Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Компьютер ўйинлари зарарли эмас, аксинча...

Компьютер ўйинлари зарарли эмас, аксинча...

Фото: «Geektimes»

Кўпинча болаларимизнинг компьютер ва телефонларда ўйин ўйнашидан хавотирга тушамиз. Бу зарарли, соғлиғи учун зиён-ку, деб ўйлаймиз. Бўлмаган гап! Компьютер ўйинлари мутлақо зарарсиз — агар меъёрини билсак, ҳаддан зиёд берилиб кетмасак, электрон ўйинларни ҳатто катталар ва болалар учун энг фойдали машғулотлар рўйхатига киритса ҳам бўлади. Негалигини қуйидагиларни ўқиб тушуниб оласиз деган умиддамиз.

Хилма-хил овқатлар танимизга ҳар хил таъсирини ўтказгани каби, турли жанрлардаги компьютер ўйинлари ҳам ўзига хос таъсир кучига эга.

Хотира

Компьютер ўйинлари тарихидаги энг машҳур ўйинлардан бири — асли италиялик Марио исмли сувсознинг саргузаштларидир. Қаҳрамонлари чарчоқ нима билмасдан тинмай зинапоялардан кўтарилиб тушувчи, платформадан платформага сакраб тушиб мукофотларни йиғувчи бунга ўхшаш ўйинлар платформерлар дейилади. Айнан платформерларни ўйновчиларда енгил ҳаракатланиш, хотира ва стратегик режалаштириш кўникмалари кучаяди.

Тетрисга ўхшаш ўйинлар эса ёмон хотираларни унутиш, жароҳатлардан кейинги руҳий сиқилишларда, овқат ва наркотиклардан тийилишда ёрдам беради.

Кўриш қобилияти

Рочестер университети тадқиқотчилари бир нарсани аниқлашди: биринчи шахс номидан ўйналадиган шутерлар (масалан, афсонавий  Call Of Duty ўйини) нарса-буюмларнинг майда деталларини ва бир қарашда фарқлаш осон бўлмаган кулранг тусининг ҳам фарқли турларини ажратиш қобилиятини ривожлантиради. Бу нимага керак? Масалан, туманли об-ҳавода машина ҳайдаётганда.

Мия

Шутерлар бир пайтнинг ўзида жуда кўп иш бажарилганда диққатни жамлай олиш ва иш қобилиятини сақлаб қолишни ҳам таъминлайди. Геймерлар бир ишдан иккинчисига осон ўтиб кета оладилар. Аммо машғулотларни чўзиб юбориш ярамайди. Тадқиқотчилар ҳафтасига монитор қаршисида беш соатдан ортиқ ўтирмасликни тавсия этишади.

Руҳий соғломлик

Кенг истеъмолчилар доираси учун мўлжалланган казуал ўйинлар (Bejeweled, пазллар ва ҳоказо) оддийлиги ва дўстона интерфейси билан ажралиб туради. Қоидалари мураккаб эмас, мабодо ўйинчи қийналиб қолса ўйиннинг ўзи унга нима қилиш кераклигини маслаҳат беради. Бу, масалан, жамоат транспортида «йўлни қисқартириш» учун энг яхши ўйин. Аммо берилиб кетманг — бекатингиздан ўтиб кетишингиз мумкин!

Казуал ўйинлар кунига 30 дақиқа ўйналса етарли — депрессия ва безовталикни анча аритади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг