Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги ВГИК филиалида учта янги йўналиш очилади

Тошкентдаги ВГИК филиалида учта янги йўналиш очилади

Тошкентдаги ВГИК филиалида учта янги йўналиш очилади. Бу ҳақда ВГИК Тошкент филиалида Россия маданият вазири Ольга Любимова, С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори, ВГИК Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов ўртасида ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

Келишувга Россия Маданият вазирлиги раҳбарияти ва Бутунроссия давлат кинематография институти ректорининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилди.

Ольга Любимова ва Владимир Малишев университетнинг моддий-техник базаси, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди, улар билан учрашув ўтказди, шунингдек, истиқболдаги режаларни муҳокама қилди.

Любимова Тошкентда ВГИК филиалининг очилишини Россия ва Ўзбекистон кинематографияси ривожи учун энг муҳим воқеа деб атади.

«Ушбу қарор икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан қабул қилинган. Президентларимизнинг кинематографияга эътибори, ардоқли муносабати соҳанинг ривожи учун жуда муҳим ҳисобланади. Ушбу ташаббус туфайли Ўзбекистонда кинематография соҳаси қайта тиклана бошлади», — дея таъкидлади Ольга Любимова.

Россия Маданият вазири олий таълим маскани талабалари билан учрашиб, уларни филиалнинг очилиши ва биринчи ўқув йилининг якунланиши билан табриклади.

«Сиз танлаган йўл жуда машаққатли. Фақатгина ўз ҳаётини киносиз тасаввур қила олмайдиган инсонларгина ушбу йўлни босиб ўта оладилар. Сизларга охиригача боришингизни, зўр мутахассис сифатида шаклланишингизни тилайман. Сизларни ва филмларингизни кутиб қоламиз. Тақдим этилаётган имкониятлардан иложи борича унумли фойдаланинг», - деди вазир талабалар билан учрашувда.

Кинематография агентлиги бош директори ва ВГИК Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов Тошкент филиалининг яқин келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.

«Бугунги учрашувда биз Россия Маданият вазирлиги ва ВГИК раҳбариятига ўз имкониятларимизни намойиш қилдик ва шу орқали уларни учта янги йўналиш – актёрлик санъати, кино ва телевидение режиссёрлиги ҳамда кинооператрлик йўналишларини очиш зарурлигига ишонтирдик. Янги йўналишлар кейинги ўқув йилидаёқ очилади. Ташриф давомида бу борада келишувга эришилгани жуда ҳам муҳим воқеа ҳисобланади. ВГИК раҳбарияти бизга ушбу йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар базасини шакллантиришига ваъда берди», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев ВГИК университет мақомини олганини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистонга ташрифдан кўзланган мақсадлар ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, ташриф филиални янада ривожлантириш масалаларини жойида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган. Июль ойида таълим муассаси талабаларни қабул қила бошлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг