Юртимизда тарвуз кўпу ундан шарбат ишлаб чиқарилмайди, нега? (видео)
«Озодлик» радиосининг бир видеосига кўзим тушди – «Тарвуз касоди: юзлаб деҳқон банкрот бўлди». Яъни таъкидланишича, «Ўзбекистонда полизчилик билан шуғулланадиган деҳқонлар навбатдаги иқтисодий банкротликка юз тутди. Минглаб гектарда етиштирилган тарвуз харидорсиз қолиб, далада нобуд бўлди.
Ерни ижарага сотиб олиб деҳқончилик қилганлар ҳам, ишлик бўламан деб ҳукуматнинг топшириғи билан фермерлардан ерни ижарага олган ёшлар ҳам куйиб қолди.
Деҳқончилиги баракали бўлиши умидида кимдир бор-будини шунга тикди, кимдир қарз олди, кимдир уйидаги охирги молини ҳам сотди.
Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон аграр давлат бўлгани билан, лекин унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати ривожланмаган...»
Деҳқончилик ҳам лотереяга ўхшайди. Пул тикасиз аммо, ютасизми ютқазасизми бу номаълум. Ютишингиз ва ютқазишингиз эса турли омилларга боғлиқ.
Мақоланинг мавзуси эса бу йил касод бўлган тарвуз савдоси ҳақида эмас. Балки... юқорида таъкидланганидек маҳсулотларни қайта ишлаш саноати ҳақида. Маҳсулотларни қайта ишлаш саноати ривожланмаган десак, сал хато қилган бўламиз, балки айб ўзимиздадир, изланмаслигимиздадир. Даромад катта бўлиши мумкин бўлган соҳага қизиқмаётганимиздадир. Мундоқ ўйлаб қараганда Ўзбекистонда аллақачон нафақат қоғоз қутиларда, балки шиша ва елим идишларда шарбат чиқариш яхши йўлга қўйилган, ҳатто ўзимизда етиштирилмайдиган апелсину манголарни сурати туширилган ичимликлар бугун ҳар бир дўконда бор. Анор сувини қўлбола шарбатсиққичда чиқариб катта-катта даромад олаётганларнику гапирмаса ҳам бўлади. Ундан ташқари ёзи билан талаб доимо юқори бўладиган ўрик шарбати ва сутли коктейлларни аллақачон ҳамюртларимиз даромад манбаига айлантиришган. Қора тутни ҳам увол қилишмайди. Аммо нимагадир, ўзимизда йилда мўл-кўл бўладиган тарвуздан шарбат ишлаб чиқарилмаслиги жуда ҳайратланарли. Ваҳоланки бошқа мамлакатларда аллақачон улардан турли ичимликлар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган.
Умуман тарвуздан шарбат олиш, ўрик ёки олма ва ҳатто узумни сиқиб чиқариб қайта ишлашдан жуда осон. Ва яна бир муҳим жиҳат, 95 фоизи сувдан иборат бу полиз экинининг ўртачасидан 2-3 литргача шарбат олиш мумкин, ҳеч бир қийинчликсиз... Шундай экан, нима учун деҳқон пешана тери билан етиштирган тарвузни аччиқ устида улоқтириши ва ёриб ташлаши керак. Худди анор сотувчилар шарбат сиқадиган ускунасини ўрнатиб олиб ҳам анор, ҳам шарбат сотиш билан шуғулланганидек, тарвуздан ҳам шундай фойда қилишмайди? Анорни сиқиб шарбат чиқарадиган ускунани ўйлаб топганлар, тарвуз учун шундай матоҳни ихтиро қилишолмаса? Интернетда жуда кўп тарвузга кичкина кран ўрнатиб ундан шарбат чиқаришаётганини кўрсатишади. Нафақат тарвуз савдоси касод бўлганда, балки шунчаки шу ускунадан тарвуз сотувчи ёки деҳқон ёнига қўйиб шарбат қуйиб беришса бўлмайдими, ичига бир-икки бўлак муз ташлаб, оҳ-оҳ, қандай роҳатижон ичимлик ва завқли юмуш-а.
Ёки бўлмаса нима учун ҳатто манго ва бошқа тропик мевалардан шарбат тайёрлаётган тадбиркорларимиз озроқ бош қотириб тарвуздан табиий усулда ичимлик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида ўйлашмайди.
Масалан, мохито ичимлиги жуда урфга кирган, ҳар хил мевалардан ташкил топган ичимликка икки дона хушбўй ялпизнинг бир тури мохито барги солинади ва ичимлик тайёр.
Мақолани ёзиш асносида хориждаги шарбат ишлаб чиқариш саноати ҳақидаги маълумотларни изладим. Алоҳида, фақат тарвуз билан шуғулланадиган компаниялар бор экан, шулардан бири Watermelon NFC juice.... Тарвуздан 20 хилдан ортиқ шарбат ишлаб чиқариш мумкинлигини кўриб унинг турган битгани фойда келтирувчи эканига яна бир бор амин бўлдим. Масалан, улар ҳар бир ресторан ва емакхоналарда худди бизнинг ошхоналарда албатта компот менюда бўлиши шартдек тарвуз шарбатлари жуда урфда экан – энг оддий шарбат рецепти: тарвуз, муз бўлаклари ва бир қошиқ асал ёки тарвузли мохито.
Ҳозир интернет ривожланган, айниқса фоодблогерлик яъни ошхона блогерлиги ўта ривожланган замон, инглизчадами, русчадами қайси емак ёки ичимликлар тайёрлаш ҳақида савол берсангиз қаторлашиб чиқиб келади.
Мавзуга ёндошиш баҳонасида тарвуз ҳақида ҳар хил саволларга жуда кўп жавоб топдим. Ва бир видеода кўрганим пачоқланаётган тарвузнинг бозори касод бўлмаслиги деҳқоннинг ва тадбиркорнинг қўлида эканлигини англадим. Озгина қунт, изланиш, ҳаракат, янгиликка интилиш бўлса кифоя. Тарвузни улоқтириш учун кетказган вақтни тадбир излашга сарфлаш мумкинку. Бунга эса фақат уни етиштирган деҳқон эмас, балки ошпаз ҳам, тадбиркор ҳам, шарбат ишлаб чиқарадиганлар ҳам, ҳар бир ошхона, кафе, ресторан ходимлари ҳам ўз ижодкорлигини озроқ ишга солса бас... Чунки тарвуздан шарбат олиш шу қадар осонки, олма, шафтоли, манго, анор ёки ўрик каби катта куч сарфлашга ҳеч ҳам ҳожат йўқ...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter