«Зулфия» кўз ёшларга ишонмайди
Мукофот кимга ёқмайди?! Агар у давлат мукофоти бўлиб, соҳибасига қатор имтиёзлар тақдим этса-чи?! Шу маънода Зулфия номидаги Давлат мукофотини олган ғолиб қизларнинг қувончини тушуниш мумкин. Улар учун гўё бошқа бир олам ўз эшикларини очаётгандек. Муборак, муборак...
Албатта, мукофот соҳибаларининг иқтидорига шубҳа қилмоққа инкор этиб бўлмас асослар топмоқ қийин. Бироқ улардан кам бўлмаган кўплаб иқтидорлар танловнинг муҳим босқичига етиб келмагани, бунинг сабаб ва омиллари ҳақида баҳс-мунозаралар, мана, неча йилки, тинмайди. Истеъдод учқуни ярқ этиб кўриниб турган қанча қизларнинг танловдан ҳафсаласи пир бўлди экан? Зеро, бу қизлар ҳам билимдон-у зукколикда ўзларини асло кам деб билишмайди-да.
Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Юқсун қишлоғида туғилган Фарида Нарзиева бизга шу масала бўйича мурожаат қилиш асносида сира кўз ёшини тиёлмади. Ахир шунча йиллик меҳнатлари, тунни тонгга улаб тиккан кашталари муносиб баҳосини олмагани алам қилмайдими? Фарида вилоятнинг минтақалараро саралаш босқичида Давлат мукофоти учун беллашганлар орасида исм фамилияси йўқлигини билгач, дастлаб Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Феруза Ибрагимовага 2018 йил 3 декабрь санасида аппеляция шикоят хатини ёзади.
Мен не дейман, қўбизим не дейди
«Мен Зулфия номидаги давлат мукофотига санъатнинг каштадўзлик йўналиши бўйича Шофиркон туман босқичида муваффақиятли ўтиб, Бухоро вилоят минтақаларао саралашда мутахассисларнинг берган барча саволларига кутган жавобни бериб, кўрик-танлов натижалари бўйича нажот кутсам, улар томонидан ҳаммага маълум — «шунчаки йўлига» бериладиган жавоб олдим. Мен уларнинг жавобидан қониқмадим. Шунинг учун ҳам ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилиш учун, яъни, 2018 йил 10 ноябрдаги ишчи гуруҳ иштирокида ўтказилган кўрик-танлов низомида кўрсатилган талаблар бажарилмаганлигини ва номзодимни ўрганиш жараёнида юқоридаги ҳолатлар эътиборга олинмаганлигини, мазкур жараёнда менга нисбатан ноҳақлик йўлига ўтиб, бор ҳолатга холис баҳо беришга ҳаракат ҳам қилганлари йўқ. Бухоро вилоят комиссиясининг танлов натижалари бўйича тасдиқланган хулосани қанчалик асосли ва адолатли эканини билиш мақсадида ваколатли махсус мутахассислар фикри ва хулосасини олиш учун юқори турувчи вазирликлардан соҳанинг мутасадди раҳбарларини таклиф қилиб, қайта комиссия тузиб кўриб чиқишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман».
Ушбу мурожаатдан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан вакиллар келиб, Фариданинг онаси Латипова Лутфия билан суҳбатлашгани ҳақида далолатнома тузишади. Далолатномаки, Фариданинг вилоят босқичидан ўтолмаганини расман маълум қилиш ҳақида. Бу жавоб, табиийки, Фаридани қониқтирмайди. Шундан сўнг у икки бор Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига шикоят хати ёзади. Ушбу шикоят хатлари айланиб-ўргилиб вилоят ҳокими ўринбосари Феруза Ибрагимованинг қўлига етиб боради ва қуйидагича жавоб хати ёзилади: «Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Зулфия номидаги давлат мукофотини олишда амалий ёрдам кўрсатишни (?) сўраб ёзган 1199-ар/19, 1200-ар/19 ҳамда 9700-s/19-сонли бир хил мазмундаги мурожаатларингиз ўрганиб чиқилди.
Мурожаатингиз ўрганилаётган жараёнида Сиз Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётганингиз сабабли, онангиз Л.Латипова билан суҳбат ўтказилиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти тўғрисидаги Низом тартиблари билан таништирилди. Сиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти вилоят комиссияси иш фаолиятидан норози бўлиб, ҳужжатларингиз Республика комиссияси томонидан ўрганилишини сўраб мурожаат қилганингизни инобатга олиб, Республика комиссиясига хат юборилганлигини билдирамиз. Мазкур жавоб хатидан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи органларга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини билдирамиз». Жавобдан ниманидир тушундингизми? Мен ҳам тушунмадим. Аммо англаганим шу бўлдики, Ф.Нарзиеванинг «Бухоро вилоят комиссиясининг танлов натижалари бўйича тасдиқланган хулосани қанчалик асосли ва адолатли эканини билиш мақсадида ваколатли махсус мутахассислари фикри ва хулосасини олиш учун юқори турувчи вазирликлардан соҳанинг мутасадди раҳбарларини таклиф қилиб, қайта комиссия тузиб кўриб чиқишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман», деган мурожаатига жўяли жавоб йўқ.
Баҳонами бу...
Фарида ўзи туғилиб ўсган уйида рўйхатда туради, аммо кўргазмаю фестиваллар сабаб бир оёғи Тошкентда. Фарида Нарзиеванинг ҳайъатлар томонидан билдирилган хулосага норозилиги ўрганилмасдан, унинг кўпроқ Тошкентда бўлишига эътибор қаратилгани қизиқ. Яъни маҳалла фуқаролари йиғини вакиллари Фариданинг онаси Латипова билан суҳбат ўтказиб тузилган далолатномада ҳам, 2019 йил 6 февралда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Ибрагимованинг шикоятга жавоб хатида ҳам бир хил мазмундаги жавоб ёзилади, яъни «мурожаатни ўрганиш жараёнида Сиз Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётганлигингиз сабабли онангиз Л.Латипова билан суҳбат ўтказилиб, Зулфия номидаги Давлат мукофоти тўғрисидаги низом тартиблари билан тантиштирилди». Вилоят комиссиянинг хулосасидан она эмас, фарзанд норози бўлмоқда. Ва у тупканинг тагига кетгани йўқ. Бор-йўғи Тошкентда. Чақириб, суҳбатлашиш наҳот қийин? Нима, онаси билан гаплашдик — бўлди, қизининг «ғишаваларини» ўзи тинчитиб олсин, деганими бу?
Фақат радио эшитади
Чунки Фарида телевизор кўрадиган бўлса, интернет титкиласа кашта тикишга вақт топа олармиди? Фарида ёшлигидан бувиси Фароғат аянинг ёнида ўтириб кашта тикишни ўрганди. Фароғат ая неварасига ушбу ҳунарнинг сир-асрорларини ўргатиб яшади. Бугун қизлар телефондан, компютердан кўз узмай турган пайтда Фарида игна билан гўзаллик яратади. Мана шу қўл ҳунари бўйича қатнашмаган кўргазмаси қолмади. «Ташаббус» кўрик-танловида ҳар йили бирор номинация ғолиби бўлиб қайтади. Hand made. uz, «Навқирон Ўзбекистон» миллий санъат фестиваллари, «Буюк ипак йўли бўйлаб туризм» Тошкент халқаро туристик ярмаркаси, «Мустақил юрт ҳунармандлари» каби саноқсиз кўргазма-танловлар иштирокчиси...
Фариданинг кашталари бугун ҳатто хорижликларнинг-да уйини безаб турибди. Фестивалларда Фариданинг тиккан кашталари учун ажратилган жой нафақат ҳамюртларимиз, балки хорижий меҳмонларнинг ҳам энг гавжум жойига айланади. Каштадўзнинг турли хил ҳажмдаги сўзаналари, ёстиқ жилдлари, миллий либослари Қозоғистон, Франция, Туркия, АҚШ ва Хитой мамлакатларида ташкил этилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда. Ҳатто америкалик журналист Клара Хек Фариданинг кашталаридан ҳайратланиб у ҳақда мақола ёзади.
Шу топда Россия телеканалларида бир пайтлар энг севиб томоша қилинадиган «Последний герой» кўрсатуви ёдга тушади. Кўрсатув иштирокчиларининг ғолиб ёки мағлублигини томошабин кўз ўнгида намойиш қилиб борадиган ушбу лойиҳа қанчадан қанча ҲАҚИҚИЙ қаҳрамонларни кашф қилганди. Зулфия мукофоти мутасаддилари ҳам шу ҳақда ўйлаб кўришса бўлмасмикан? Яъни, талабгор қизларнинг салоҳияти тўғридан-тўғри кўрсатилса, жараённи кенг жамоатчилик бевосита гувоҳига айланса... Чакки бўлмайди, а?
Ҳозир спортчи кўп, шахматчи кўп, қўшиқчи, раққоса, шоир кўп... Аммо миллий ҳунармадчиликка меҳр қўйиб, ўзбекнинг қадим қадриятни юксалтиришга интиладиган қизлар борган сари камайиб бормоқда. Миллийлик тарғиботчилари бўлган, қадриятларимизни мудом ёдга солиб турадиган каштачи қўли гул қизга нега шундай муносабат? Фарида фақат байрамларда дўппи, фақат тадбирларда каштали кўйлак киймайди. Миллийлик унинг қон-қонига сингиб кетган. Афсуски, танловнинг низомида «миллийликни сақлаб қолган қизлар учун» деган банди йўқ. Агар мана шу банд бўлганида Фаридага ўхшаган қизлар ҳам мукофотга муносиб кўриларди, бундан эса доимо миллий қадриятларимизни эъзозлаб яшаган шоира Зулфияхоним ҳам фахрланган бўларди.
Фарида ғолиб бўлмади. Бироқ унинг шижоати мукофотли бўлиб, сўнг ғойиб бўладиган кўпгина «лауреаткалар»нинг иштиёқидан анча баланд. Унинг каби қизлар юртимизда жуда кўп. Улар бундай мукофотларни қўлга киритолмаса-да, зулфиячилардан ҳам кўпроқ ютуқларга эришаётган қизлар каби ўз мақсадларидан ортга чекинмайди. Ҳали ўзбек каштачилигини, Шофиркон каштачилик мактаби довруғини йиллар давомида ривожлантиради. Шунга яраша эътирофларга ҳам сазовор бўлажак, насиб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter