Миср компанияси Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқиш билдирди
Бугун, 14 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида Миср Араб Республикасининг «Orascom Telecom Holding» компанияси бошқаруви раҳбари Нажиб Савирис билан музокара бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.
Мисрлик бизнесмен 14-16 март кунлари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимиз АТ-саноатининг салоҳияти, яқин истиқболдаги режалар билан танишмоқда.
Нажиб Савирис учрашувда Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шу муносабат билан, «Orascom Telecom Holding» билан АТ-инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ҳар икки томон учун манфаатли бўлган келишувларни амалга ошириш, сармоя киритиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Юртимиз бўйлаб сафари давомида Нажиб Савириснинг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташрифи режа қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Orascom Telecom Holding» компанияси жаҳоннинг қатор мамлакатларида, жумладан Буюк Британия, Покистон, Иордания ва бошқа давлатларда телекоммуникация хизматларини кўрсатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter