Бугун Тошкентда аналог телевидение буткул тўхтатилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан бугундан бошлаб Тошкент шаҳрида янги русумдаги телевизори йўқ ёки телевизорга уланадиган қўшимча қурилмага(тюнер) эга бўлмаган оилалар аналог телевидениени кузатиш имконидан маҳрум бўлишди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.
Мазкур ҳужжатга биноан 2017 йил якунига қадар юртимизнинг барча ҳудудида 90 комплект юқори қувватли ҳамда 404 комплект камқувватли рақамли телеэшиттириш узаткичлари ўрнатилган. Бу ҳақда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Жавлон Исаев маълум қилган. «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси ер усти рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш» инвестициявий лойиҳаси асосида рақамли телеузаткичларни ўрнатиш ҳамда ишга тушириш жараёни олиб борилган. Натижада юртимиздаги барча аҳоли яшаш маскани рақамли телевидение дастурлари билан тўлиқ таъминланган.
— Ҳозир ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам рақамли телевидение сигналлари мавжуд», — дейди Жавлон Исаев. — Шунингдек, Тошкент шаҳрида сунъий йўлдош алоқа тармоғига рақамли теледастурларни узатиш ва қабул қилиш Ер станцияси ташкил этилгани. Бугунги кунда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 телеканали ҳамда 4 радиоканали дастурлари узатилмоқда. Ушбу теле ва радиодастурларни нафақат Ўзбекистонда, балки 40 дан ортиқ чет мамлакатлар ҳудудида ҳам кўриш ва тинглаш мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси Қарорида Ўзбекистон Республикасида ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга биноан 2018 йилнинг 5 декабрига қадар аналог форматдаги телеэшиттиришлар тўхтатилиши белгиланган. Ушбу жадвал асосида 2018 йилнинг 15 январидан Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилган эди. Сирдарё вилоятида 15 апрелдан, Жиззахда 15 майдан, Самарқандда 1 июндан, Бухоро ва Навоийда 15 июндан, Хоразмда 1 июлдан тўхтатилган.
Ҳозирда фақат Қорақалпоғистон Республикаси (10 сентябргача) ҳамда Қашқадарё (5 декабргача) ва Сурхондарё (5 ноябргача) вилоятларида аналог телевидениени кўриш имконияти сақланиб қолмоқда.
Жавлон Исаевнинг таъкидлашича, «рақамли телеэшиттиришларга ўтиш, аналог телеэшиттиришлар босқичма-босқич тўхтатилиши тўғрисида 2017 йилнинг ноябрь ойида мобиль алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиб, аҳолига SMS-хабарлар юборилди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси қарорининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз телевидениесида кечаётган техник ҳамда технологик ўзгаришлар, бунинг афзалликлари, аналог телеэшиттиришларни тўхтатиш жадвали, рақамли телевидение дастурларини кўриш шартлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида мутахассислар интервьюлари, видеороликлар, эълонлар эфирга узатилмоқда».
Эслатма
Рақамли теледастурлар сигналлари рақамли қайта ишланиб, янги тизимда узатилганлиги боис эски русумдаги телевизорлар ушбу теледастурларни тўғридан-тўғри қабул қила олмайди. Бунинг учун рақамли тюнер қурилмасини улаш талаб этилади. Шунингдек, телесигналларни қабул қилувчи антенна қурилмаси қўлбола эмас, стандарт антенна бўлиши лозим. Янги ишлаб чиқарилган, замонавий телевизорлар эса рақамли телевидение дастурларини қабул қилиш учун қўшимча қурилмалар талаб этмайди. Чунки бундай телевизорлар ичига махсус тюнер ўрнатилган. Томошабин телевизорида DVB-T2 стандарти мавжудлигини текшириб кўриши зарур. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган аксарият замонавий телевизорларга ушбу стандартни қўллаб-қувватловчи рақамли тюнерлар ўрнатилган. Унга қўшимча равишда оддий антенна талаб қилинади.
Мамлакатимизда нафақат рақамли сигнални қабул қилиш, балки Smart-TV ва IP-TV технологияларини ҳам қўллаб-қувватловчи энг сўнгги русумдаги телевизор моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Эски телевизор моделлари соҳиблари учун махсус «Ўзэлтехсаноат» АК корхоналари томонидан беш йил мобайнида 3 миллион дона рақамли телевизион сигналларни қабул қилувчи мослама ишлаб чиқарилади.
Юртимизда рақамли телевидениенинг ижтимоий очиқ тўплами шакллантирилган. Унинг таркибига «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Toshkent», «Sport», «Madaniyat va ma’rifat», «Bolajon», «Navo», «Dunyo bo‘ylab», «Kinoteatr», «Oilaviy», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» телеканаллари ва «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» радиоканаллари ҳамда «Zo‘r TV», «Sevimli» («Сaravan TV»), «Uzreport», «Futbol TV», «MY5», «Milliy» нодавлат телеканаллари дастурлари киритилган. Мазкур телеканаллар дастурларини кўриш бепул.
2018 йилнинг декабрь ойида сўнгги аналог узатгичлар ўчирилиши билан Ўзбекистон рақамли телевидениега тўлиқ ўтган давлатлар қаторига қўшилади.
Маълумот ўрнида
АТ «Алоқабанк» ҳамда «UzDigital TV» МЧЖ ҳамкорликда махсус истеъмол кредитини ишлаб чиққан бўлиб, унга биноан рақамли ТВ ёки ТВ-тюнерларни харид қилишга бошланғич тўловсиз 3 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга маблағ берилади. Кредит фоизи — йиллик 18 фоизни ташкил этади ва энг кам иш ҳақининг 40 баробаригача миқдорда ажратилади. Кредитни АТ «Алоқабанк» бўлинмаларида расмийлаштириш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter