Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонадаги мактаб раҳбари Япония ТИВ томонидан тақдирланди

Фарғонадаги мактаб раҳбари Япония ТИВ томонидан тақдирланди

Фарғона вилоятидаги «Норико Гаккю» япон тили мактаби директори Ғанишер Назиров Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Мукофот Кунчиқар ўлканинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори томонидан топширилди.

Дипломат Ғ.Назировга Япония ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Япония ТИВ Фахрий ёрлиғи соҳиби «Япон тили бепул мактаби, Норико синфи – болалар орзу-истаклари ушаладиган маскан» ғояси бутун ҳаёти давомида унга ҳамроҳлик қилгани, келажакда ҳам икки халқ ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш йўлидаги лойиҳани давом эттиришини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, Ғанишер Назиров аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан ҳам тақдирланган.

«Норико Гаккю» япон тилини ўрганиш бўйича бепул мактаб Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган. Ғ.Назиров 1998 йилдан ҳозирги қадар япон тилини ўргатиш, шунингдек, Кунчиқар ўлка таълим тизимини жорий этишга кўмаклашмоқда.

Тўгарак дарслари япон кўнгиллилари томонидан ҳам онлайн, ҳам офлайн тарзда ўтказилади. «Норико Гаккю» талабалари ва битирувчилари япон тили нотиқлик санъати танловида совринли ўринларни эгаллаган. Ушбу мактабда ўқиган кўплаб ёшлар кейинроқ Кунчиқар юрт олий ўқув юртларида таълим олган. Уларнинг айримлари Япониянинг йирик компанияларида фаолият юритмоқда.

2022 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур ҳам Япония ТИВнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг