Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Huawei» компанияси «Honor»ни қанчага сотишга тайёр?

«Huawei» компанияси «Honor»ни қанчага сотишга тайёр?

Фото: «Hwp.com.tr»

«Huawei» компанияси «Honor»ни 15 млрд. долларга сотишни режалаштирган, бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

«Huawei Technologies»га бутловчи қисмлар етказиб бериш ва сотиш борасида АҚШ маъмурияти томонидан қўйилган чекловлар смартфонлар ишлаб чиқаришда дунёда иккинчи ўринда турган компанияни ўз бизнеси хавфсизлиги учун кескин қадамлар ташлашга мажбур этяпти.

Манбаларга кўра, «Honor» нақд пулга сотилади: деярли барча активлар, хусусан, брендлар, тадқиқотлар ва ишланмалар, етказиб бериш бошқаруви ҳуқуқи харидорга ўтади. «Huawei» узил-кесил қарорини 15 ноябрь, якшанба куни эълон қилиши кутилмоқда.

Сотувдан сўнг «Honor» бошқарувдаги аксарият ходимлар ҳамда ишлаб чиқаришдаги 7 мингдан ортиқ ходимларни сақлаб қолишни ва уч йил мобайнида биржага чиқишни режалаштиряпти, дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Huawei» компанияси «Honor»ни 2013 йилда ишга туширган, шунга қарамасдан, бу бизнес йўналиши мустақил равишда ривожланиб келаётганди. Таҳлилчиларга кўра, ушбу савдо «Honor»нинг «Huawei»га қўлланган санкциялардан озод бўлишига олиб келади. Аммо, ҳозирча бу тахмин, холос.

«Canalys» тадқиқотларига кўра, «Huawei» июль—сентябрь давомида сотган 51,7 млн. дона смартфоннинг 26 фоизини «Honor» брендли қурилмалар ташкил этган. Қолаверса, «Honor» ноутбуклар, планшет компьютерлар, смарт-телевизорлар ва бошқа электрон аксессуарлар ишлаб чиқаради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг