Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари дастурлаш бўйича билимга эга бўлдилар

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари дастурлаш бўйича билимга эга бўлдилар

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари «Дастурлаш соати» (Hour of Code) маҳорат дарсида иштирок этдилар ва дастурлаш бўйича билимларга эга бўлдилар.

Маҳорат дарси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (ПИИМА) томонидан ташкил этилди.

— Ахборот технологиялари ҳаётимизнинг узвий қисмига айланди ва бугун меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш учун бу йўналишда билимларга эга бўлиш керак. Биз тизимимиздаги мактаблардаги ўқувчилар учун бу каби маҳорат дарсларини ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу орқали биз болаларга дастурлашни ўрганиш қизиқ бўлишини кўрсатмоқчимиз. Яқин вақт ичида ПИИМА тизимидаги мактаблар ўқувчилари яна бошқа маҳорат дарслари ва тренингларида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар, — деди ПИИМА директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев.

Маҳорат дарсини ўтказиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабининг ўқитувчилари тренер сифатида жалб этилди.

Тренерлар маҳорат дарсида машҳур «Minecraft» ўйинига асосланган «Heroʻs Journey» («Қаҳрамон йўли»)ни дастурлашни ўргатишга қаратилган дарслардан фойдаланишди. Мазкур дарслар «Microsoft» корпорацияси томонидан яратилган.

«Microsoft» корпорацияси муҳандислари болажонларга информатика асосларини осон ва тушунарли тилда ўрганишлари учун мазкур дастурни тайёрладилар. Ундан дарс вақтида, синф соатларида ва уй вазифаларини бажаришларида фойдаланишлари мумкин.

Муаллифлар, ижодий ёндашган ҳолда Агентлар, яъни қизиқарли қаҳрамонлар ёрдамида ўқувчиларга дастурлашнинг асосий тушунчалари ва принципларини тақдим этадилар.

— Менга маҳорат дарси жуда ёқди. У қизиқарли ўтди ва биз Minecraft ёрдамида турли ўйинлар яратдик. Мен дастурлаш бўйича бошланғич билимларга эга бўлдим. Умид қиламанки, бундай тадбирларни ташкил этиш бўйича ишлар давом этади ва биз янги билимлар ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятига эга бўламиз, — деди Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Фарангиз Абдуқаҳҳорова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг