Бухородаги қишлоқда «IT шаҳарча» иш бошлади (фото)
Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани марказидан салкам 25 километр олисда жойлашган «Оқработ» маҳалласининг Оқработ қишлоғида «IT шаҳарча» иш бошлади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича туман ҳокими ўринбосари Жонибек Жумаев маълум қилди.
«Оқработ» ва унга туташ 9 та маҳаллада жами 7,5 мингга яқин ёшлар дастурчилик, график дизайн, киберхавфсизлик ва хорижий тиллар бўйича ўқиш истагини билдирган. Янги ташкил этилган «IT шаҳарча» бир мавсумда 180 нафар, бир йилда эса 700 нафардан ортиқ ўқувчини қамраб олиш имкониятига эга.
«IT шаҳарча»сининг бунёд этилиши тажрибали менторлар ва янги иш ўринларининг ҳам яратилишига туртки бўлди. Шаҳарчада дарс бераётган мутахассислар орасидан маҳаллий ёшлар ҳам катта улушга эга. Соҳани чуқур ўзлаштирган ва амалиётга эга бўлган менторлар танлаб олиниб, ишга жалб қилинган. Натижада марказнинг ўзида 10 га яқин ёш мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлган.
«Ёшлар учун замонавий инфратузилмага эга ҳамда фриланс, стартап ва хизматлар учун янги маскан ҳисобланган ушбу «IT шаҳарча» ҳудудида кутубхона, шахмат хоналари, workout майдончалари ҳамда коворкинг зоналари ҳам барпо этилди. Бу имкониятлар ёшларга дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказиш, ўзаро мулоқот қилиш, ижодий ғоялар устида ишлаш ва эркин муҳитда дам олиш имконини беради», — деди Жонибек Жумаев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter