Норози абитуриентларнинг шикоятларини қабул қилиш муддати очиқланди
Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
Апелляция аризалари my.dtm.uz сайти орқали (абитуриентнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинмоқда ва 6 сентябрга қадар давом этади.
Абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва ундан четлатилмаган бўлиши лозим.
Шунга кўра, апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Қонунчиликка кўра:
1. Апелляция шикоятини берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.
2. Апелляция жараёнида абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.
3. Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.
4. Абитуриентга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.
Апелляция жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
- апелляция ўтказилаётган хонага уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб киришга ҳаракат қилиш ёки олиб кириш;
- апелляция жараёнида тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш, уларга ёрдам бериш ёки ёрдам олиш;
- тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш.
Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби ДТМга белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.
Апелляция комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига апелляция жараёни тўлиқ тугаганидан сўнг 5 иш куни ичида тақдим этилади.
Абитуриент апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2022 йил 7 сентябрдан бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter