Шерзод Шерматов Нурафшондаги кампус қурилиш майдонига борди
Бугун, 5 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг қурилаётган кампусини бориб кўрди.
Қурилиш жараёни билан яқиндан танишган вазир мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
ТАТУ Нурафшон филилали кампуси замонавий ўқув ва тураржой мажмуаси шаклида бунёд этилиб, талабалар учун барча шароитлар муҳайё этилади: университет, техникум, 630 ўринли талабалар тураржойи, ўқув лабораторияси, спорт иншооти ва бошқалар.
Шерзод Шерматов «филиал ичида филиал» (IT-парк) очиб, илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, қолаверса, дам олиш учун имкониятларни яратиш бўйича ҳам таклифлар берди.
ТАТУ Нурафшон филилали кампусида IT-парк филиалининг очилиши самарали назарий ва амалий ўқув тизимини ташкил этиш, ёшларнинг салоҳиятини ошириш, уларга ўз стартап ғоя ва бизнес лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Ўз навбатида, яқин келажакда маҳаллий ёшларнинг бандлиги оширилиб, юқори маошли касбларни эгаллашига замин яратади. Мақсад: Нурафшон филиалида замонавий IT-кластерни барпо этиш.
«Яна бир муҳим масала — ёшларнинг ўқишдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш. Филиал ҳудудида рекреацион зоналар ва яшил ҳудудларни барпо этиш керак», — деди вазир.
Маълумот учун: ТАТУ Нурафшон филиали 2021/2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлади. Университет ҳузурида фаолият юритувчи, олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган техникумлар ташкил этилмоқда. Ҳозирча ТАТУ Нурафшон филиали пойтахтдаги Тошкент ахборот технологиялари университети бош корпусининг биноларидан бирида фаолият олиб бормоқда. Филиалда 5 та бакалавриат ва 2 та магистратура йўналишида 224 нафар талаба таҳсил оляпти. 2022/2023 ўқув йилида филиалда 2 та янги бакалавриат таълим йўналишини ва 2 та магистратура ҳамда сиртқи таълим шаклини очиш, қабул квотасини 391 тага етказиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter