Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болалик хотирасига айланадиган мазмунли таътил: «Долзарб 90 кун»

Болалик хотирасига айланадиган мазмунли таътил: «Долзарб 90 кун»

foto: 4-мактаб

Тан олайлик ёз фаслини болалар кўпинча бекор қолади ёки экран қаршисида ўтказади: телефон, телевизор, планшет... Бу техникалар бола учун вақтинчалик машғулот, лекин келажагига хизмат қилмайди. Айниқса ота-она ишда бўлса, фарзанд кўпинча ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Бундай ҳолатда «Долзарб 90 кун» лойиҳаси каби ташаббуслар фарзанд тақдири учун қандай аҳамиятга эга?

Мен Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани, Қўйтош қишлоғида 4-умумий ўрта таълим мактабида фаолият олиб бораётган «Долзарб 90 кун» ёзги оромгоҳини кузатиб, ушбу лойиҳа ҳақидаги фикрим тубдан ўзгарди. Чунки ушбу ташаббус эълон қилинганида жуда кўпчилик «ёзда яна мактабми?», дея эътироз билдиришганди-да.

Таътилда ўрганиш ва ўсиш имкони

Бу ерда болалар китоб ўқиш, ширинлик тайёрлаш, робототехника, тасвирий санъат, мозаика, ижодий ишлар, мусиқа ва саҳна ҳаракатлари каби машғулотларга жалб этилган. Ҳар бир машғулот боланинг қизиқиши, қобилияти ва темпераментига мос ҳолда ташкил этилади.

Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилнора Хатамова шундай дейди:

«Фарзандингиз таътилда бекорчи юрмасин, унинг вақтини мазмунли ўтказиш – мактаб ва ота-онанинг умумий вазифаси. Бундай машғулотлар болаларни ижод, билим, дўстлик ва мустақил фикрлаш сари етаклайди. Ҳар бир бола – алоҳида дунё. Уларга тўғри ёндашиш керак. Қийинчиликлар бўлди, албатта. Лекин натижалар ҳар қандай чарчоқни унутади. Масалан мактабда болалар билан бирга бўлиш менинг вақтимга таъсир қилгани йўқ. Чунки бу ихтирёий ва қолаверса, эрталабдан кечгача юрганимиз йўқ бу ерда.

Лойиҳа доирасида электрон викториналар, STEM йўналишидаги машғулотлар, дизайн ва шахсий ташаббусларга асосланган ижодий машғулотлар болаларда қизиқиш уйғотмоқда. Болалар нафақат билим олаяпти, балки ўз қобилиятини кашф қилмоқда, дўст орттираяпти, саҳнага чиқишга, фикр билдиришга, эркин мулоҳаза қилишга одатлана бошлаяпти.»

Қишлоқ мактаби ҳам имкониятлар макони

Қишлоқдаги мактаблар ҳақида умумий тасаввуримиз бор, яъни шароитсиз, спорт залларисиз тўкилиб тушай деган ҳолатдаги. Аммо 4-умумий ўрта таълим мактаби барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Энг муҳими, бу ерда садоқатли устозлар бор. Улар болаларнинг қобилиятига ишонади, вақтни аямайди, шижоат билан ишлайди.

Мактабда ўтказилаётган машғулотлар болаларнинг нафақат билим олиши, балки инсон сифатида шаклланишини ҳам таъминлаяпти. Улар ҳамжиҳатлик, табиатга эътибор, ўзаро ҳурмат, дўстона муҳит каби муҳим қадриятларни амалда ўрганмоқда.

 90 кун унутилмас болалик тақдим қилиш имконияти

Лойиҳага жалб этилган болаларнинг ота-онаси билан бўлишган ҳис-туйғулари лойиҳа қанчалик зарур эканини исботлайди. Ана, Зарифжон спорт машғулотларида бугунги натижаларидан мамнун. Паризода рақобатлашишдан олдин «рақиби»ни ўрганаяпти. Азиза эса биринчи марта ўз қўли билан пиширган ширинлигини онаси билан баҳам кўрмоқчи...

«Долзарб 90 кун» – бу шунчаки мактабда ўтаётган оддий вақт эмас. Бу боланинг ҳаётидаги эҳтимол энг мазмунли, энг таъсирли 90 кун бўлиши мумкин. Эҳтимол йиллар ўтиб шу болажонлар ёшлигини эслаганда, мана шу кунларни ҳам ёруғ хотира билан қўмсар

– «эслайсанми, мактабимизда долзарб 90 кун бўларди: мазза қилиб пишириқ пиширишни ўрганардик», «эсингдами Камолга ютқазиб қўйиб йиғлаганинг», «сен-чи сен яхши кўрган китобингни кимга берманингни эслолмай анча пайтгача излагандинг», «айниқса машғулотлар тугагач устозимиз билан музқаймоқ еганларимиз-чи, эҳ ўша кунлар, қанийди қайтиб келса...»

Эҳтимол, бугунги кун лаҳзалари, бугунги ўтказилган фойдали ва мазмунли вақт келажак учун қўйиладиган тамал тошидир...

                                                                                                                       Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг