Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олти ой ишламаган телефон бир кунда ишлатиб берилди

Олти ой ишламаган телефон бир кунда ишлатиб берилди

Фото: «Newsline»

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмасига 2018 йилнинг ўтган даврида тушган мурожаатларнинг 29таси мобиль алоқа хизмати сифатига, 53таси телефон алоқаси ва интернет хизмати сифатига, 10таси почта алоқаси хизматлари сифатига, 7таси телерадиоузатиш соҳасига ва 3таси бошқа соҳаларга тааллуқли бўлган.

Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ж.Сулаймоновнинг маълум қилишича, барча мурожаатлар қонун доирасида ўз вақтида кўриб чиқилди. Натижада кўплаб фуқароларнинг алоқа хизматларидаги муаммолари ижобий ҳал этилди. Алоқа хизматлари сифати бузилишига сабабчи тўрт нафар ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима солинди, икки нафар ходимга ҳайфсан интизомий жазо чораси кўрилди.

Бир мурожаат таҳлили: Андижон вилоятининг Избоскан туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаати юзасидан жавоб хати почта алоқаси орқали етиб келмаганлиги борасида тегишли органларга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, «Ўзбекистон почтаси» АЖ Андижон филиалига қарашли Пахтаобод туманлараро почта алоқаси боғламасининг масъул ходимлари хатни олувчига етказиб бериш чорасини кўришмаган ва хат қайтариб юборилган... Натижада фуқаро Президент виртуал қабулхонасига такроран мурожаат қилган.

Андижон туманида яшовчи фуқаро Ю.О. хонадонидаги телефони олти ойдан бери ишламаётганлиги юзасидан инспекциянинг 1144 рақамли «Ишонч телефони»га қилган мурожаати ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатан ҳам у 2017 йил 6 июн куни «Ўзбектелеком» АК Андижон филиалида ташкил этилган 1086 қисқа рақам (Call-сenter) хизматига мурожаат қилгани аниқланди. Участка электромонтёри ва масъул ходимларнинг ўз ишга масъулиятсизлиги сабабли носозлик ўз вақтида бартараф этилмаган. Ҳудудий бўлинма мурожаатни ўрнатилган тартибда кўриб чиқди ва шу куннинг ўзида мурожаатчининг телефони меъёрида ишлатиб берилди.

Истеъмолчиларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича инспекциянинг ҳудудий бўлинмаси томонидан «Ўзбектелеком» АК Андижон филиалига ва «Ўзбекистон почтаси» АЖ Андижон филиалига кўрсатма берилган ҳамда вилоятдаги еттита аҳоли масканида мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш бўйича мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи корхоналарга таклифлар юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг