Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2025 йилдан Хитойда одамсимон роботлар оммавий ишлаб чиқарила бошлайди

2025 йилдан Хитойда одамсимон роботлар оммавий ишлаб чиқарила бошлайди

Хитой 2025 йилгача оғир саноат соҳалари ва хавфли шароитларда фойдаланиладиган одамсимон роботларни оммавий ишлаб чиқаришни режалаштирган. Бу ҳақда Хитой саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги эълон қилган 9 саҳифалик ҳужжатда сўз боради.

Ҳужжатга кўра, мамлакат 2027 йилга бориб бу борада дунё етакчилигини қўлга киритишни мақсад қилган. Барчаси режадагидек кетса, 2027 йилда Хитойда саноатни автоматлаштириш янги босқичга кўтарилиши, одамсимон роботлар эса иқтисодий ўсишнинг двигателига айланиши керак.

Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлигининг беш йиллик режасида робототехника автомобилсозликдан тортиб то тоғ-кон саноатигача бўлган барча асосий тармоқларга интеграциялаш кўзда тутилган. Агар бу стратегия амалга оширилса, 2025 йилга бориб мамлакатда аҳоли жон бошига нисбатан роботлар сони икки баробар ортади. Хитой роботлари нафақат сон, балки сифат бўйича ҳам жаҳондаги энг яхши брендлари билан тенг бўлиши мақсад қилинган.

Сўнгги 8 йил ичида Хитой саноат роботлари учун энг йирик бозорга айланиб улгурди. Робототехника саноатининг даромади 2016–2020 йилларда ўртача 15 фоизга ўсган бўлса, кейинги беш йил ичида ўртача йиллик ўсиш суръати 20 фоизгача ошиши кўзланган. Таъкидлаш керак, роботлар аллақачон катта даромад келтира бошлаган – саноатни роботлар ёрдамида автоматлаштириш 2020 йилда мамлакат иқтисодиётига 15,69 млрд доллар даромад келтирди.

Миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи 11 ойида Хитойда саноат роботларининг умумий ишлаб чиқарилиши 330 минг донадан ошган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга кўп.

Ўтган йили мамлакатда ҳар 10 минг ишчига 246 робот тўғри келди – бу кўрсаткич бўйича давлатлар миллий автоматлаштириш даражасини ўлчайди. Расмийларнинг таъкидлашича, бу натижа жаҳон ўртача кўрсаткичидан деярли икки баравар кўп демакдир.

Халқаро робототехника федерацияси томонидан эълон қилинган World Robotics-2022 ҳисоботига кўра, Хитой 2021 йилда саноат робототехника соҳасида АҚШни ортда қолдириб, дунёдаги энг автоматлаштирилган бешинчи давлатга айланди.

Одамсимон роботлар заҳарли материаллар билан ишлаш ёки одамлар учун яроқсиз муҳитда, масалан, Ойда фаолият олиб бориши прогноз қилинмоқда. Ҳужжатга кўра, Хитой яқин келажакда соғлиқни сақлаш, маиший хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва логистика каби соҳаларда роботлардан фойдаланишни режалаштирган. Бундай роботлар компьютер, смартфон ва янги транспорт воситаларидан кейинги “инқилобий инновация” бўлиши кутилмоқда.

Хитой аҳолининг қариши, ишчи кучи танқислиги туфайли бўшлиқларни тўлдириш учун роботларга мурожаат қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг