Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

МТЯУ талабаси: «Келажакда яратган ихтиромни ўз компаниямда ишлаб чиқаришни хоҳлайман...»

МТЯУ талабаси: «Келажакда яратган ихтиромни ўз компаниямда ишлаб чиқаришни хоҳлайман...»

Ёш ихтирочи Файзулложон Хурсанов муҳандисликни фақат касб эмас, балки масъулият деб билади. У ўз лойиҳалари устида ишлайди, иқтидорли талабаларга ғояларини илгари суришда ёрдам беради, илмий мақолалар ёзади ва ихтиролари учун патентлар олади. Масалан, у альтернатив энергетика, сунъий интеллект, дастурлаш, биотехнология ва бошқа йўналишларда Ўзбекистон иқтисодиётига амалий фойда келтира оладиган инновацион ғояларни аниқлашга қаратилган «Мирзо Улуғбек ворислари» танловининг биринчи босқичида ғолиб бўлган. Яъни, қаҳрамонимиз ушбу ихтироси орқали йўқотилаётган иссиқлик энергиясини қайта ишлаб, тураржойларни иситишда фойдаланиш имконини берадиган инновацион иссиқлик алмаштиргични ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди.
Файзулло Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) даражасида ташкил этилган «Тарихий тажриба, барқарорлик ва инсоний қадриятлар, замонавий ёндашувлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий танловда қатнашиб «SCIENTIFICACADEMY» Илмий-тадқиқот маркази томонидан «Фидокорона хизматлари учун» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланган. Унинг ушбу лойиҳаси энергия йўқотилишини камайтириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни пасайтиришга қаратилган. Яна у халқаро илмий-амалий «Ilm-fan qanoti» танлови ғолиби ва шу номдаги эсдалик кўкрак медали соҳиби.

 
Ҳаммаси қайси қадамдан бошланди, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш нима учун муҳим... Тошкентдаги Миллий тадқиқот ядро университети (МТЯУ) филиалида таҳсил олаётган иқтидорли талаба билан суҳбатимиз ана шу саволларга жавоб топишдан бошланди.
– Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз. Нега олий таълим учун айнан Тошкентдаги Миллий тадқиқот ядро университети филиалини танладингиз?
– Фарғонанинг Боғдод туманиданман. Болалигим қишлоқда, оддий турмуш муҳитида ўтди. Мен ўзимга қаттиқ талаб қўядиган инсонман. Ҳар қандай ишни масъулият билан бажаришга ҳаракат қиламан. Агар бирон бир вазифа юклатилса бутун эътиборимни ва кучимни шу ишга бағишлайман. Бошида мен ҳарбий ўқув юртига кирмоқчи эдим, чунки тартиб, интизом, қаттиққўллик менга жуда ёқарди. Лекин соғлиқ билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳужжат топшира олмадим. Аммо физика ва математика, айниқса, ядро физика соҳасига қизиқишим ҳам бор эди. Ўқувчилигимда оддий қурилмалар яратардим, батарейкаларни улаб схемалар тузардим, уларнинг ишлашини кузатардим. Ана шу пайтда физиканинг ҳаётда қанчалик муҳимлигини ҳис қилдим. Техника ва технологияларга бўлган қизиқиш мени муҳандислик дунёсига етаклади. Ўзбекистонда Миллий тадқиқот ядро университетининг филиали очилганини эшитганимда, шубҳасиз, шу ерда ўқишга қарор қилдим. Бу ҳақда биринчи марта бизга математика ўқитувчимиз айтганди. Ҳаммаси ўшандан бошланган. Айнан шу йўналишни танлаганим сабаби, келажакда ядро физика соҳасида жиддий илмий тадқиқотлар билан шуғулланмоқчиман. Агар бошқа университетга кирганимда ва бошқа йўналишни танлаганимда, келажакда бундай имкониятлар камроқ бўларди. Ҳозирги мен ўқиётган даргоҳ ядро соҳасида тадқиқотлар ва муҳандислик ечимларига олиб борувчи тўғри йўл.
Суҳбатимиз бошида айтганимдек тартиб-интизом, қаттиқўллиқ, масъулиятлилик нафақат ҳарбийларга керак, балки муҳандис ва кашфиётчилар учун ҳам жуда зарур эканлигини шу ерда таҳсил олиш жараёнида яна бир бор англадим.
– Муҳандис-ихтирочи бўлишга қарор қилишингизга яна нималар туртки бўлди?
– Аслида бу қарор ҳам эмас, танлов ҳам эмас. Ихтирочи бўлиб қолиш – менинг қўлимдаги нарса эмас, балки миямдаги ғояларнинг тақозоси. Масалан, тасаввур қилинг, миянгиз ғоялар макони ва унинг эшиги бор, мияда туғилган янгилик эса тинмай эшик қоқади, мен эса уларни ҳаётга олиб чиқишга ҳаракат қиламан. Мактабда ва университетда бепул таълим олдим, бу менга берилган ишонч ва имконият. Ахир бу таълим солиқ тўлайдиган оддий халқнинг маблағи ҳисобидан берилади. Шунинг учун ҳар бир ғоямга шунчаки шахсий орзу сифатида эмас, балки халқ олдидаги бурч ва қарздорлигим, деб қарайман. Агар одамлар ҳаётини енгиллаштириши мумкин бўлган ғоя пайдо бўлса, уни амалга ошириш вазифам. Бу менинг эмас, балки бутун жамиятнинг ғояси каби: у мен орқали шакл олади ва уни халққа қайтаришим шарт.
– Ҳозиргача нечта ишланмангиз бор?
– Ҳозирда учта тайёр ишланмам бор, улар MVP (минимал ҳаётий маҳсулот): яъни прототип кўринишда яратилган. Биринчиси – кийимга ўрнатилган электрошокер. Уни мактабда ўқиётган пайтимда яратганман. Шундан бери у бир неча босқичда такомиллаштирилди, камчиликлари бартараф этилди. Ҳозирги кунда биз шу ишланма бўйича бир ташкилот билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, меморандум ҳам имзоланган. Иккинчи ишланма – бу инновацион дудбўрон. Ҳозирги кунда бу дудбўрондан иссиқлик электр станциялари (ИЭС) да фойдаланиш мумкин – атроф-муҳитгга чиқариб юборилган иссиқлик энергияси ушбу дудбўрон ёрдамида қайта ишланади. Айни пайтда прототип тайёрлаш устида иш олиб бориляпти, ғоя эса амалиёт босқичига ўта бошлаган. Яна бир ғоя чегара ҳудудларида ер ости туннелларини аниқлаш учун радар тизимини яратишга тегишли. Бу контрабанда ва ноқонуний трафикнинг олдини олиш учун мўлжалланган.


– Ғояларингизни амалга оширишда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Қолаверса, ўзингиз талабасизу, лекин шогирдларингиз ҳам бор, шундайми?
– Умуман олиб қараганда, ҳар битта ғояни амалга ошириш учун шарт-шароит, имконият бўлиши лозим. Ҳар қандай прототипни яратиш учун эҳтиёт қисмлар, ускуналар, ўлчов приборлари керак бўлади. Иқтидорли талабада ғоя бўлиши мумкин, лекин агар моддий имконият бўлмаса у амалга ошмайди. Яхши томони шундаки, Олий таълим ва инновациялар вазирлиги томонидан илмий ғоялар учун танлов ўтказилади ва унда 160 миллион сўмгача грант ютиб олиш мумкин. Лекин бу танловга ҳатто ариза топширишнинг ўзи тажриба талаб қилади, яъни смета, ҳисоб-китоблар, ҳар хил ҳужжатларни тўғри тўлдириш керак. Бу нарсани умрида қилиб кўрмаган одам, бу кўчага кирмаган одам, билмайди. Ўзим ҳам дастлаб ҳеч нарса билмасдим. Илк бор танловда иштирок этганимда мактабда ясаган макетимни тақдим этдим, гарчи ўрин олмасам-да тажриба орттирдим ва ҳозир шуни бошқаларга етказишга ҳаракат қилаяпман – иқтидорли талабаларга бу масалада ёрдам бераяпман: аризани қандай тўлдириш, қандай хатоларга йўл қўймаслик, нималарга эътибор бериш кераклигини тушунтиряпман.
Жорий йил Республика миқёсидаги «Мирзо Улуғбек ворислари – 2025» кўрик- танловида биз 6 та лойиҳа тақдим этдик: тўрт нафар талаба иккинчи босқичга ўтди, биттаси эса республика миқёсида мутлақ ғолиб бўлди. Шогирдимнинг бу ғалабасидан кўнглимда фахр туйғуси пайдо бўлди.
– Сиз кимдан мотивация оласиз – олимлар, муҳандислар ёки оддий одамларданми?
– Энг кўп илҳом берадиганлар – бу ўтмишдаги буюк олимлар. Айниқса, улар қандай қийинчиликлардан ўтгани ҳақидаги ҳикоялар мени жуда ҳайратга солади. Масалан, лампочка ихтиро қилингунча минглаб тажрибалар қилинган. Ёки кимдир ота-онаси тақиқлаганига қарамай, ташландиқ жойда ишлаб, керакли қурилмаларни йиғиб, ноёб ускуна яратган, қийинчиликларга қарамай ҳаракат қилган, юқори поғонага чиққан. Улардан ташқари оддий инсонлар, ўқитувчилар, катта ёшдаги устозлар ҳам илҳом беради. Улар айтади: «Тўхтатмагин, қийналсанг биз ёрдам берамиз. Саволларинг бўлса, қийналган жиҳатларинг бўлса, айтгин», дейишади. Шу одамлар учун янада кўпроқ ҳаракат қилишни давом этаман.
– Сиз учун муҳандислик касбми, фикрлаш тарзими ёки янгилик изловчими?
– Муҳандис бўлиш – бу шунчаки касб эмас. Бу ҳаётдаги муаммоларга амалий ечим топа оладиган инсон бўлиш дегани. Масалан, чиқиндиларни йиғиш механизмига эга пол тозалаш ускунаси жуда оддий ихтиро бўлиши мумкин, лекин кимдир ўша совуқ қиш кунларда пол ювадиган инсоннинг меҳнатини енгиллаштириш ҳақида ўйлаган. Бу муҳандислик фикрлашидир. Муҳандис ўз соҳасини пухта билиши ва ўрганиши керак. Агар мен ядро реактори билан ишласам, уни беш бармоқдек билишим шарт. Ишланмамда озгина шовқин бўлса ҳам, мен унинг сабабини тушуниб, бартараф этиш йўлини билишим керак. Бу шунчаки иш эмас – бу катта масъулият.
– Келажакдаги орзуингиз?
– Баъзан ўйлайман, агар менда маблағ бўлганда, бошқаларнинг ғояларига ҳам сармоя киритиб, уларни стартап сифатида ишга туширишим мумкин эди. Айни пайтда ўз ғояларимни рўёбга чиқармоқчиман. Чунки агар бошқа инсоннинг ғоясини олиб ишласанг, кейин турли тушунмовчиликлар чиқиши мумкин. Тарихда шундай ҳолатлар бўлган.
Бирор компанияда ишлаб юрган ихтирочининг шахсий яратган қурилмасини компания ўз номига патентлаб олган, кейин эса баҳслар чиққан. Шунинг учун муҳандиснинг ўзи ўз маҳсулотини ишлаб чиқариши, уни бозорга олиб чиқиши, сотувгача бўлган жараёндан ўтиши керак. Бу эса эртага жамоатчилик ичида ҳам, келажакда ҳам тушунмовчиликлар чиқишига йўл қўймайди. Агар бу жараёнга бизнесменлар, тадбиркорлар аралашса-чи? Ахир ҳамма ҳам бу соҳани бирдек тушунмайди. Биров тушуниб: «Бу муаллиф ўз гонорарини оляпти, яратган ихтиросига ҳақ олаяпти, унинг ҳуқуқи ҳимояланган», – дейди. Аммо бошқалар: «Нега ихтирочи ўзи кашф қилган қурилмани ўзи ишлаб чиқармаяпти?» – деб ўйлаши мумкин. Лекин кўп ҳолларда муҳандисда имконият йўқ, шароит чекланган бўлади. Энг яхши йўл, менимча, муаллифнинг ўзи ўз ишини бошидан охиригача олиб бориши керак.
Энг катта орзуим – ўз ишлаб чиқариш компаниямни, стартапимни яратиш. Ўзим ишлаб чиққан қурилмаларни шу ерда ишлаб чиқаришни хоҳлайман. Бунгача ҳали узоқ йўл бор...

                                                                                                            Зарифа Тожиева суҳбатлашди 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг