Тошкентда ёш ихтирочилар инновацион ҳафталиги ўтказилади
Республика Ёш олимлар кенгаши Тошкентдаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда мамлакатдаги ёш ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишига кўмаклашиш ҳамда халқаро кўргазмалардаги иштирокини таъминлаш мақсадида 7–12 май кунлари «InnoWeek» Республика ёш ихтирочиларининг инновацион ҳафталиги ўтказади. Бу ҳақда «Innoweek.polito.uz» сайтида хабар берилди.
«InnoWeek 2018» Республика ёш ихтирочиларининг инновацион ҳафталиги барча Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчилари ўртасида қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:
- Мехатроника ва Робототехника;
- Ахборот технологиялари (АТ);
- Архитектура ва дизайн.
«InnoWeek 2018» Республика ёш ихтирочиларининг инновацион ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад:
- Мехатроника ва робототехника, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн йўналишларига қизиқувчи, шунингдек, ушбу йўналишларда таҳсил олаётган ёшларни бирлаштириш ва соҳалар интеграциясини шакллантириш;
- Ҳафталик доирасида маҳаллий ва хорижий мутахассислар томонидан ўтказиладиган семинар-тренинг ва мастер-классларда тегишли фан соҳалари бўйича кўникмаларни ошириш, янги инновациялар билан танишиш;
- Республикамиздаги ёш олим ҳамда ихтирочиларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва моделларини ишлаб чиқаришга йўналтириш;
- Ёшларга техник ва технологик инновацияларни яратишда, ностандарт муқобил ечим топиш йўлларини ўргатиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter