Ўзбекистон делегацияси Грузиядаги халқаро форумда иштирок этмоқда
Жорий йилнинг 20-21 июнь кунлари Грузия пойтахти Тбилисида «Рақамли ҳукумат соҳасида ҳамкорлик ва салоҳиятни ривожлантириш» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз Муҳитдинов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Мазкур форум Қозоғистондаги БМТ Тараққиёт Дастури, Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги (MOIS) ва Миллий ахборот жамияти агентлиги (NIA) томонидан Остана давлат хизмати хабининг билим ва тажриба алмашиш платформаси салоҳиятидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги ҳудудий лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Ҳудудий лойиҳа мақсади – Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон ва Ўзбекистон) ва Кавказ давлатлари (Арманистон, Озарбайжон ва Грузия)да давлат бошқаруви ва рақамли давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат хизматчиларининг билим ва салоҳиятини ошириш орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга ҳисса қўшишдан иборат. Лойиҳа уч йилга мўлжалланган бўлиб (2021-2023), унинг доирасида тадқиқотлар, конференциялар, форумлар, ўқув семинарлари ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши кўзда тутилган.
Тбилисидаги тадбирда Корея ва Грузия рақамли ҳукуматларининг илғор тажрибалари тақдим этилди ҳамда ҳудудий лойиҳа иштирокчи давлатларининг рақамлаштиришга доир ёндашувлари бўйича тажриба алмашилди.
Маълумот ўрнида:
Ушбу форумда Корея Республикаси ички ишлар ва хавфсизлик вазири Санг-мин Ли, Грузия адлия вазирининг биринчи ўринбосари Тамар Ткешелашвили, Қозоғистон Республикаси рақамли ривожланиш, инновация ва аэрокосмик саноат вазирининг ўринбосари Асет Турисов ва ҳудудий лойиҳа иштирокчи давлатларининг тегишли давлат ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter