Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига қабул бошланди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига қабул бошланди

Фото: Академия матбуот хизмати

Мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасалари қаторида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни бошланди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда академияда учта – Исломшунослик, Мумтоз Шарқ филологияси ҳамда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети мавжуд.

Қабул жараёнидаги янгиликлар

Жорий йилда олий ўқув юртларига ҳужжатлар қабули ва тест синовлари бутун дунёда бўлгани каби Covid-19 пандемияси шароитида ўтказилаётгани боис ўзига хос талаб ҳамда шароитларни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси бўлишни мақсад қилган абитуриентлар дастлаб ушбу ҳаволадаги ҳужжатларни PDF форматда ёки сифатли суратини уйларида турган ҳолда компьютер ёки мобиль телефон орқали https://qabul.iiau.uz порталига юклаши зарур.

Рўйхатдан ўтишда сўровноманинг белгиланган жойига абитуриент доимий иш фаолиятидаги ўз мобиль телефони рақамини киритиши талаб этилади. Чунки ушбу белгиланган мобиль рақамга СМС хабар орқали дастлабки имтиҳон вақти, интернет ҳаволаси (линк) ҳамда имтиҳонга кириш учун шахсий Логин ва Парол юборилади.

Унутмаслик жоизки, абитуриент ҳужжатларини онлайн рўйхатдан ўтказиш вақтида барча маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик паспортига кўра расмийлаштириши шарт. Агарда исм шарифи ёки қайсидир сана ёхуд бошқа номдаги ҳужжат хато юкланса, компьютер тизими автоматик равишда барча ахборотларни рад этади. Бу эса абитуриентнинг ҳужжатлари Академия қабул комиссияси томонидан қабул қилинмаслигига сабаб бўлади.

Дастлабки имтиҳон қандай ва қачон ўтади?

Абитуриентлар 2020 йилнинг 20 июнидан 10 июль соат 17-00га қадар Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг https://qabul.iiau.uz портали орқали белгиланган тартибда ҳужжатларини рўйхатдан ўтказгач, 11-13 июль кунлари дастлабки имтиҳон — Интеллектуал салоҳиятни баҳоловчи тестдан ўтиш талаб этилади. Бунда ҳар бир абитуриентнинг (ҳужжат топширишда расмийлаштирилган) мобиль телефон рақамига СМС хабар орқали Интеллектуал тест олинадиган интернет портали ҳаволаси, тестдан ўтиш куни (санаси), вақти (соати) ҳамда шахсий Логин ва Парол юборилади.

Мазкур имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларгина 2020 йилнинг 15-20 июль кунлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz, унинг ҳудудий бўлимлари ёки Давлат тест маркази сайти орқали Ўзбекистон халқаро ислом академиясига қўшимча равишда тест синови топшириш фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган яна 4 та олий ўқув юртини танлаб, белгиланган тартибда ҳужжат топшириши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг