Яна бир стереотип “синди”. Билим учун мукофот спортдагидан кам бўлмайди
Авваллари ижтимоий тармоқларда "спортчилар катта мукофот олади, билим учун бундай эътибор йўқ" деган гаплар кўп бўларди. Энди бу ўз аҳамиятини йўқотади.
Спортда олимпия чемпионлигини қўлга киритиш осон эмас. Олимпиада ғолиблиги — дунёнинг миллиардлаб аҳолиси орасида ўз спорт тури ва вазнида энг кучлиси бўлиш демакдир. Бундай шараф ҳар қандай спортчининг орзуси.
Шу боисдан ҳам спортга эътибор, унга бўлган рағбат, чемпионларни муносиб тақдирлаш ўзини оқлайди. Мамлакат спортдаги муваффақиятлари орқали дунёга танилади, ёшларда мотивация уйғонади. Янги Баҳодирлар, Ҳасанбойлар ва Абдуқодирлар етишиб чиқиши табиий жараёнга айланади.
Илм-фан ютуқлари ҳам шу даражада қадрланади
Бундан буён илмда ютуққа эришган ёшлар спортчилар сингари катта рағбатга эга бўлади. Илгари ҳам таълим соҳасида мукофотлар кам эмас эди, аммо энди уларнинг миқдори каррасига ошиб бормоқда.
Фақат давлат эмас, балки хусусий сектор ҳам иқтидорли ёшларнинг интилишларини муносиб баҳолашга киришди. Ҳозирда таълимда селекция, яъни энг зукко ва истеъдодли ёшларни саралаб, уларни қўллаб-қувватлаш тизими кучаймоқда.
Ўзбекистон – пешқадамлар қаторида
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олган.
Бу эътироф бежизга эмас. Аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этган юртда таълим ва иқтидорларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа саналади. Хусусан, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг илк бандларида таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз боради. Унга кўра:
Таълим учун қулай муҳит
- Чекка ҳудудлардаги 715 та мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар йўлга қўйилади.
- Барча умумий ўрта таълим муассасалари тоза ичимлик суви ва замонавий санитария инфратузилмаси билан таъминланади.
- 700 га яқин янги дарсликлар, методик қўлланмалар ва мобил иловалар ишлаб чиқилади.
- Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таълим методикаси барча мактабларга жорий қилинади.
Хусусий сектордаги ислоҳотлар
- Нодавлат таълим муассасалари сони 1000 тага етказилади.
- Келгуси беш йилда хусусий мактаблар учун 1 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
- Давлат-хусусий шериклик асосида камида 100 та мактаб қурилиши режалаштирилган.
- Халқаро молия институтлари орқали 2 миллиард долларлик таълим инфратузилмаси кенгайтирилади.
Ўзбекистонда 2024/25-ўқув йили бошида фаолият юритаётган нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 455 тага етди. Ҳозирда бу мактабларда жами 112 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда.
Ушбу кўрсаткич 2018/19-ўқув йили бошига нисбатан 8,1 бараварга ёки 98 324 нафарга кўпайган.
Рағбат
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари марказининг телеграмм каналида яқинда иккита эълонга кўзим тушди:
- бирида 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги математика олимпиадаси ўтказилиши, ғолибга BYD e2 автомобили (!) берилиши;
- иккинчисида мактаб ўқувчилари ўртасида математика, физика ва информатика фанларидан олимпиада ташкил этилиб, ТОП-ўқувчилар учун 1 млрд сўм (!), 18 нафар ғолиб учун Турин политехника университети ва AKITA университети учун 100 фоизлик грант, энг яхши мактаб жамоасига BYD Chazor автомобили ваъда қилинмоқда.
Бу — бир ҳафта ичида эълон қилинган иккита танлов. Ҳеч қандай шов-шув ҳам қилингани йўқ, чунки бундай катта ютуқли танловлар одатий ҳолга айланмоқда. Қолаверса, улар давлат бюджети ҳисобидан ўтказилаётган олимпиадалар эмас, хусусий таълим муассасаларининг ташаббуси билан ташкил этилган танловлар.
Демак, “ёш йигит-қизлар шунча пулни/мукофотни нима қилади”, деган стереотип ҳам йўқолмоқда. Авваллари катталар танловларида ҳам бундай совринлар деярли қўйилмасди, ютуғига телевизор ёки компьютер бўлса, қанча овоза бўларди.
Иккинчидан, хусусий олий таълим муассасалари иқтидорлар учун курашишни бошлашмоқда. Университетларнинг келгусидаги мақоми, обрўйи ва рейтингини иқтидорли талабалар, битирувчиларнинг муваффақиятли карьераси белгилаб беради. Улар бугун отни қамчилаб қолишмаса, сараларини хориждаги университетлар “илиб” кетишади. Бу — соғлом рақобат, яхши тенденция.
Учинчидан, иқтидорли, билимли бўлишнинг қадри ошди. Олий таълим олишда вариантлар кўпайди. Илгари битта ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етди.
Тўртинчидан, билимли ёшлар ўртасида ҳам рақобат юзага келиб, бунинг ортидан таълим сифати яхшиланади. Мактаб босқичиданоқ ёшларда аниқ мақсадлар, марралар пайдо бўлмоқда.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда катта янгиликни эълон қилди: бундан буён халқаро фан олимпиадаси ғолибларига 70 минг доллар (!) мукофот берилади. Олдин ҳам бу сумма кам эмасди (14 минг доллар), бироқ энди мукофот пули 5 карра оширилди!
Бешинчидан, "спортчилар катта мукофот олади, билимга бундай эътибор йўқ" деган гаплар энди ўз аҳамиятини йўқотади.
Ўқисанг, интилсанг, меҳнат қилсанг, ўз соҳангда энг кучли, билимли бўлсанг, албатта рағбат топасан!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter