Сергелидаги 47-мактаб: кичиклар катталарга дарс беришди...
Яшаш жойимиз ўзгаргани сабаб фарзандларимизни бошқа мактабга ўтказиш зарурати туғилди. Яқинроғи Сергели туманидаги 47-мактаб экан. Мактабга бориб, юрак товонга тушаёзди, рости. Ҳаммаёқ чанг-тўзон, таъмир ишлари сабаб бинонинг тўрт девори қолган, холос. Бу ёқда янги ўқув йили эшик қоқиб турибди. Улгуришармикан? Қийин-ов... Директорни йўқлагандим, сал нарида ишчилар билан нималарнидир тортишаётган аёлни кўрсатишди. Тўғриси, мактаб ҳовлиси остонасидаёқ бу аёлни кўриб, прораб шекилли, деган хаёлга боргандим... Директор билан суҳбат мухтасар кечди: болаларни олиб келаверинг, муаммо йўқ. Муаммо-ку йўқдир, бироқ сентябргача таъмир ишлари якунланадими?
— Бўлмасам-чи? — деди Раъно Абдурашидовна ҳорғин жилмайиб. — Эрта тонгдан кеч соат 22гача шу ердаман, қаттиқ ишлаяпмиз...
Директорнинг гаплари одамда ишончдан кўра кўпроқ умид уйғотарди. Қилинадиган ишлар кўп, таъмир билан боғлиқ ғурбатлар етарли бўлган жойда муддат масаласида немисча ҳисоб-китоб ўзини оқлаши қийин...
...Йўқ, хавотирлар ўзини оқламади: янги ўқув йилига саноқли кунлар қолганда таъмир ишлари якунланди!.. Мактаб ўқув йилига тайёр!
Бу гап айтишгангина осон, ёзишгагина осон эканини ҳис қилаётган бўлсангиз керак.
Янги ўқув йилида ўқувчилар сони бир неча юз нафарга кўпайганини айтинг! Шунинг ўзиёқ мазкур таълим даргоҳидаги ўзгаришларни айтиб турмаптими?
...Бу ўтган 2017-2018 ўқув йили арафасидаги гап. Катта иш қилинди-да ўзиям! Яна қатор хайрли ишларга қўл урилган. Шулардан биттасики, бу йилдан мактабнинг ўзида бир неча фан ва хориж тилларини ўргатувчи курслар ташкил этилди. Бунинг ота-оналарга маъқул жойи шундаки, болалар турли репетитор ёки «Тил курслари»га қатнаб овора бўлмайди. Ҳаммаси шу жойнинг ўзида бор.
Куни кеча мактабда ҳар жума ўтказиладиган анъанавий «Маънавият куни»га таклиф этилдик. Меҳмонлар кўп экан: ота-оналар, маҳалла фаолларидан ташқари маҳаллий кенгаш депутатларидан тортиб, туман ва шаҳар таълим мутасаддиларигача бор... Аввалига бошланғич синф ўқувчиларининг «Очиқ дарслари»да бўлдик: аввало, дарс ўтиш шакли ўзгачалиги эътиборни тортди. Ўқитувчи маълум мавзуда озгина йўналиш беради, қолганини ўқувчиларнинг ўзлари давом эттириб кетади. Яъни, дарсда ўқитувчидан кўра ўқувчилар кўпроқ гапиради. Қақажон болаларнинг бийрон-бийрон гапларидан бошқача завқ туясан-да, киши. Қуйи синф ўқувчиларининг кўргазмали чиқишларига мактабнинг юқори синф ўқувчилари атайлаб олиб кирилди. Бундай чиқишлар асосан ўзаро ҳурмат, муомала-муносабат мавзуларида бўлдики, бу билан бошланғич синф ўқувчилари ўзларидан катталарга «мастер-класс» ўтаётгандай... Боплашди бижилдоқлар! Ака-опалари ҳам бўш келишгани йўқ: давлатимиз рамзлари ҳақида ажойиб чиқишлар қилишди. Эътиборли шундаки, бу чиқишлар сунъийликдан анча йироқ, ёдланган матнларни шарриллатиб ўқиб беришдангина иборат бўлмай, айтилаётган гаплар керакли воситалар уйғунлигида тушунтирилганида. Яқин тарихни ўқувчилар тилидан эшитмоқ катталар учун ҳам дарс бўлар экан — ота-оналардан бири секин шипшитиб нима деди денг: «Байроғимизда шу-унча тимсоллар борлигини э-энди билдим!»
Катта-кичик синф ўқувчиларининг бир-бирига узвий боғланиб кетган тадбирлар жараёнида шу даргоҳда таҳсил олган тадбиркорнинг болалар билан ўтказган мулоқоти хусусида айтмасак бўлмас. Тадбиркор ўз тажрибаси мисолида ишбилармонликнинг ўзига хос қирралари ҳақида «болалар тилида» кўп баъмани гаплар айтди. Тежамкорликка алоҳида урғу берилдики, бундай учрашувлар ёш авлод кўнглига бизнесменликка иштиёқ уйғотганига шубҳа йўқ. Ўқувчи учун бирор мавзуни ҳар куни кўрадиган ўқитувчидан эшитиш бошқа, ўша соҳа вакили билан жонли мулоқотда тинглаш бошқача-да барибир...
Тадбир якунланиб, хайрлашиш арафасида ўқитувчилардан сўрадик (таомил шу-да!): «Бизга қандай хизмат бор?». Жавоб: «Тез-тез мактабга келиб туринглар, хизмат шу!». Бу шунчаки манзират учун айтилган гап эмас. Мактабга фақат «ота-оналар мажлиси»дагина боришдан кутилган самара бўлмайди. Ота-оналарнинг тез-тез фарзанди таҳсил олаётган таълим даргоҳларига бориб туришидан аввало боланинг ўзига таъсири катта. Буни биламиз-у... Қисқаси, мактабга бориб туриш керак, жилла қурса, болалигингизга қайтиб, бир зум ўзингизни фарзандингиз ўрнида ҳис этасиз. Шу ҳиснинг ўзи болангиз бўлган эътиборни янаям ўзгартиради. Бундан эса ҳаммага фойда...
Т.Адҳамжонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter