Ўзбекистонда яна бир янги олимпиада ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижроси доирасида олимпиада ташкил этилмоқда.
Мазкур олимпиада Халқ таълими вазирлиги ва «Қоракўл Зиё» ўқув маркази ҳамкорлигида ўтказилади.
Илк олимпиада жорий йилнинг 15 сентябрь куни Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги 34-умумтаълим мактабида бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг 5-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-босқич ва касб-ҳунар коллежларининг 3-босқич ўқувчилари иштирок этиши мумкин.
Иштирокчилар 3 соат ичида 6 та масала ечиши керак бўлади. Олимпиада учун топшириқлар (ёзма ишлар) давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мос равишда Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ва «Қоракўл Зиё» ўқув маркази томонидан ҳамкорликда тузилади.
Ғолиб ўқувчилар «Қоракўл Зиё» ўқув маркази томонидан телевизор, планшет ва смартфон каби мукофотлар билан рағбатлантирилади. Бундан ташқари, иштирокчилар орасидан «ўзига хос ечим», «энг яхши ғоя» ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.
Мазкур олимпиадага Тўхтамурод Муртозаевич Жумаев номи берилиши бежиз эмас. Тўхтамурод Жумаев кўп йиллар давомида математика ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган. 1990-2015 йилларда Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернати директори вазифасида ишлаган.
Тўхтамурод Жумаев ташкил қилган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Натижада мактаб ўқувчиларининг 90 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинган.
Бундан ташқари, ушбу мактаб ўқувчилари математика фанидан Халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларни қўлга киритган. Ҳозирги кунга қадар математика олимпиадасида қўлга киритилган медаллар сони 36 тани ташкил этади. Шулардан 23 таси Жумаев мактаби ўқувчиларига тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter