Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентлар қандай телефонлардан фойдаланишади: Обама, Байден, Макрон, Путин ва бошқалар

Президентлар қандай телефонлардан фойдаланишади: Обама, Байден, Макрон, Путин ва бошқалар

Реалдан онлайнга кўчаётган ҳаётни смартфон ва планшетларсиз тасаввур қилиш қийин. Энг сўнгги моделдаги бу қурилмалардан фойдаланишни давлат раҳбарлари ҳам исташади, албатта. Аммо ҳар доим ҳам уларнинг айтгани бўлавермайди.

Президентлар фойдаланувидаги исталган электрон қурилма — хакерлар учун «биринчи рақамли» нишон.

Шунга қарамасдан, деярли ҳар бир президент ё бош вазирнинг ўз ён телефони бор. «Корреспондент» янгиликлар портали дунёнинг энг кучли сиёсатчилари (собиқ ва амалдаги) қанақа қурилмалардан фойдаланишларига қизиқди.

Обаманинг «айпади»

Фото: BBC

2009 йили, АҚШ президенти бўлганидан кейин ҳам Барак Обама ўзи ўрганиб қолган «Blackberry» смартфонидан анчагача кўнгил узолмаган, ҳатто хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан «мени тинч қўйинглар деб» бир неча ҳафтагача жиққамушт бўлган.

BBC маълумотига кўра, охир-оқибат бир неча ҳамкасби ва дўстлари билан алоқада бўлиб туриши учун Обамага истисно тариқасида эски телефонини олиб қолишга рухсат беришади.

2010 йили «iPad» дунё юзини кўрди, турган гапки, Барак Обама шунақасидан истаб қолди. Президентнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари унинг учун махсус, оддий «айпад»дан хавфсиз ва «кучайтирилган» «ObamaPad» ясатишади. Унинг қўл остидагилар ҳам шунақа планшетлар билан таъминланади.

Айтишларича, Обаманинг «айпади»да Wi-Fi бўлмаган — «кучайтирилгани» шу.

Трампнинг «айфони»

Фото: «Hi-Tech.Mail.ru»

Яқин-яқингача собиқ президент Доналд Трамп «Twitter» юлдузи эди. У узоқ вақт фақат «Twitter» ва янгиликлар сайтларини кўрсатадиган браузер ўрнатилган махсус «iPhone»дан фойдаланди.

Яна бир «iPhone»дан эса фақат қўнғироқ қилган.

Оқ уй ички протоколига мувофиқ, президент ҳар ой, хавфсизликни таъминлаш учун, телефонини янгилаши керак. Бироқ бу «жуда ноқулай» деган важ билан Трамп айтганидан қолмаган.

CNN 2019 йилнинг декабрида гарчи бошқа мамлакатлардан туриб кузатиш хавфи туғилса-да, Трамп эски шахсий телефонидан фойдаланаётганини ёзганди.

Байденнинг тренажёри

Фото: «Yahoo News»

АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден «Apple Watch» соатини тақиб юрганини кўришган. У, шунингдек, дисплей, камера ва микрофонли (ҳаммаси интернетга уланган) «Peloton» велотренажёридан фойдаланади. Албатта, тренажёр янги президентнинг қўриқлаш хизматида саволлар уйғотди.

Байденнинг биографи Эван Оснос айтишича, АҚШнинг янги президенти «Apple News» иловасидан фойдаланади. Бу ҳам муаммо туғдириши мумкин, чунки хакерлардан ҳимоялаш энг қийини — дастурий таъминот.

Макроннинг ўзгача телефони

Фото: «Ercom.fr»

Франция президенти Эммануэл Макрон «Thales» мудофаа компанияси ишлаб чиққан ўта ҳимояланган ҳарбий криптографик мобил телефон ишлатади. Бундан ташқари, француз ОАВлари 2017 йили ёзишича, у шахсий мақсадларда махсус ҳимояли «iPhone» ва «Samsung Galaxy S7 edge»дан фойдаланган.

Меркел ҳам «Blackberry» ишқибози

Фото: «BlackBerrys.ru»

Ангела Меркел доим «Blackberry» бренди мухлиси бўлиб келган. 2014 йилдаги хабарда немис канцлери крипточип билан четдан эшитишдан ҳимояланган «Q10» моделини ишлатиши айтилади.

Бундан ташқари, Германия биринчи шахсларининг смартфонлари хавфсизлиги билан Дюсселдорфнинг «Secusmart» компанияси шуғулланиши ҳақида маълумотлар бор. Компания «биринчи рақамли» смартфонга шифрлаш учун дастурий таъминот, бегоналардан ахборотни ҳимояловчи махсус microSD карталар ўрнатади.

Смартфонсиз Путин

Фото: «iGuides»

Россия президенти шахсий смартфони йўқлигини кўп бора такрорлаган. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков бир неча йил аввал шундай деганди: «Смартфондан фойдаланиш «тўлиқ шаффофлик» дегани, давлат раҳбари билан бундай бўлиши мумкинмас».

Ўша Песков «эски қадрдон телефонлар (ҳукуматнинг ёпиқ алоқа воситаларини кўзда тутган) барча смартфонлардан умрбоқийдир» дегани ҳам эсимизда.

Зеленскийнинг «айфони»

Фото: «Страна»

2020 йили Украина президенти Владимир Зеленский «iPhone 11 Pro» ишлатиши маълум бўлганди. Нашр Зеленский смартфонни алақачон янгилаган, деган талқинни илгари сурган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг