Ўзбекистонлик талабалар Дубайда бўлиб ўтган COP-28 доирасидаги Talent & Green Summitда иштирок этишди
3-8 декабр кунлари Ўзбекистон талабалари «Seeds tour» таълим турида иштирок этишади. Ушбу тур БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP-28 конференцияси давомида Seeds for the Future дастурининг айрим иштирокчилари учун ташкил этилди. Саёҳат давомида талабалар барқарор ривожланиш учун рақамли истеъдодларни бирлаштиришга қаратилган Talent & Green Summitда иштирок этишди.
БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган COP-28 иқлим ўзгариши бўйича конференция доирасида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан саккиз нафар талаба «Seeds tour» таълим турида иштирок этиш учун таклиф этилган. Жорий йилнинг сентябр ойида Қатар пойтахти Доҳа ва БААнинг Дубай шаҳарларида «Seeds for the Future» таълим дастури доирасида ўтказилган Tech4Good минтақавий танловида ғолиб бўлган «Techno Mind» жамоаси вакиллари саёҳатга йўл олишди. «Techno Mind» жамоаси таркиби Тошкент Ахборот Технологиялари Университети, Тошкент шаҳридаги Inha Университети, Тошкент шаҳридаги Amity Университети, Тошкентдаги Кимё Халқаро Университети ва Янги Ўзбекистон Университети талабаларидан иборат бўлди.
Турнинг асосий тадбирларидан бири 5 декабр куни ўтказилган «Seeds for the Future 2.0» таълим дастурининг 22 давлатдан 36 нафар иштирокчини бирлаштирган «Talent & Green Summit» бўлди. Саммитда иқтидорли ёшлар билан бир қаторда халқаро ташкилотлар олимлари, таълим муассасалари профессорлари, Huawei компанияси экспертлари иштирок этдилар. Иштирокчилар ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш зарурлигини муҳокама қилдилар.
«Иқлим ўзгаришини юмшатиш барчамизни ўйлантирадиган мавзу бўлиши керак. COP-28 мунозараларни бошлаш ва реал ҳаракатларни муҳокама қилиш учун дунёдаги энг яхши ғоялар ва кучларни бирлаштириш мақсадида ажойиб платформа яратди. Ёш авлод келажакдаги барқарор ривожланишнинг муҳим таянчидир, – деди Huawei компаниясининг корпоратив коммуникациялар департаменти вице-президенти Чжан Юан хоним ўз нутқида. – Huawei ёш истеъдодларга рақамли билимларни тақдим этишда, ижодкорлик ва интилишларни очиб беришда, АКТ технологиялари имкониятларини намойиш этишда, реал ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишда, қийинчиликларга дуч келиб уларни енгишда давом этади».
Саммитда «Techno Mind» жамоаси етакчиси, Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети талабаси Нодира Отабекова сўзга чиқиб, Tech4Good танловида энг яхши ғоя деб топилган «Aquatibia» лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа чиқиндилар минимал даражасига эришиш, очарчиликни бартараф этиш (BRM2) ва тоза сув ва санитария (BRM6) каби муҳим барқарор ривожланиш мақсадларига (BRM) эришишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш атроф-муҳитга, қишлоқ хўжалигига, тупроқ сифатига ва ҳудудларда турмуш шароитини яхшилашга катта таъсир кўрсатиши, бир вақтнинг ўзида иккита асосий муаммони: биологик чиқиндиларни қайта ишлатиш, суғориш сувларини тузлар ва оғир металлардан фильтрлаш ишларини ҳал этиши мумкин.
«Жамоамизнинг ютуқлари фақат технологик инновациялар туфайли эмас. Биз умумий қараш ва дўстлик туйғусини ривожлантириш жуда муҳимлигини тушундик. Технологик тараққиёт даврида биз ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун турли инновациялардан фойдаланишимиз керак. Биз дунёнинг бир бурчагидан бошқасига бирлашиб, фикр алмашишимиз ва энг зўр келажак учун ҳамкорлик қилишимиз мумкин», деди Нодира ўз нутқида.
«Seeds tour» доирасида иштирокчилар Expo City Dubai кўргазмасида COP-28 яшил зонасида бўлиб ўтган кўргазмага ташриф буюришди, ўйинларни ривожлантириш бўйича етакчилардан бири Sawa Group компаниясининг муваффақиятли фаолияти билан танишишди, шунингдек, Дубай бўйлаб танишув сафарида ҳам иштирок этишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter