Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саноат шаҳарларидан «Ақлли шаҳарлар»га кўчиб ўтамиз

Саноат шаҳарларидан «Ақлли шаҳарлар»га кўчиб ўтамиз

«Ақлли шаҳар»га йўл.

Фото: «Xabar.uz»

Сайёрамиз аҳолисининг катта қисми шаҳарларда яшашини назарда тутсак, «ақлли шаҳар» тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бугунда жуда муҳим, кечиктириб бўлмас масала.

Бежизга дунё мамлакатлари унга ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг самарали ечими сифатида қарашмаяпти. «Ақлли шаҳарлар»ни қуриш ва тараққий эттириш жамият маданий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, ишлаб чиқариш кучларининг илмий-техник ривожланиши даражаси яхшиланиши билан боғлиқ мураккаб жараён бўлиб, табиийки, иқтисодий тараққиётда илғор мамлакатлар бу жабҳада ҳам бошқалардан бир бош баланд. Ҳикоямиз давомида бунга ўзингиз ҳам шоҳид бўласиз.

Жанубий Корея

Жанубий Кореяда «ақлли шаҳар» лойиҳасига 2003 йили Сонгдо, Хунндоек, Пенгё ва бошқа янги шаҳарларни барпо этиш бараварида киришилган. Ахборот ва алоқа вазирлиги 2006 йили қабул қилган «U-шаҳарни қуриш бош режаси»да U-шаҳар хизматлари стандартларини қандай ишлаб чиқиш, лойиҳаларни қонунийлаштириш масалалари белгилаб берилган. Шунинг асосида «U-шаҳар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди (2008 й.), «U-шаҳар комплекс режаси»нинг биринчи ва иккинчи таҳрирлари эса 2009 ва 2013 йилларда чиқди.

Лойиҳалар уч вазирликка тақсимланган: «ақлли шаҳарлар» сиёсати Ердан фойдаланиш, инфратузилма ва транспорт вазирлиги, маъмурий ишлар Хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирлиги, энергетика масалалари эса Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги зиммасида.

Аввалига Ахборот ва алоқа вазирлигининг «ақлли шаҳар» концепцияси ғояси илгари сурилганди, бироқ ҳозир бу масала билан Ердан фойдаланиш, инфратузилма ва транспорт вазирлиги шуғулланяпти. Моҳиятан ҳар икки вазирликнинг концепцияси ўхшаш, масалан, шаҳарда турмуш фаровонлигини ошириш учун унинг рақобатбардошлигини рағбатлантириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали маҳаллий корхоналар рақобатбардошлигини таъминлаш ва U-шаҳар моделини бошқа мамлакатларга экспорт қилиш таклиф этиляпти.

Корея Республикасидаги 250 шаҳарнинг 73тасида интеллектуал шаҳар лойиҳалари режалаштирилган ёки амалга оширилмоқда. Бу шаҳарларнинг деярли 65 фоизи янги шаҳар қуриш бўйича ўз лойиҳаларини илгари суряпти, лойиҳаларнинг 55 фоизи шаҳарларда, 23 фоизи қишлоқларда амалга ошириляпти.

Корея ҳукумати U-сервислар лойиҳаларини ҳам бошлаб юборган. Ҳар бир шахсга ўзи истаган хизматлардан фойдаланиш учун шароитларни кафолатлаш орқали жамоат хизматларини кўрсатишни яхшилаш, ечимини топмаётган масалаларга имкон қадар барҳам бериш мақсад қилиб олинган.

Япония

Бугунги мезонлар билан ўлчаганда, «ақлли шаҳар» ларни қуришга Япония Жанубий Кореядан бирмунча кеч киришди. Фақат 2011 йили Япония шимоли-шарқида рўй берган кучли зилзила оқибатида энергетика инқирозининг юзага келишидан сўнг бу йўсиндаги ишлар тезлашиб кетди. Илк маротаба «SmartGrid» («ақлли» энергетика) тизимининг афзалликларини бу ерда синовдан ўтказган япон ҳукумати кейинчалик «ақлли шаҳар» лойиҳаси нафақат зилзиладан сўнг шаҳарларни тиклаш ишларида, балки энергетика инқирози, табиий офатларнинг олдини олиш, қолаверса, туғилишнинг пасайиб кетиши каби ижтимоий муаммоларни ечишда наф беришига умид боғлади.

Японияда ҳам интеллектуал шаҳарлар лойиҳалари асосий давлат муассасаларига юкланган. Ҳукуматнинг энг йирик лойиҳалари: «Eco-FriendlyFutureCity», «SmartCommunity» ҳамда «SmartTown» режалари.

«Eco-FriendlyFutureCity». Бу режа 2008 йили қабул қилиниб, унга киритилган 13та шаҳарда 2050 йил биринчи ярмига қадар заҳарли газлар миқдорини камайтириш белгилаб қўйилганди. Яқинда лойиҳага яна 11 шаҳар, жумладан, Китакюсю қўшилди.

Юқоридаги барча лойиҳалар аҳолига хизмат кўрсатиш, ҳавога заҳарли газлар чиқаришни камайтириш, электр транспорти (EV), энергия тизимлари (EMS), интеллектуал транспорт тизимлари (ITS), фотогалваник панеллар (PV), шамол кучи, геотермал энергия, биогаз технологиялари, юқори сиғимли ва самарали аккумулятор батареяларидан фойдаланиш сингари ақлли технологияларни ўз ичига олади.

Келгусида Китакюсюни энг намунали экологик шаҳарга айлантириш режалаштирилган. Китакюсю 2012 йилдаёқ бинолар энергетикасини қуёш иссиқлик тизимлари (BEMS) орқали бошқариш натижасида энергияни тежашда 45,9 фоизлик кўрсаткичга эришди.

«SmartCommunity». Тикланувчи энергия манбаларини эски энергия тизимларига улашни кўзда тутувчи ушбу лойиҳа 2009 йили ишга тушди. Йокогама, Тойота ва Китакюсюда бошланган синов лойиҳасига 2011 йилда зилзиладан жабр кўрган яна 8та шаҳар қўшилди.

Йокогамада «SmartCity» модели муваффақиятли амалга ошириляпти, якуний мақсад – 2050 йилгача инсон фаолияти оқибатида ҳавога чиқадиган заҳарли газлар миқдорини 60 фоизгача камайтириш.

«SmartTown». Ушбу режа шаҳар муаммоларини ечиш, хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, янги иш жойларини очиш, маҳаллий рақобатни кучайтиришда АКТдан кенг фойдаланишни кўзда тутади.

Америка Қўшма Штатлари

Осиё мамлакатларидан фарқли равишда, АҚШ ҳукумати «ақлли шаҳар»қуришда асосий эътиборни «SmartGrid» ва «e-He-althCare», яъни интеллектуал электр таъминоти ва соғлиқни сақлашга қаратмоқда. Негаки, АҚШда электр таъминоти тизими эскирган ва сифати яхши эмас, тиббиёт соҳасида эса харажатлар жуда юқори.  «ақлли шаҳар» бўйича қолган ишлар штатлар ҳукуматлари ва хусусий компаниялар ихтиёрига топширилган.

2003 йили АҚШнинг шимоли-шарқий штатлари ҳамда Канаданинг бир қисмини сув босиши оқибатида электр энергиясини йўқотиш даражаси 7,4 фоизга, бундан етказилган иқтисодий зарар 150 млрд. долларга баҳоланди.

Navigant Research нашри интеллектуал шаҳар учун ечимлар ишлаб чиқарувчилар орасида IBM ҳамда Cisco Systems компанияларини юқори баҳолади.

IBM – «SmarterCitiesTM». 2008 йили тақдим этилган «SmarterCitiesTM» – «ақлли шаҳар» концепциясига қурилган биринчи синов лойиҳасидир. Ню-Йорк полицияси шу лойиҳага интеграциялашган жиноятлар ҳақидаги ахборотни таҳлил қилиб берувчи «Реал вақтда ишловчи криминалистика маркази» (RTCC) тизимини яратиш учун IBM компаниясига 11 млн. доллар ажратди. Айни пайтда қарийб 37 минг полиция ходими жиноятлар билан боғлиқ турли маълумотлар базаларидан фойдаланяпти. RTCCнинг жорий этилиши қотилликлар билан боғлиқ ишларни тартибга солиш, умуман олганда, жиноятчилик кўрсаткичларининг пасайишига олиб келди.

«CiscoSystemsTM»  – Ақлли + уланган жамиятлар. Cisco 2009 йили шаҳар инфратузилмаси тармоқларини яратиш ва интеллектуаллаштиришни кўзда тутувчи «Smart + Connected CommunitiesTM»  лойиҳасини татбиқ этди. Бу лойиҳа ўзаги бинодаги қурилмаларни бирлаштирувчи тармоқ медиатори технологияси саналади. Унинг хонадонларда, ишхоналарда, шифохона ва мактабларда қўлланилиши кенгайиб боряпти.

Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибдики, «ақлли шаҳарлар»ни қуриш ҳар бир мамлакат учун ҳаётий зарурат, уларнинг тараққиёти ва гуллаб-яшнаши учун муҳим омил саналади. Бундан ягона хулоса келиб чиқади: саноат шаҳарларини «ақлли шаҳарлар»га айлантириш умумжаҳон тренди саналиб, Ўзбекистон шаҳарларида ҳам яқин истиқболда буни бемалол уддалаш мумкин. Фақат бунинг учун бошқарув, стандартлар, баҳолаш, мақсад ва вазифаларни, умуман, барча мезонларни тубдан қайта қуриш лозим. Ҳудудларнинг ресурс потенциалига бошқача ёндашув, белгиланган мақсадларга эришишнинг янги йўлларини топиш талаб этилади.

Янги тараққиётда фуқароларнинг интеллектуал ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шаҳар ҳаёти ва уни бошқаришдаги фаоллиги асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланади. Бу жараёнда қабул қилинаётган қарорлар шаффофлиги ва уларнинг мониторинги жуда муҳим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг