Япония Ўзбекистондаги таълим муассасаларига грант ажратди

Вазир Ҳ.Умарова, элчи Т.Ҳатори ва таълим масъуллари.
28 февраль куни Тошкентда Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш» дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Япония элчихонаси хабарига кўра, ҳамкор давлат Ўзбекистондаги учта таълим масканига 140165 доллар миқдорида грант ажратмоқда.
Грант ҳужжатларини имзолаш маросимида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори қатнашди.
Битимга мувофиқ, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 31-мактаб санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш учун 91 минг доллар, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 19- ҳамда 28-мактабгача таълим муассасаларини ўқув жиҳозлари билан таъминлаш учун қарийб 25 минг доллардан маблағ ажратилади.
Элчи Т.Ҳатори таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга доир лойиҳалар икки халқ ўртасидаги дўстликдан шаҳодат бериши, Япония Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида собит эканини таъкидлади.
«Япония Ўзбекистон ўзи танлаган йўлда очиқ, барқарор тарзда тараққий этиши учун биринчи галда ижтимоий-иқтисодий жабҳада тўлақонли ҳамкорлик қилади. «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш» дастури доирасидаги грант битимлари Ўзбекистон халқи фаровонлигини оширишга қаратилган ҳамкорликнинг бир йўналишидир», – деди дипломат.
Қайд этилишича, 1995 йилдан буён Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда 420 га яқин кўп миллион долларли лойиҳалар амалга татбиқ этилди.
Япон элчисига кўра, инсон салоҳиятини оширишга қаратилган сармоялар Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари билан муштаракдир.
Аввал хабар берганимиздек, элчи Т.Ҳатори куни кеча Тошкентда ўтказилган анжуманда ҳам Кунчиқар ўлка Ўзбекистонга иқтисодиёт, таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳаларида ёрдам кўрсатишда давом этишини қайд этган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter