Акмал Бурхонов яна бир лавозимли бўлди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов Нагоя университети битирувчилари ассоциациянинг Ўзбекистон филиали раҳбари этиб сайланди.
Нагоя университети битирувчилари ассоциацияси 2000 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда 14 та мамлакатда унинг филиаллари ташкил этилган. Бугунги кунда «Toyota» корпорациясининг фахрий раиси Шоичиро Тойода ушбу ассоциация президенти ҳисобланади.
Битирувчилар ассоциацияси аъзоларининг сўнгги йиғилишида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Нагоя университети битирувчиси Акмал Бурхонов Ўзбекистон филиалига раҳбар этиб сайланди. Эндиликда у бир вақтнинг ўзида ушбу лавозимда ҳам фаолият юритади.
Ўзбекистон филиали ушбу таълим даргоҳини битирган ўзбекистонлик талабалар, ёш олимлар ҳамда университет ўртасида келгуси ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, шунингдек бошқа мамлакат битирувчиларини ҳам илм-фан, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш жараёнларига фаол жалб қилишга кўмаклашишга хизмат қилади.
Маълумки, Нагоя университети дунёдаги етакчи таълим муассасалари сифатида эътироф этилади. Кўплаб Нобель мукофоти совриндорлари ва бошқа машҳур олимлар ушбу университет битирувчилари ҳисобланади.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар ушбу даргоҳда таҳсил олиб қайтишган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter