Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канализация чуқурига ташланган гўшт ёхуд болалар ҳақидан қўрқмаган нафс қуллари

Канализация чуқурига ташланган гўшт ёхуд болалар ҳақидан қўрқмаган нафс қуллари

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги вазирликда ташкил этилгани ички аудит хизматининг 2018 йил якуни бўйича текширувлари натижаларини эълон қилди.

Аввалроқ, 2018 йил якуни бўйича 11 млрд. сўм молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани, айниқса, боғчаларда «ўлик жон»лар иллати авж олгани ҳақида хабар бергандик.

Демак, мавзуни давом эттирамиз.

Давлат харидларини тартибга солувчи қонунчиликнинг бузилиши

Фарғона вилояти Данғара тумани мактабгача таълим бўлими томонидан 249 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар, танлов ўтказиш харид комиссиясининг хулосасисиз ва юрист имзосисиз тузилган. Аудиторлар томонидан ушбу шартнома бўйича гўшт маҳсулотлари 9 млн. сўмга қиммат нархларда олинганлиги ва маҳсулотлар сифатсизлиги аниқланган.

Шунингдек, аудиторлар томонидан шартномалар бўйича маҳсулотлар ҳақиқатда етказиб берилмасдан, сохта хужжатлар бўйича таъминотчиларга маблағларни ўтказиб бериш холатлари аниқланган. Мисол қилиб, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани мактабгача таълим бўлими томонидан болалар мебеллари учун 11,5 млн. сўм, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 40-сонли МТМга чойшаблар учун 10 млн. сўм, Бухоро шаҳар 42-сонли МТМда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 49 млн. сўм сохта ҳужжатлар асосида ўтказилганлигини келтириш мумкин.

Бошқа ҳолатлар

Аудиторлар томонидан ўтказилаётган ўрганишларда, албатта, моддий бойликлар инвентаризацияси ташкил этилади. Инвентаризация натижасида аниқланган камомад — мулкни талон-тарож қилинганлиги эҳтимолидан далолат беради.

Оддий тил билан айтганда, озиқ-овқат маҳсулоти камомади дегани бу — маҳсулотларнинг болажонларнинг таомигача етиб бормаслигидир. Ортиқча чиққан маҳсулотлар эса, аксарият ҳолатларда, ҳужжатларга сохта ёзувлар киритиш натижасида ҳосил бўлади: масалан, озиқ-овқат маҳсулотларини таомномада таом пиширишда ишлатилган деб кўрсатилади, лекин ҳақиқатда маҳсулотлар қозонга солинмайди. Мана шу маҳсулотлар турли жойларга яшириб қўйилганлиги аудиторлар томонидан аниқланди.

Аудиторлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари беркитиб қўйилган яширин хоналар аниқланмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли МТМда озиқ-овқат маҳсулотлари торози остига ва яширин хонага, Сергели туманидаги 292-сонли МТМда чойшаблар орасига, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 5-сонли МТМда электрошит хонасига, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги 8-сонли МТМда кир ювиш хонасига яшириб қўйилганлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли МТМда яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт — 11,7 кг, пишган гўшт — 10,9 кг, товуқ гўшти — 4 кг, шакар — 23,8 кг, чой — 0,65 кг, қанд — 1,45 кг, сариёғ — 5,5 кг, тухум —100 шт., сут — 2,5 литр.

Жиззах шаҳридаги 39-сонли МТМ ходимлари аудиторлар келганида 27 кг. гўшт маҳсулотини канализация чуқурига ташлаб юборишган.

Шунингдек, МТМ ходимлари томонидан таомномаларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киртилиб, сохта таомномалар тузилганлиги аниқланган.

Наманган вилояти Наманган туманидаги 11-сонли МТМда ошхонадаги таомнома, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобдан чиқариш учун бухгалтерияга топширилган таомнома билан солиштирилганда бир-бирига тўғри келмаслиги аниқланди, натижада 14,7 млн. сўмлик маҳсулотлар ортиқча ҳисобдан чиқарилган.

Ноқонуний харакатлардан яна бири, ота-оналарнинг болалар таъминоти учун тўловларини ҳисоблашда имтиёзларни нотўғри қўллашдир. Наманган вилояти Норин туманидаги 6-сонли ихтисослаштирилган МТМда 2016-2018 йилларда 54,9 млн. сўм тўлов пуллари асоссиз ҳисобланмаган.

Бюджет маблағларини нотўғри режалаштириш

Тегишли молия йили учун мактабгача таълим муассасасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми, муассасалар томонидан берилган ҳамда бошқа бир қанча кўрсаткичлар эътиборга олинган ҳолда аниқланади. Масалан, нотўғри ҳисоб-китоблар натижасида ортиқча штат бирлиги киритилса, бюджетдан ортиқча маблағ режалаштирилишига сабаб бўлади. Ортиқча режалаштирилган маблағларниг ўз вақтида аниқланиши эса, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка асос бўлувчи ноқонуний харажатларнинг олди олиниши демакдир.

Масалан, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан МТМнинг штатлар жадвалига 8,5 та ортиқча штат бирлиги киритилиши натижасида 29,7 млн.сўм ортиқча бюджет маблағлари режалаштирилган.

Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари томонидан мактабгача таълим муассасаларида ўтказилаётган назорат тадбирлари пойтахтда ва ҳудудларда мунтазам равишда олиб борилмоқда, камомад ва ноқонуний харажатларни аниқлаш ва олдини олиш давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг