Талабалар учун эълон қилинган 1,8 млрд сўмлик ижтимоий грантга ҳужжатлар қабули давом этмоқда
Metsenat.uz лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан инновацион лойиҳалар учун ижтимоий грант эълон қилинди. Грант 6 та йўналиш бўйича ўз инновацион ғояларига эга бўлган талабалар учун мўлжалланган бўлиб, танлов доирасида 1 млн сўмдан 100 млн сўмгача бўлган лойиҳалар молиялаштирилади.
Грантни кимлар қўлга киритишлари мумкин?
Танловда қайси ҳудуддаги олий таълим муассасасида ўқиётганидан қатъи назар доимий яшаш жойи Қашқадарё вилоятида бўлган барча талабалар иштирок этишлари мумкин.
Инновацион лойиҳалар қуйидаги 6 та йўналиш бўйича қабул қилинади:
- Нефть ва газ, кимё саноати;
- Энергетика;
- Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати;
- Сув хўжалиги ва экология;
- Фан ва таълим;
- IT технологиялар.
Лойиҳаларга қанча маблағ ажратилади?
Талабалар таклиф этаётган лойиҳалар қиймати 1 млн сўмдан 100 млн сўмгача бўлиши керак. Ҳар бир йўналиш бўйича танлов комиссияси лойиқ деб топган учтагача лойиҳани вилоят ҳокимлиги молиялаштириш учун сотиб олади ва уни ҳаётга татбиқ қилиш билан боғлиқ барча ташкилий жараёнларни ўз зиммасига олади.
Шундай қилиб, мазкур танлов натижасига кўра, жами 1 млрд 800 млн сўмгача бўлган инновацион лойиҳаларни молиялаштириш режа қилинган (мазкур миқдор ғолиб бўлган лойиҳалар бюджетига қараб ўзгариши мумкин).
Аризалар жорий йилнинг 21 январига қадар metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.
Танлов комиссияси келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқади ва мақбул дея топилган лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида ижобий хулоса беради.
Қандай ҳужжатлар керак?
Талабалар энг аввало metsenat.uz сайтида рўйхатдан ўтади ва ўз маълумотларини киритади. Бундан ташқари сайт орқали инновацион лойиҳаси ҳақида белгиланган намуна асосида қисқача маълумот (1 варақ) ҳамда лойиҳа акс этган тақдимот (10 та слайддан ошмаган) юборишлари лозим.
Яна бошқа грантлар борми?
Эслатиб ўтамиз, Metsenat.uz лойиҳаси доирасида талабалар яна қуйидаги грантларга ариза топширишлари мумкин. Булар:
1) «Нажот таълим» маркази томонидан тиббиёт соҳасида ўқиётган хотин-қизлар учун жами 15 млн сўмлик грант (ариза топширишнинг охирги муддати 10 январь, бутун республика бўйлаб);
2) «Project Managers» MChJ томонидан бўлажак IT мутахассисларини қўллаб-қувватлаш учун жами 20 млн сўмлик таълим гранти (ариза топширишнинг охирги муддати 20 январь, бутун республика бўйлаб);
Metsenat.uz қандай лойиҳа?
Бу таълимга ҳомийлик қилувчи меценатлар ҳамда талабалар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтовчи ижтимоий лойиҳа бўлиб, унда турли ташкилотлар, идоралар, компания ва тадбиркорлар таълим гранти ҳамда стипендиялар эълон қилишлари мумкин. Ҳозиргача тизим орқали умумий қиймати 2 млрд 400 млн сўмга яқин 6 та грант ва 2 та стипендия эълон қилинди.
Маълумот ўрнида: Xabar.uz нашри Metsenat.uz лойиҳасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади ва сайтда эълон қилинаётган барча грант ҳамда стипендияларни тарғиб қилишга кўмаклашади. Шу ўринда юртимиздаги барча корхона, ташкилот, компаниялар ҳамда саховатпеша тадбиркорларни илм-фанга, таълимга беминнат ҳомийлик қилишга чорлаб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter