Metsenat.uz лойиҳасида 1400 нафар ёшларга мўлжалланган IT соҳасига оид грант эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва IT Park ўзаро ҳамкорликда IT-мутахассисларини келгусида иш билан таъминлаш мақсадида ўқитиш бўйича янги қўшма лойиҳа ишлаб чиқди.
Лойиҳанинг мақсади ахборот технологиялари бўйича кенг қамровли ўқув дастури орқали юқори малакали IT-мутахассислар сонини кўпайтиришдир.
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу қўшма грант талабаларнинг шартнома тўловларини тўлаб беришга эмас, балки Республика бўйлаб IT соҳасига қизиқувчи ёшларни профессионал тайёрлаш ва уларнинг орасидан энг салоҳиятли ва билимлиларини иш билан таъминлашга қаратилган.
Грантни кимлар қўлга киритиши мумкин?
Лойиҳанинг асосий эътибори «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»дан ўрин олган.
- мактаб битирувчилари;
- ОТМ талабалари;
- ОТМга кира олмаган абитуриентлар;
- кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалардаги ишсиз шахсларни IT соҳасида профессионал тайёрлашга қаратилган.
Ҳужжат топширган номзодлар орасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 100 нафардан ёшлар ўқитиш учун саралаб олинади. Жами 1400 нафар ёшлар IT соҳаси бўйича мутахассис қилиб тайёрланадилар.
Шунингдек, юқоридаги талабларга жавоб берган ёшлар мантиқий тест, компьютер саводхонлиги бўйича тест ва инглиз тили бўйича синов-тестдан муваффақиятли ўта олишлари лозим.
Ўқув дастури қай тартибда амалга оширилади?
Саралаб олинган талабалар ўқув дастурининг 10 та йўналишидан (Веб дастурлаш, мобил робототехника, мобил иловалар ишлаб чиқиш, график дизайн, 3D моделлаштириш, маълумотлар билан ишлаш, график дизайн, IT-хавфсизлик, инглиз тили, мобил ўйинларни ишлаб чиқиш, IT-менежмент) бирини танлайдилар ҳамда ўқув курслари учун дастлабки тўловни (400 минг сўм) амалга оширадилар.
Ўқув курслари 9 ой давомида ҳафтасига 3 марта кунига 3 соат 2 сменада амалга оширилади.
Грантнинг афзаллиги нимада?
Ариза топширган ва тест-синовларидан муваффақиятли ўтган ёшларнинг барчасига ўқув курсларида келгусида ўқиш учун 50% чегирма (200 минг сўм) қилиб берилади. Ўқув курсларининг сўнгида барча ёшлар малакавий битирув ишини тайёрлашади ва малака комиссиясининг баҳосига кўра энг яхши деб топилган 30% талабага ўқув курсида таълим олиш учун қилган барча харажатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 100% қоплаб берилади.
Бундан ташқари, ушбу 30% ёшлар иш билан таъминланадилар, қолган ёшлар эса турли ташкилотларга тавсия қилинади.
Ҳужжатлар қаерда қабул қилинади?
Ҳужжатларни www.futureskills.uz, www.metsenat.uz ва www.it-istedod.uz сайтлари орқали топширишингиз мумкин.
Ариза топширишнинг охирги муддати: 15 февраль.
Маълумот ўрнида: Xabar.uz нашри Metsenat.uz лойиҳасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади ва сайтда эълон қилинаётган барча грант ҳамда стипендияларни тарғиб қилишга кўмаклашади. Шу ўринда юртимиздаги барча корхона, ташкилот, компаниялар ҳамда саховатпеша тадбиркорларни илм-фанга, таълимга беминнат ҳомийлик қилишга чорлаб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter