Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЎзМУда Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

ЎзМУда Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

Ўзбекистон Миллий университетида буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги муносабати билан «Мирзо Улуғбек – буюк мутафаккир олим ва давлат арбоби» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Дастлаб «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» филми анжуман иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди.

Халқаро анжуманни Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, Янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётганига тўхталиб ўтди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ўз нутқида буюк алломаларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Мирзо Улуғбекнинг давлат арбоби ва қомусий олим сифатидаги фаолияти ҳақида тўхталди.

Конференцияда 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлар, яъни Япония, Хитой, Россия, Испания, Германия, Туркия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, шунингдек, республиканинг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот институтлари, музейлар, архивлар ҳамда бошқа муассасаларнинг илмий ходимлари, ёш олимлар, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этишди.

Темурийлар Ренессанси даврида Марказий Осиё фани ва маданияти жаҳон цивилизацияси ва маданияти тарихида алоҳида ўрин тутади. Жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган ва давлатчилик тарихида муҳим рол ўйнаган ушбу давр олимларининг фаолиятини ўрганиш долзарб аҳамиятга эга.

Мирзо Улуғбек ўз давридан анча олдинда бўлган ва ўз авлодларига астрономия, математика, география, тарих, тиббиёт, адабиёт, давлат бошқаруви асосларига оид асарлар қолдирган энциклопедик олим ҳисобланади.

Темурийлар даври марказлашган давлатчилик, ундаги қонунчилик ва бошқарув, илм-фан ривожида Самарқанд академияси ҳамда Улуғбек обсерваториясининг ўрни, Улуғбек илмий мактаби, Улуғбек мадарасаси фаолияти, унинг таълим тизими, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати масалаларини ўрганиш бугунги замонавий илм-фан ривожида муҳим аҳамиятига эга.

Шу муносабат билан конференцияга қуйидаги йўналишлар бўйича 200 та маъруза қабул қилинди:

1-шўъба: Темурийлар Ренессанси ва унинг жаҳон маданияти ҳамда илм-фани ривожидаги ўрни.
2-шўъба: Мирзо Улуғбек буюк мутафаккир аллома ва давлат арбоби.
3-шўъба: Мирзо Улуғбек илмий мактаби ва замонавий илм-фан тараққиёти.
4-шўъба: Тарихий – маданий меросни ўрганишда ахборот технологиялари.
5- шўъба: Ижтимоий-гуманитар фанларнинг долзарб масалалари.

Конференция давомида мавзуга доир маърузалар тингланади ва муҳокама қилинди. Конференция ялпи мажлисдан сўнг шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг