АКТ вазири БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакилини қабул қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги резидент-координатори Ҳелен Фрейзер иштирокида «Самарали давлат бошқарувини ривожлантириш учун ҳамкорлик ва рақамли ўтиш» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Унда лойиҳанинг 2018 йилда ўтказиладиган Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигида иштироки учун зарур донорлик улушларини молиялаштиришда вазирлик иштироки келишиб олинди. Шунингдек, томонлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш, хусусан аҳолига юқори даражали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.
Учрашувда кун тартибига қўйилган бош масалалар, жумладан ахборот технологиялари ва ёшларнинг АКТ саводхонлигини ошириш, UNESCO, ITU каби муассасалардан этакчи экспертларни жалб қилган ҳолда таълимнинг янги тизимини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг январ ҳамда май ойларида вазирлик Тошкент ахборот технологиялари ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетлари, шунингдек БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда 10 дан 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ахборот технологиялари танловини ташкил қилмоқда. Ҳозиргача юртимизнинг барча ҳудудларидан унда иштирок этиш истагида бўлган 450 нафар номзодлар рўйхатдан ўтганлар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter