдой ўриб-янчиб олингач бўшаб қолади. Ана шу бўшаган майдонлар фақатгина бир нафар фермернинг чўнтагини қаппайтирмоқда. Албатта, фермер ерни ноқонуний сотади ва қонунга зид равишда даромадга эга бўляпти. Бу даромадидан давлатга эса на бир сўм солиқ тўламоқда, на бир ишчилар нуфузини ошириб, уларни ойлик маоши билан таъминламоқда.
Биргина қишлоқ хўжалигидаги ана шу бошбошдоқлик тартибга солинса, қисқа 4 ой давомида давлат хазинасига миллиард-миллиард сўм маблағ кирим қилиниб, юртимиз иқтисоди янада бойиган бўлар эди. Ачинарлиси шундаки, бу оддий арифметикага на маҳаллий ҳокимлик, на қишлоқ хўжалиги вазирлиги жиддий эътибор қаратаётир.
Дарҳақиқат, фермер бойимоқда. Оддий қишлоқ одами, йўғ-е давлат хазинаси эса...
Эрпўлат БАХТ,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter