Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Бу икки соҳани ривожлантирмасдан туриб рақобатбардош мамлакат бўла олмаймиз...»

Шавкат Мирзиёев: «Бу икки соҳани ривожлантирмасдан туриб рақобатбардош мамлакат бўла олмаймиз...»

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қарши шаҳрида қашқадарёлик ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда президент матбуоти хизмати хабар берди.

Маълумки, 30 октябрь куни таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини тубдан ўзгартириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишлари ўтказилган эди. Бу икки соҳа бўйича Президентнинг алоҳида фармон ва қарори ҳам қабул қилинди.

Бугунги учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, жойларда амалга ошириш чоралари ҳақида сўз борди.

— Бу икки соҳани ривожлантирмасдан туриб рақобатбардош мамлакат бўла олмаймиз. Келажакни соғлом миллат, билимли авлод қуради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, Қашқадарёда мактаблар аҳволи ҳам, тиббий хизмат сифати ҳам қониқарсиз. Муаммолар жуда кўп. Ота-оналар таълим тизимидан норози. Аксарият аҳолининг турмуш тарзи, овқатланиш рациони тўғри эмас. Шу боис бу соҳаларда бошланган ислоҳотлар  вилоят учун ўта муҳим ва зарур.

Шавкат Мирзиёев бу борадаги янги иш тизимидан мақсади, педагог ва шифокорлардан кутаётганлари ҳақида кўнглидаги гапларни айтди. Мактаб директорлари, ўқитувчилар,  тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, таклифларини қўллаб-қувватлади.

— Таълимдаги ишлар ҳам, тиббиётдаги ҳам игна билан қудуқ қазишдек гап, натижаси тез кўринмайди. Бунинг учун машаққатли меҳнат, катта фидойилик керак. Бошланган ислоҳотларнинг амалга ошиши, халқимизнинг рози бўлиши шунга боғлиқ. Бу йўлда сизларга ишонаман, суянаман, — деди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг