Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия вакили уч асосий хатарни очиқлади

Туркия вакили уч асосий хатарни очиқлади

Рақамли диктатура, рақамли фашизм ва дезинформация жаҳон мамлакатлари, хусусан, туркий дунё ўлкаларининг мустақиллиги ва тараққиётига жиддий хавф солмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси матбуот ва телерадио бўлими раҳбари, доктор Ўғуз Гёксу Истанбулда бугун, 27 апрель куни бошланган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумидаги маърузасида гапирди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

«Бугун халқаро тартиб-таомил янгиланмоқда. Бунга эса технологиялар соҳасидаги эврилишлар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги ўқувчи (тингловчи, томошабин) оддий истеъмолчи эмас, балки ахборий муносабатнинг онгли иштирокчисидир. Айни чоқда, технологияларнинг шиддатли тараққиёти омилини ҳам унутмаслик керак», – дейди доктор Ўғуз Гёксу.

Кейинги йилларда глобал технологик ширкатлар фавқулодда қудрат касб этмоқда. Ахборот-коммуникация бошқармаси вакилига кўра, бу ҳолатнинг салбий жиҳати ҳам мавжуд.

Гап шундаки, кўп миллионлаб фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотига эгалик қилаётган йирик технологик ширкатлар уларни ўз манфаати йўлида тасарруф этишга уринмоқда. Бу эса  рақамли диктатура деб аталган янги бир феномонни юзага келтирди.

Боз устига, йирик ширкатлар глобал миқёсда аудиторияни ўз йўриғига солиш, манипуляция қилиш йўлидан бормоқда.

Исломофия, туркофобия каби иллатлар эса рақамли фашизм тегирмонига сув қуймоқда.

Геосиёсий беқарорлик ва ахборий хуружлар бир неча юз миллионлик нуфусга эга турк дунёси тараққиётига ҳам жиддий хатар туғдирмоқда.

«Яқингача туркий дунё ўзини ахборий хуружлардан муносиб даражада ҳимоя қила олмагандир эҳтимол. Аммо вазият ўзармоқда. Хусусан, Иккинчи Қорабоғ урушида даврида биз ёлғон ва сохта ахборотга қарши кураш орқали вазият ўзгараётганини кўрсата олдик. Таъбир жоиз бўлса, Қорабоғ урушида нафақат муҳораба майдонида, балки ахборий платформада ҳам ғалабага эришилди», – дейди доктор Гёксу.

Нотиқнинг таъкидлашича, бугунги кунда давлатларнинг мустақиллиги рақамли мустақилликни ҳам таъминламоқни талаб этмоқда. Янада аниқроқ айтганда, ахборий хавфсизлик миллий хавфсизликнинг таркибий қисмига айланди.

Шунга кўра, у туркий давлатлар нафақат сиёсат, иқтисодиёт, маданият, балки ахборот жабҳасида, хусусан, рақамли фашизм, исломофия, туркофобия, кибержиноятларга қарши курашда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи кераклигини таъкидлади. Айни чоқда, рақамли саводхонликни кучайтириш муҳимлиги уқтирилди.

Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси вакили туркий халқларнинг атоқли маърифатпарвари Исмоил Ғаспиралининг «Тилда, фикрда ва ишда бирлик» ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини қайд этди.

Маълумот ўрнида, Истанбулда ўтаётган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Шимолий Кипр, Венгрия қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг