Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

PIRLS-2021: бошланғич синфларда ўқувчиларнинг саводи халқаро ташкилот томонидан текширилади

PIRLS-2021: бошланғич синфларда ўқувчиларнинг саводи халқаро ташкилот томонидан текширилади

Фото: ЎзА

Ўзбекистон PIRLS-2021 баҳолаш тизимида иштирок этади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ҳамда Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA — International Association for the Evaluation of Educational Achiyevement)нинг Амстердамдаги директори Андреа Неттон ўртасида Ўзбекистоннинг PIRLS 2021 баҳолаш тизимида иштирок этиши юзасидан 25 январь куни илк расмий учрашув ташкил қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан халқаро баҳолаш тадқиқотлар, жумладан, OECD ташкилоти билан PISA-2021 халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этиш бўйича келишувга эришилган эди.

PIRLS (Progress in International Reading Literacy Study — халқаро ўқиш саводхонлигини ўрганишдаги юксалиш) — бу турли мамлакатларда бошланғич синфда таҳсил олувчи ўқувчи ёшларнинг матнни ўқиш ва тушуниш даражалари сифатини баҳолаб берувчи халқаро баҳолаш тизимидир. Ушбу синов тури ҳар 5 йилда бир марта ўтказишга мўлжалланган бўлиб, унинг охирги 2016 йилги тадқиқотлари натижаларига кўра Россия Федерацияси етакчилик қилмоқда.

Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси бутун дунё бўйлаб таълимни баҳолаш, тушуниш ва яхшилаш бўйича иш олиб борадиган миллий тадқиқот институтлари, тадқиқот агентликлари, олимлар ва таҳлилчиларнинг халқаро ҳамкоридир. Мазкур нотижорат ва мустақил ташкилот тармоғида 60 дан зиёд мамлакатлар ҳамда 100 дан ортиқ таълим муассасалари иштирок этмоқда. 1958 йилдан буён IEA ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар ҳамда ўқиш салоҳияти бўйича саводхонликларини баҳолаш жараёнида таълим тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ҳамда мақбул тавсиялар яратиши билан бошқа халқаро ташкилотлардан ажралиб туради.

25 январдаги учрашувда PIRLS дастурининг 2021 йил учун мўлжалланган тадқиқотларида Ўзбекистоннинг иштирок этиши ташаббуси IEA ташкилоти томонидан катта олқишлар билан қарши олинди ва ташкилот томонидан барча керакли ёрдам ва тавсиялар берилиши таъкидланди. Шунингдек, йиғилишда PIRLS-2021 тадқиқотларида иштирок этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар, яъни иштирок этиш шартлари, тадқиқотларни амалга ошириш босқичлари, тадқиқотларнинг самарали ташкил этишига қаратилган йўриқномалар ва бошқа кўплаб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув сўнгида IEA раҳбариятининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини таъминлаш ва расмий келишув имзолашга келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг